Фарғоналик судьяларга нима бўлди? Ҳокимлар таъсиридан чиқа олмаётган судьяларнинг қарорлари Олий судда синмоқда
Кеча, 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокими И.Новиков жабрланувчи, чорвадор фермер эса ҳуқуқбузар сифатида ўтган маъмурий иш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Воқеа тафсилотлари ўқувчига тушунарлироқ бўлиши учун мозийга қайтамиз.
2019 йил 15 март куни Kun.uz сайтида, Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳудудида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермасидаги муаммолар ҳақида илк мақола эълон қилинди.
Унда фермер хўжалиги манзилли дастур асосида 2018 йили Германия давлатидан, ҳар бирининг нархи 2070 евро бўлган 99 бош наслли қорамол олиб келгани, бироқ туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун гиёҳ ҳам ўсмайдиган, нобоп ер майдони берилгани, бунинг оқибатида озуқа-ем тақчиллиги юз бериб, қорамоллар нобуд бўла бошлагани баён қилинган эди.
Мақола эълон қилингач, Қўштепа тумани ҳокими И.Новиков туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилиб, гўёки «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Абдуманноб Қосимов наслли молларининг ўлимига озуқа етишмаслиги, унга қумлоқ жойдан ер ажратилгани ва бошқа важлар билан унга нисбатан туҳмат қилганидан арз қилади.
Ишни ярим-чала ўрганган ва кимсан Қўштепа ҳокими И.Новиковнинг чизган чизиғидан чиқиб кета олмаган ИИБ профилактика инспектори эса «ўз вазифасини аъло даражада уддалаб», А.Қосимовни туман ҳокимига нисбатан туҳмат қилганликда айбли деб топади ва ишни маъмурий судга оширади.
Қўштепа тумани маъмурий суди мазкур ишни 22 май куни очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, А.Қосимовни ҳоким И.Новиковга туҳмат қилган деб топади ва энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида маъмурий жарима қўллайди.
Чорвадорнинг Қўштепа маъмурий суди қароридан норози бўлиб ёзган шикоятини вилоят маъмурий суди кассация инстанцияси кўриб чиқади ва жорий йилнинг 7 августидаги қарори билан дастлабки қарорни ўзгаришсиз, ўз кучида қолдиради.
Ўзининг ҳақлигига ишонган А.Қосимов адолат истаб Олий суд остонасига бош уради.
Иш тафсилотларини ҳар томонлама ва холис кўриб чиққан Олий суд судьяси М.Назаров жорий йил 9 декабрь куни адолатли қарор қабул қилди. Унга кўра, Қўштепа туман ва Фарғона вилоят маъмурий судларининг қарорлари бекор қилиниб, МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига асосан А.Қосимовнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқ деб топилди ва унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати тугатилди.
Таъкидлаш жоизки, Олий суд томонидан қабул қилинган мазкур қарор сўнгги бир ой ичида айнан фарғоналик судьялар томонидан йўл қўйилган хатоларнинг тузатилиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.
Энг ачинарлиси, ҳар иккала ҳолатда ҳам жабрланувчи тараф шахсан давлат раҳбари елкасида кўтариб юришга тайёр бўлган, халқнинг корига яровчи тадбиркорлар бўлса, даъвогарлар маҳаллий ҳокимлардир.
Умид қиламизки, бугун Олий суд қабул қилган қарор туман ва шаҳарлар судлари судьялари учун тегишли сигнал вазифасини ўтайди ва маҳаллий ҳокимларнинг таъсири остидан чиқиб, мустақил қарорлар қабул қилиш вақти етиб келганига яна бир бор ишора бўлиб хизмат қилади.
Журналист Элмурод Эрматов, Фарғона
Мавзуга оид
11:41 / 07.12.2024
“Тўппонча ўқталиб, отиб ташлайман деди” – “Саидазиз медгородок”ка яна бир “дело” бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
13:02 / 21.08.2024
Суд «Озодлик»ка 100 млн сўм тўлаш ва «газ чайқовчиси» ҳақидаги суриштирув бўйича раддия эълон қилишни юклади
18:36 / 13.08.2024