Иқтисодиёт | 16:47 / 17.10.2021
46571
6 дақиқада ўқилади

Тўрт карра қимматлаган лойиҳа ва «камбағал» ўзбеклар – блогерларнинг ҳафта мавзулари

Якунланган ҳафтада ўзбек интернет сегментида блогерлар бир қанча қизиқ мавзуларни қаламга олишди. Kun.uz шундай мавзулар бўйича ёзилган постларни тўплади.

1 трлн 723 млрд сўмлик лойиҳа ва вазир қариндошлари

Davletov.uz канали Ислом цивилизацияси маркази қурилишига алоқадор шахслар ҳақида ёзди.

«Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қурилиши учун тахминан 1 триллион 723 млрд сўм сарфланиши кўзда тутилмоқда экан. Марказий банк курси билан ҳисоблаганда 161,5 млн долларни ташкил қилади.

Қурилиш билан «Трест-12» акциядорлик жамияти шуғулланмоқда. Мазкур компаниянинг улушига Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан бирга қурилиш вазири Ботир Зокировнинг қариндошлари қисман эгалик қилади», — дея кузатувларини маълум қилди у.

«Айрим такрорланувчи хулосалар: агар Нигерия бўлмасак»иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам юқоридаги мавзу ҳақида фикрларини ёзиб қолдирди.

«Davletov.uz қиймати 1 триллион 723 миллиард сўмлик Ислом цивилизацияси маркази қурилиши қурилиш вазири Ботир Зокиров билан аффилланган «Трест-12» акциядорлик жамиятига топширилгани ҳақида ёзди. Оқшом Gazeta.uz бу ахборотни қўшимча маълумотлар билан тўлдирди. Лойиҳа қиймати у бошлангандан буён 4 карра қимматлаган», — деб ёзди у.

Иқтисодчи қурилиш соҳасида бир қатор ўзгаришлар қилиш кераклигини таъкидлади.

«Биринчидан, қурилиш ишларини лойиҳа-смета ишлари билан баравар олиб боришни бутунлай тўхтатиш лозим. Президент ё ҳукумат қарори деган лазейкани ҳам қолдирмаслик зарур. Тасдиқланган лойиҳа йўқми, лойиҳачида ҳам, буюртмачида ҳам, пудратчида ҳам ҳеч қандай масъулият ва жавобгарлик бўлмайди. Демак, чексиз-чегарасиз ўғирлаш, ўзлаштириш мумкин бўлади. Лойиҳа қиймати каррасига ошаверади.

Иккинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ва кейинчалик давлат ихтиёрида қоладиган объектларни ҳомийлик ҳисобидан қуришни тўхтатиш керак. Қонун йўли билан. Бу схема миллиардларни ўмариб миллионларни садақа қиладиган муттаҳам олигархларнинг схемаси. Алдов схемаси. Бу ерда мораль масаласи ҳам бор: ўғридан пул олиб масжид қурмаслик керак.

Учинчидан, тижорий бўлмаган, ижтимоий аҳамиятга эга объектларнинг қийматини маъқуллаш молиялаштириладиган манбага қараб парламент ва тегишли кенгашлардан тасдиқланиши лозим. Майли, бу жараёнга бир неча ойлар кетсин. Эътибор беринг, Ислом цивилизацияси маркази қиймати консолидациялашган бюджетимизнинг 1 фоизини ташкил этади. Масалан, солиштириш учун, фанни ривожлантириш дастурларига бюджетимизда бундан 10 баробар камроқ харажат мўлжалланган. Қурилаётган объектлар номма-ном, лойиҳама-лойиҳа парламент ва кенгашлар тасдиғидан ўтмаса, ижро органи ва ҳокимлар билган номаъқулини еяверишади», — деб ёзди у.

Ҳафта давомида ўзбек блогосферасида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг  Ўзбекистонда кўпчилик ўзини нисбий равишда камбағал деб ўйлаши ҳақидаги мақоласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. 

«Менда ўзбекистонликларнинг нисбий бойликлари ҳақида фикрлар бор. Ўзбекистонда кўпчилик ўзини нисбий равишда камбағал деб ўйлайди. Масалан, “Мен қийналган оилада катта бўлганман”, дейди бир танишим. Кейин қизиқсам, ёшлигида отасида машина бўлган экан. Машина дегани катта бойлик эмас, лекин унинг ёшлигида машинаси бор хонадон мамлакатдаги энг бой уй хўжаликларига кирар эди, чунки ўша пайт мамлакатда 500 мингдан сал кўп автомобил бор эди.

Ёки бошқа мисол, мактабингизда ҳозир сув бўлса, демак, сиз 1/3 сувсиз мактабларга бормагансиз. Агар 20 йил олдин мактабингизда сув бўлган бўлса, сиз ўртача мактабда ўқимагансиз ва ҳоказо ва ҳоказо. Лекин бу менинг шахсий кузатувларим. Яъни ўзбекистонликлар, ўзлари нисбатан бой бўлсалар-да, ўзларини нисбатан камбағал деб ўйлашлари қизиқ эди. Бу кўпгина мамлакатларда кузатиладиган феномен тенгсизликка ҳам жуда қизиқ қарашга олиб келади. Яъни кўп бой (нисбий) ўзбекистонликлар ўзларини камбағал деб ўйлайдилар ва агар тўғри тақсимланса, уларда ўша адолатли тақсимловни фойда кўрувчиси деб ўйлайдилар. Бу, албатта, хавфли. Менинг кузатувларимга далил борлигидан жуда ҳам таажжубландим.

Машҳур америкалик иқтисодчи Тризман янги мақоласида Ўзбекистон ҳақида алоҳида тўхталган.

Иқтибос:

«Ўзбекистонликларнинг атиги 3 фоизида иккинчи уйи мавжуд, лекин иккинчи уйи бор ўзбекистонликларнинг деярли 2/3 қисми даромадларини миллий ўртача даражадан паст деб ҳисоблашар экан.

Шу қисми менга ниҳоятда қизиқ бўлди. Яъни энг бой ўзбекистонликларнинг 60 фоиздан кўпи ўзини ўрта даромаддан паст пул олади деб ўйлашади. Шу жойи қизиқ. Яъни ўзбекистонликларда реал ўрта даромадлар ҳақида тушунчалар жуда-жуда юқори. Қайтараман, Ўзбекистон шароитида, бир эмас, иккита уйи бор инсонларнинг аксарияти, ўзларини ўртача даромадли одам деб ўйлашмас экан. Бу нарса кўп Европа мамлакатларида ҳам мавжуд экан, уларда иккинчи уйи бор одамларнинг қарийб 40 фоизи ҳам, ўзларини ўртачадан кам даромад оламан деб ҳисоблайди», деб ёзди у телеграмдаги каналида.

«Заметки экономиста» канали асосчиси, иқтисодчи Ботир Қобилов эътибордан четда қолаётган кутубхоналар мавзусида ёзди ва бу мавзу муҳокамаларга сабаб бўлди. 

«Каналимнинг номига содиқ қолган ҳолда навбатдаги кузатувим:

Ўзбекистонда кутубхоналарнинг (ахборот ресурс марказлари) сони:

2000 йилда: 6027 та

2020 йилда: 400 та

Булардан, шаҳарларда:

2000 йилда: 1013 та

2020 йилда: 361 та

қишлоқларда:

2000 йилда: 5014 та

2020 йилда: 39 та (!!)

Яъни 20 йилда кутубхоналаримизнинг сони 93 фоизга (!) қисқарган. Бундан хулосани ўзингиз қилаверинг.

Кутубхона бу фақатгина китоблар сақланадиган ва фақат ўша китобларни ўқиш учун бориладиган оддий бино эмас. Улар ҳатто фақат билим олинадиган жой ҳам эмас. Фуқаролик жамияти ривожланишида, кутубхоналарнинг, айниқса, жамоат кутубхоналарининг ўрни беқиёс», — деб ёзди у.

Мавзуга оид