Ўзбекистон | 15:50 / 14.11.2019
17253
3 дақиқада ўқилади

Тергов департаменти Human бандлик агентлиги иши юзасидан айрим тафсилотларни маълум қилди

Фото: humanjob.uz

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш юзасидан айрим тафсилотларни маълум қилди.

Қайд этилишича, Тергов департаменти иш юритувида «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Билдирилишича, ҳозирда айрим шахслар ижтимоий тармоқларда «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбари Ш.Файзуллаевга нисбатан жиноят иши бўйича қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чораси қўлланилганлиги ва озодликда эканлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилмаётганлигини иддао қилиб, жабрланган фуқароларни ҳукумат идоралари олдида чиқишлар қилишга ундамоқдалар.

«Шу каби даъволар асоссиз ва тўғри эмасдир», - дейилади Тергов департаменти маълумотида.

Дастлабки тергов давомида Ш.Файзуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов эълон қилинган ва «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда у ИИВ ЖИEББга қарашли 1-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қопланишини таъминлаш мақсадида, Ш.Файзуллаев фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пул маблағлари ҳисобидан харид қилинган мол-мулкларни, шунингдек ўзлаштириб юборилган ва сарфланган пул маблағларни аниқлаб, уларни хатлаш чоралари кўрилмоқда.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

«Фуқаролардан норасмий маълумотларга ишонган ҳолда бирор-бир ҳуқуқбузарлик содир этишдан ўзларини тийишлари ҳамда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан жиноят иши бўйича бериб бориладиган расмий маълумотларга асосланишлари сўралади.

Шу ўринда, ҳурматли фуқаролар сизлардан, расмий ваколатли органлар томонидан тасдиқланмаган турли хил сохта маълумотлар ва ундовларга ишониб қолмаслигингизни сўраймиз, сабаби йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик маъмурий ва жиноий тартибда жазоланади», - дейилади хабарда.

Мавзуга оид