Жаҳон | 21:50 / 06.12.2019
5558
2 дақиқада ўқилади

Индонезия президенти амалдорлар ўрнига алгоритмлардан фойдаланиш ҳақида кўрсатма берди

Жоко Видодо автоматлаштириш коррупция ва ортиқча бюрократияни енгиш имконини беришига умид билдиряпти. Бу каби дадил қарор мамлакатни хом ашё иқтисодиётидан юқори технологик товарлар ишлаб чиқарувчи иқтисодиётга айлантиришда кўмак бериши лозим. 

Кенг кўламли коррупция Индонезия учун жиддий муаммо бўлиб қоляпти. Айрим сўровномаларга кўра, давлат хизматчиларининг ярмига яқини пора олади. Бу эса мамлакат учун йилига юзлаб миллион долларга айланмоқда. Бундан ташқари, давлат хизматлари ўта бюрократик.

Мамлакат президенти Жоко Видодо муаммонинг радиакал ечимини таклиф қилди. У амалдорларнинг бир қисмини сунъий идрок билан алмаштириш ҳақида фармойиш чиқарди. Видодонинг амалдаги коалицияси Индонезия парламентидаги 74 фоиз ўринларни эгаллаши ҳисобга олинадиган бўлса, президентнинг ҳар қандай ташаббуси шубҳасиз маъқулланади. 

ZME Science’нинг хабар беришича, гап бизнесни назорат қилувчи давлат органларини ислоҳ қилиш ҳақида кетяпти. Ҳозирда улар тўрт даражадан иборат. Видодо уларни иккитагача қисқартирмоқчи. Сунъий идрокдан фойдаланиш қисқартиришга тушган давлат хизматчилари ўрнини босиш имконини беради.

Президент мазкур ислоҳот бизнес ривожланишига ҳисса қўшиб, мамлакатга хом ашё экспортидан юқори технологик товарлар, масалан, электромобилларни ишлаб чиқишга ўтилишида ёрдам беришига умид қиляпти.

Индонезияда алгоритмлардан айнан қандай фойдаланилиши режалаштирилаётгани ҳали аниқ эмас. Шунга қарамай, бу ҳатто ривожланаётган мамлакатларда ҳозирнинг ўзидаёқ сунъий идрок инсонлар ўрнини босаётганини кўрсатувчи аниқ белгидир. 

Масалан, АҚШда автоматлаштириш шиддат билан давом этмоқда. Тўғри, бу ерда роботлар амалдорлар эмас, ишчилар ўрнини эгаллаяпти. Ҳозирча салбий таъсир у қадар сезиларли эмас, бироқ жўшқин иқтисодий ўсиш ана шу таъсирни яшираётган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид