Светлана Ортиқованинг янги лавозими, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасига ҳужум, йўқолиб топилган Абдуллоҳ ва ҳафтанинг бошқа хабарлари
Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.
ОЛИЙ ТАЪЛИМДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ
5 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида президент маслаҳатчилари Шерзод Кудбиев ва Абдужаббор Абдувоҳидов ҳамда ДХХ, прокуратура органлари вакиллари бошчилигида ўтказилган йиғилишда 2016 йилдан буён университетга раҳбарлик қилиб келган Баҳодир Ходиев ўз лавозимидан озод этилди.
Йиғилишда бундан буён қабул жараёнидан бошлаб битириш жараёнига қадар очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосий бўлиши, бунга қарши чиққанларга эса қатъий жазо кўрилиши, «Нархоз»да ҳам катта тозалаш ишлари ҳам амалга оширилиши таъкидланди.
Халқ орасида «Нархоз» номини олган университетга Турин политехника университетида проректор ва ректор лавозимларидаги фаолияти орқали кўзга кўринган, сўнгги вақтларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган Конгратбой Шарипов янги ректор бўлди.
Ижтимоий тармоқларда собиқ ректор (собиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазири) Ҳодиевни ҳимоя қилиб, уни коррупцияда айблаш хатолиги таъкидланган бир қанча постлар ёзилди. Ҳатто ректор ишдан бўшатилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган блогер Хушнудбек Худойбердиевга таъна тошлари отилди.
Ўзбекистон Президентининг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев эса университетнинг собиқ раҳбари ишдан олинган йиғилишда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида салбий ҳолатлар кузатилгани, бундан кейин ҳам олий таълим тизимида ўрганишлар давом этиши, шу каби ҳолатлар аниқланса, айбдорларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини айтгани маълум бўлди.
Кейинроқ университетлар ректорлари оммавий равишда коррупцияни ёмонлаб чиқишди.
СВЕТЛАНА ОРТИҚОВА ЯНА НИҒМАТИЛЛА ЙЎЛДОШЕВГА ЎРИНБОСАР БЎЛДИ
2015 йилдан буён Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари сифатида ишлаб келган Светлана Ортиқова Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари этиб тайинланди.
Президент фармони билан сенатор Светлана Боймирзаевна Ортиқованинг ваколати муддатидан аввал тугатилди.
У энди ўзи Сенатда 2015 йилдан 2019 йилга қадар ўринбосари бўлган Сенатнинг собиқ раиси, 2019 йил ёзидан буён Ўзбекистон бош прокурорига айланган Ниғматилла Йўлдошевга ўринбосарлик қилади.
ЎЗБЕКИСТОН ВА ТОЖИКИСТОН ЧЕГАРАСИДАГИ ПОСТГА ҲУЖУМ
6 ноябрь куни Тожикистон ИИВ 5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилгани, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг автоматларини эгаллаб олгани, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилингани ва 5 нафар жангари қўлга олингани Тожикистон томондан бир нафар чегарачи ва милиция нозири ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.
Кўп вақт ўтмай Россиядаги нашрлар ўз манбаларига асосланган ҳолда бу ҳужум Афғонистон ҳудудидан қочиб ўтган ИШИД террорчилари томонидан уюштирилгани ҳақида хабар тарқатди.
Бу хабарлар ортидан Ўзбекистон чегарачилари Тожикистон билан чегарадош ҳудудларни қўриқлашни кучайтирди, Қирғизистон томони ушбу ҳужум юзасидан хавотир билдирди, МДҲ давлатлари тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлашда КХШТга ёрдам беришга тайёрлиги, МДҲ чегара хизматлари гуруҳи 2020 йилда ҳарбий машғулот ўтказиши ҳақида хабар тарқалди, 7 ноябрь куни Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилди.
Шу куни Афғонистон ҳукумати ИШИД террорчиларининг мамлакат ҳудудидан Тожикистонга ўтиб, 6 ноябрда чегара постига ҳужум уюштиргани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
Тожикистон давлат хавфсизлик органлари фахрийси Давлатхўжа Назиров ҳам ИШИДнинг чегара заставасига ҳужуми ҳақидаги версия ишончсизлиги ҳақида айтиб ўтди. Тожикистон ИИВ матбуот хизмати эса чегара заставасига ҳужум қилганларнинг аксарияти тожикистонликлар, улар орасида аёллар ҳам бўлгани ҳақида маълумот берди.
Телеграмдаги davletovuz канали ушбу ҳодисани «шубҳа ва тасодифларга тўла террорчилик ҳаракати» деб атади. «Узоқ вақт Россия оммавий ахборот воситалари маълум миқдордаги террористлар Суриядан Афғонистонга улоқтирилгани ҳақида роса ёзди. Террористлар ҳам шунча аҳоли пункти қолиб Ўзбекистон чегараси яқинидаги заставага ҳужум қилибди. Нима эмиш: «энг қулай жой эмиш», дея бу хабарлар асосан Россия оммавий ахборот воситалари томонидан ёзилаётганига эътибор қаратди канал муаллифи.
АБДУЛЛОҲ ҚАЕРДА?!
2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Абдуллоҳ қаерда?» сарлавҳаси остидаги пост тарқалди. Унда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳировнинг 20 яшар ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафтадан буён дарагини бермаётганига оид фикрлар баён этилган. Kun.uz мухбири мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида йўқолиб қолган йигитнинг отаси, оила ёллаган адвокат ва вилоят ИИБ расмийси билан суҳбатлашди.
Отаси Абдуллоҳ ўз бошқарувидаги автомобилда вилоят ИИБнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев бошқарувидаги автомобил билан тўқнашиб кетгани, шикастланган машинани устахонага олиб боришгани, шу орада машинани видеога ҳам олишгани, айнан шу ҳаракат ўғли олиб кетилишига сабаб бўлгани ҳақида гапирган. Андижондаги ИИБ ходимлари эса «Абдуллоҳ Россияда ишлаб юрганида нозик одамларни сўкиб қўйгани, шунга Тошкентга олиб кетилгани» ҳақида маълумот берган.
Ҳафта давомида ижтимоий тармоқ «Абдуллоҳни излади».
Ёшлар иттифоқи Абдуллоҳ бўйича расмий баёнот бериб, ташкилот ушбу ҳодиса бўйича ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, у билан Ички ишлар вазирлиги эмас, бошқа идора шуғулланаётгани ва тез орада расмий маълумот берилиши кутилаётгани ҳақида маълум қилди.
«Адолат» социал-демократлар партияси ҳам Абдуллоҳ воқеасига муносабат билдириб, у агар жиноят содир этган бўлса қонунан жазоланиши кераклигини эслатди.
8 ноябрь куни кечқурун Абдуллоҳ Тоҳировнинг дараги чиқди. Дастлаб унинг отаси у топилгани ва Тошкентдан Андижонга қайтаётганини маълум қилди. Кўп ўтмай Абдуллоҳнинг ўзи видеомурожаат орқали чиқиш қилиб, ўзи ҳақида қайғурганларга миннатдорчилик билдирди.
ЎЗБЕКИСТОНГА ХУСУСИЙ ТУҒРУҚХОНАЛАР
9 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Туркистон» санъат саройида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди ва президентнинг соҳа ходимларига табриги ўқиб эшиттирилди. Президент фармонига мувофиқ бир гуруҳ тиббиёт ходимлари мукофотланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам қамровини янада кенгайтириш ва сифатини ошириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда хусусий туғруқхоналар ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистонда президент қарори билан аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш билан шуғулланувчи алоҳида кенгаш ҳамда республика болалар тиббий реабилитация маркази ташкил этилди, тиббиёт соҳаси бўйича янги олий таълим муассасаси ташкил этилиши ҳам мумкин. Президент қарорида Ўзбекистонда 2023 йилгача Болалар жарроҳлиги тиббий маркази қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Мавзуга оид
20:07 / 14.11.2021
«Вақт машинасида қоронғи 2016 йилга бориб келамиз» – блогерларнинг ҳафта мавзулари
22:10 / 07.11.2021
Ҳайкалга миллиардлар, чангда қолган Тошкент, блокланган тармоқлар – блогерларнинг ҳафта мавзулари
19:58 / 24.10.2021
«Канада ва Ўзбекистондаги ҳокимлар фарқи» — блогерларнинг ҳафта мавзулари
16:47 / 17.10.2021