«Бундан кўра самарали восита йўқ» — Президент жамоатчилик назорати ва сўз эркинлиги ҳақида
Маросимда маъруза қилган президент демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги масалалари алоҳида эътибор қаратди.
Бугун 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент ўз нутқида Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқлигига урғу берди.
«Халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади.
Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда.
Якунланаётган йилда Давлат бюджети илк бор кенг муҳокама этилиб, очиқлик ва ошкоралик руҳида қабул қилинди. Унда турли вазирлик ва идоралар ҳар бир сўмни нимага ва қандай харажат қилиши аниқ кўрсатиб берилди.
Фуқароларимиз ва депутатларимиз билдирган фикрлар асосида мактабларга мебель ва компьютерлар харид қилиш учун бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобидан 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди. Бундай ижобий ҳолат бизнинг тажрибамизда биринчи марта юз бераётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ёки кўпчилигингиз хабардорсиз, кейинги пайтда жойларда дарахтларни оммавий равишда кесиш кучайиб кетган эди. Бу одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шунинг учун яқинда дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилинди. Бу ҳам жамоатчилик фикри қандай кучли таъсирга эга эканига мисол бўла олади.
Буларнинг бари одамларимизнинг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади.
Айни вақтда жамоатчилик назорати «бир томонлама восита»га айланиб қолмаслиги керак.
Давлат идоралари фақат фуқароларга эмас, балки ўзларига нисбатан танқидий фикрларни ҳам адолат билан, холис кўриб чиқишлари лозим. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, қурилиш ва ободончиликка оид қарорлар, дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиши шарт.
Яна бир масалага диққатингизни жалб қилмоқчиман.
Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак.
Судлар ва тергов идоралари бирон-бир иш юзасидан чиқарилган қарор бўйича фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар бериши зарур.
Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати – бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.
Шунинг учун Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси келгуси йилда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлиши ва ташаббус кўрсатиши лозим.
Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарур. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам доимо жамоатчилик назоратида бўлиши даркор», деди давлат раҳбари.
Президент оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам «жамият кўзгуси»га айланиши кераклигини таъкидлади.
«Сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган уч йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади.
Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир.
Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда.
Шу сабабли ҳам давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида уларнинг ҳар бирида матбуот хизмати иш бошлади.
Аслида, демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак.
Маълумки, бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга Интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнамоқда.
Давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш мақсадида биз фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий норманинг ижросини амалда тўлиқ таъминлашимиз зарур. Бунинг учун эса биринчи галда оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунчиликни такомиллаштириш керак ва биз бу борада фаол иш олиб бормоқдамиз.
Шу муносабат билан жамоатчилик назорати ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам ягона бир мақсадга, яъни халқимизни рози қилиш ва унинг турмушини яхшилашга қаратилганини ҳаммамиз бирдек англашимизни истардим.
Ҳар бир давлат органи ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга бўлиши, амалга ошираётган ишлари ҳақида, керак бўлса, ҳар куни батафсил маълумот бериб бориши шарт.
Яна бир марта такрорлайман, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди», дейди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024