Ўзбекистон | 19:30 / 01.12.2019
39737
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда энергетик муаммога ечим, Тошкентдаги маслаҳатлашув якунлари, Сенатнинг навбатдаги мажлиси ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Норозиликлар

Ўзбекистонда совуқ кунлар бошланиши энергетика тизимидаги муаммоларни очиб ташлади. Бугунги кунда нафақат чекка ҳудудларда, балки катта шаҳарларда ва пойтахтда ҳам аҳоли электр энергияси, табиий газ, иситиш тизими ва бошқа муаммолардан азият чекмоқда. Ўтган ҳафтада бундай муаммолар турли ҳудудларда аҳолининг норозилик чиқишларига сабаб бўлди.

27 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида газ-заправка очилишини кутиб турган ҳайдовчилар ўзини «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ходими деб, заправканинг газ ҳисоблаш мосламасини олиб, заправкани «ўчириб кетгач», «Тошкент—Гулистон» йўлини тўсиб қўйгани тасвирланган видео тарқалди. 

Шу куни Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида ҳам табиий газ етиб бормаётганидан норози бўлган «Қирантау» овул фуқаролар йиғинига кирувчи Шўртанбай овули аҳолиси йўлни тўсиб, покришкаларини ёқишди. Иккала ҳолатда ҳам мутасаддилар норози одамлар билан музокаралар ўтказиб, муаммони ҳал этишган.

28 ноябрь куни эса Андижонда газ ва электр узилишларидан чарчаган аҳоли норозилик билдириб, кўчага чиққани тўғрисида хабарлар тарқалди. Норозилик акцияси Андижон шаҳрининг «Далварзин» ва унга чегарадош Олтинкўл туманининг «Қўштепа» маҳалласида электр тармоғида кўп узилишлар бўлаётганлиги ҳамда табиий газ етказиб берилмаётгани ортидан келиб чиққанди.

27 ноябрь куни Халқаро пресс-клубнинг сайловга бағишланган жонли эфир орқали эфирга узатилаётган пресс-конференцияси вақтида электр таъминотида узилиш рўй берди ва тадбир иштирокчилари тахминан 5 дақиқа давомида чироқсиз қолиб кетди.

Шу вақтда Тошкент метросидаги учта бекатда ҳам чироқлар ўчиб қолди.

Ҳукумат реакцияси

28 ноябрь куни Энергетика вазирлигининг электр энергияси тизимидаги узилишлар ва носозликлар бўйича берган изоҳи  эртакка қиёсланди.

«Миллионлаб одамлар азоб чекаётган бир пайтда вазирлигимиз бир олимнинг фикри билан халқимизга эртак тўқибди. Зиғирча айбдорлик ҳисси йўқ, пешонанг ерга теккунча узр сўрамайсанми ундан кўра. Цинизм», дейди Davletovuz канали муаллифи.  

Энергетик муаммолар сабабли 28 ноябрь куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда бош вазир «ҳали қиш келмасидан энергоресурслар таъминотидан жиддий муаммолар пайдо бўлгани, ҳатто метро ва телевидениеда ҳам электр энергияси таъминоти билан боғлиқ нохуш ҳолатлар» юз берганини кескин танқид қилган ва буни «шармандали» деб атаган.

«Об-ҳаво кескин пасайиб кетиши сабабли, ушбу мактабларда ўқувчилар совуқ хоналарда кийим-бош билан таълим олишга мажбур бўлмоқда. Шундай ҳолатда ҳам бу соҳага масъул раҳбарлар иссиққина хоналарида бемалол ўтиришибди», деган вазир.

30 ноябрь куни Ўзбекистон Туркманистондан электр энергиясини импорт қилишга қарор қилгани маълум бўлди. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 2019 йил 1 декабрь санасидан республикамиз электр энергияси таъминотида ижобий ўзгаришлар рўй бериб, тармоқдаги чекловлар кескин камайишини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон табиий газ ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рўйхатида топ-15ликда жойлашган.

Телеграмдаги bakiroo канали муаллифи энергетик муаммоларни ҳал қилиш учун амалга оширилиши керак бўлган беш вазифани санади:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай катта ё кичик янги генерацияни (шамол, қуёш, гидро, ёқилғи - фарқи йўқ) ҳар қандай солиқлардан беш йил муддатга озод қилиш;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай катта ё кичик янги генерацияни магистраль тармоқларга чекловларсиз ва бепул уланишини ва охирги истеъмолчига бевосита сотиш имкониятини яратиш;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай катта ё кичик янги генерация тарифларини камида беш йилга эркин деб эълон қилиш ва  нархларни тартибга солмаслик;
  • мавжуд ИЭС, ГЭС ва бошқа ишлаб турган станцияларни турли ie,=fkb схемалар орқали ишончли бошқарувга беришни буткул тўхтатиш. Бу миллий манфаатларга тўғридан тўғри зарар келтириш дегани (хиёнат деган категория ҳуқуқда йўқ). Энергоактивларни сотиш лозим бўлса, уларни фақат эркин конкурс ва савдоларда сотилиши керак.
  • фақат эркин савдоларда ва бозор нархида генерация активларини сотиб олган инвесторгина ишлаб чиқарган электр энергиясини бозор нархида сотиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳатлашуви

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашуви учрашуви бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев маслаҳат учрашувида муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Тадбир доирасида Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари, шунингдек, Қозоғистон биринчи президентини қабул қилди, Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фахрий академиги унвони берилди, Нурсултон Назарбоев эса Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви фахрий раиси мақомини олди. 

Ўзбекистон президенти Марказий Осиё давлатларининг ўзаро яқинлашуви - ортга қайтмайдиган жараён эканини таъкидлади.

Сиёсатчиларнинг кейинги учрашуви кейинги йили Қирғизистонда ўтказилади.

Кузатувчилар Тошкентдаги учрашувни тарихий деб атади — Марказий Осиёнинг ҳақиқий етакчилари анчадан бери бундан таркибда ва бундай форматда йиғилмаган эди.

«Аслида бу учрашув жорий йил Наврўз арафасида бўлиши керак эди. Аммо Қозоғистондаги сиёсий ўзгаришлар сабаб ушбу учрашув кейинроққа қолдирилган эди.

Тошкентдаги учрашув, аввало, тўлақонли эканлиги билан аҳамиятлидир. Яъни биринчи учрашувда Туркманистон раҳбари қатнашмаган эди. Ўзбек дипломатияси бу борада фаол иш олиб боргани аниқ, тасанно дейиш мумкин. Гарчи инжиқ бўлса-да, Арқадағнинг ҳам кўнглига йўл топган, назаримизда. Ўтган йили Туркманистон раҳбари бу тузилмани доимий ва кун тартиби аниқ бўлишини сўраган эди. Дарвоқе, элбошининг мазкур учрашувдаги иштироки маслаҳат учрашувининг аҳамиятини яна бир марта кўрсатади. 

Иккинчидан, ташаббус Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилиб, расмий Остона илк мулоқот майдонини таклиф қилган эди. Расмий Тошкент гарчи ушбу учрашувлар ташаббускори бўлса-да, буни умумий ният, истак деб кўрсатиб келади. Учрашув формати барча тарафлар учун манфаатли эканлигини кўрсатаяпти. 

Учинчидан, мазкур учрашув катта оғаларсиз, ташқи ўйинчиларсиз, уларнинг воситачилигисиз амалга ошаётгани билан ҳам жуда муҳимдир. Одатда минтақа раҳбарлари Хитой ёки Россия таъсиридаги турли тадбирлар доирасидагина учрашиб туришар эди. Энди эса ўзлари ҳам бемалол тўпланиши, соатларини тўғирлаб олишлари мумкин. Бу учрашувнинг давом этаётгани шунга умид бағишлайди. Шу маънода учинчи маслаҳат учрашуви қаерда ўтиши жуда муҳим.

Тўртинчидан, ташқи сиёсатда жуда кўп нарсалар, айниқса, ўзаро муаммолар норасмий учрашувларда, ўзаро мулоқотларда ҳал этилади. Бугун минтақа мамлакатлари, масалан, Тожикистон ва Қирғизистон айрим муаммоларга эга, у ҳам ортиқча эмоциясиз ҳал қилинаяпти. Бундай учрашувлар эса истиқболда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммони тинч, музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун муҳим пойдевордир.

Бешинчидан, маслаҳат учрашувида эҳтимол қандайдир шартномалар, иқтисодий битимлар имзоланмасдир. Бу ҳозирги ҳолатда муҳим эмас. Қуруқ мулоқот нега керак, деб ҳафсаласизликка берилмаслик керак. Муҳими бешта мамлакат лидерлари доимий равишда кўришиб туришидан минтақа халқлари ютади. Дийдор кўришиш афзаллиги ҳақида халқимизда турли мақоллар борлиги бежиз эмас», дея ёзади Davletov канали.

Сенатнинг навбатдаги йиғилиши

30 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. 19та масала муҳокама қилинган йиғилиш Сенатнинг веб-сайти, YouTube ва Facebook’даги каналларида онлайн режимида трансляция қилиб борилди.

Танзила Норбоева: «Журналистлар билан мулоқотни одат қилишимиз, этика қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур»

«Тошкент-Самарқанд» йўналишидаги пулли йўл қурилиши нега чўзилиб кетганига изоҳ берилди

«Ҳокимлар ўрнак бўлиши керак» — Эркинжон Турдимов ОАВ билан ҳамкорлик ҳақида

Порахўрликни йўқ қилиш учун фақатгина жазо, репрессив чоралар кифоя эмас — Содиқ Сафоев

Азиз Абдуҳакимов: «Мактабларга кўмаклашиш ўзига хос миллий ҳаракатга айланди»

Қўчқоров: 2020 йилдан бошлаб мобиль алоқа учун акциз солиғи миқдори аҳоли сонидан келиб чиқиб қайта тақсимланади

Вазирлар, ҳокимлар ва бошқа амалдорлар яна Сенатда (фоторепортаж)

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати якунлари

Ўзбекистон Суперлигасининг яна бир мавсуми якунланди. Мавсумда совринли ўринлар Тошкент жамоаларига насиб қилди, «Пахтакор» муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштирган (69), иккинчи ўринни эгаллаган «Локомотив» ҳам охирги турларни расмиятчилик учун ўтказган (49) бўлса, ОЧЛга йўлланма берувчи учинчи ўрин учун кураш сўнгги турга қадар давом этди ва якунда ўзаро ўйинда «Сўғдиёна» билан керакли ҳисоб қайд эта олган (1:1) «Бунёдкор» (43) бронза медаллар ва ОЧЛ йўлланмасига эга чиқди, «Сўғдиёна» (40) тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Шунингдек, турнир жадвалининг қуйи қисмида ҳам лигада қолиш учун жиддий рақобат кечди. Сўнгги турда «Динамо» сафарда «Насаф»ни енгди (2:1), лекин параллел кечган учрашувда «Бухоро» ОКМКни ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда белгиланган пенальтини аниқ ижро этиб ғалабага эришди (2:1).

«Қизилқум» эса «Андижон»га қарши икки кун давом этган ўйинда (30 ноябрь куни водийда қуюқ туман тушгач, ўйин биринчи бўлимда, ҳисоб 0:0 кўринишида эканида якунланганди) мағлуб бўлсада, лигада қолди. Чунки, сўнгги учликдаги жамоаларнинг барчасида 24тадан очко юзага келгач, ўзаро ўйинларда энг кам очко олган самарқандликлар жамоаси қуйи лигага равона бўлди.

«Бунёдкор» клубини мавсум якунларига кўра икки футболчи тарк этиши аниқ бўлиб улгурди. Жамоа сардори ва дарвозабони Мурод Зуҳуров 36 ёшида футболчилик фаолиятини якунлаган бўлса, 17 ёшли Жасур Жалолиддинов «Сўғдиёна»га қарши ўйиндан кейин жамоа мухлислари билан хайрлашди - аввалроқ у фаолиятини Италияда, Филиппо Индзаги бошқарувидаги «Беневенто» жамоасида давом эттириши маълум бўлганди.

Суперлигани яна бир шахс тарк этмоқда - «Локомотив» билан кумуш медаллар соҳиби бўлган Самвел Бабаян энди Хитойда ишлайди. У Анзур Исмоиловнинг собиқ жамоаси «Чанчунг Ятай» билан келишувга эришган.

16 йиллик фаолиятида беш марта Осиёнинг энг яхши ҳаками номига лойиқ кўрилган Равшан Эрматов ҳакамлик ишига якун ясади.  Эрматов ОФК қароргоҳида ташкил этилган махсус маросимда ОФК томонидан Осиё футболига қўшган ҳиссаси учун махсус соврин билан тақдирланди. Эрматов учта жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашган ва унда рекорд даражада (11 ўйин) кўп учрашувда ишлаган.

«Пахтакор» стадиони ҳам кейинги мавсумда Суперлига ўйинлари учун хизмат қилмайди. Клуб раҳбарияти стадионни қайтадан қурмоқчи, айни вақтда лойиҳалар танланмоқда.

Мавзуга оид