Жамият | 16:58 / 14.11.2019
49639
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ билан яшаб келгани аниқланди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350та оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.

Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила институтини мустаҳкамлаш мавзусига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

2018 йил июлидан ФҲДЁ идоралари туман ва шаҳар ҳокими ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раисига бўйсундирилган эди. Шундан сўнг, маълум бўлишича, муддати ўтган (1 йилдан ошган) 13 минг 478та туғилганлик, 21 минг 219та никоҳ, 2 минг 163та ўлим гувоҳномаси расмийлаштирилиб, фуқароларга топширилган.

Фото: ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси

«Оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида республиканинг 96та туман ва шаҳарларида «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» ташкил этилди. Бу ерда никоҳни расмийлаштириш учун келган ёшлар бир ойлик ўқув курслари асосида оилавий ҳаётга тайёрланди.

Ҳозирга қадар жами 12 минг 564 нафар йигит-қиз замонавий усуллар асосида ўқитилди», – дейди Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова. 

Зулайҳо Маҳкамова / Фото: АОКА

Таъкидланишича, Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик асосида ажримга ариза берган оилаларни суҳбатдан ўтказиш ва ажрим ҳақида қўмита хулосасини олиш амалиёти йўлга қўйилган. Бунинг натижасида 21 мингдан ортиқ ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга эришилган.

Мавзуга оид