Ўзбекистон | 17:45 / 06.12.2019
238470
4 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримова яна бир жиноий уюшма тузгани маълум қилинди

Бош прокуратура Гулнора Каримовага нисбатан янги жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунига етгани ҳақида маълумот берди. У ўлпон йиғиш ва қўрқитиб, мулкларни тортиб олишда айбланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан жиноий гуруҳ тузиш бўйича яна бир жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида ахборот берди. Маълум қилинишича, мазкур жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан Г.Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд. АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Муқаддам хабар берилганидек, мазкур ҳамкорлик давомида халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Г.Каримованинг илгари эълон қилинган ҳукмларда назарда тутилмаган янги жиноятлари тўғрисида хабарлар келиб тушди. Ушбулар янги очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлди. 

Тергов жараёнида аниқланишича, Г.Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бўлган бир неча уюшган жиноий гуруҳларни ташкил этган ҳолда жиноий уюшмани бошқариб келган.

Г.Каримова ва унинг жиноий шериклари уюшган жиноий гуруҳлар таркибида содир этган жиноятлар учун суд томонидан тайинланган жазони ўтаб келишмоқда. 

Ҳозирги кунда, тергов томонидан Г.Каримова унга республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланди. 

Бундан ташқари, Г.Каримова фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўллари орқали уларнинг мулкларини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.

Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилди. 

Г.Каримовага Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларини содир этганлиги бўйича янги айблов эълон қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг ажрими билан Г.Каримовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Жиноят иши тергови жараёнида Г.Каримованинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўзи ва яқин қариндошлари томонидан жалб қилинган 7 нафар адвокатлар ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, адвокатларнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки ва у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган. 

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланган бўлиб, Г.Каримова жиноят иши ҳужжатлари билан адвокатлар иштирокида танишиб чиқмоқда», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

У Ўзбeкистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда бeркитиш каби жиноятларда айбланган.

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилган.

2017 йилнинг 18 декабрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Гулнора Каримовага жазо 2018 йилнинг 1 июлида 5 йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилгани, шунингдек чекловларни бузгани учун 2019 йилда Зангиотадаги қамоқхонага қайтарилган.

Гулнора Каримова энди унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддатини умумий тартибли колонияда ўтамоқда.

Мавзуга оид