Ўзбекистон | 19:56 / 10.12.2019
152033
3 дақиқада ўқилади

Грегуар Манжага Ўзбекистонга кириш тақиқланди

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжага этика қоидаларини бузгани туфайли Ўзбекистонга кириш тақиқланганини маълум қилди.

«Гулнора Каримованинг манфаатлари ҳимоясида қатнашаётган адвокатлар хусусида келиб тушаётган кўплаб сўровлар юзасидан шуни маълум қиламизки, уларнинг барчаси Гулнора Каримованинг яқин қариндошлари томонидан ёлланган бўлиб, тегишли тартибда адлия органлари томонидан берилган адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.

Адвокатлар билан барча муносабатлар Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида амалга ошириб келинмоқда ҳамда улар томонидан ўз мижозлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда чекланганликлари хусусида бирон-бир шикоят ва илтимоснома келиб тушмаган.

Ўзини Гулнора Каримованинг адвокати сифатида таништириб келаётган Грегуар Манжа хусусида шуни маълум қиламизки, амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган. 

Айни вақтда, чет эллик адвокат Грегуар Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Гулнора Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган бўлиб, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.

Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Грегуар Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган.

Ваҳоланки, пенитенциар муассасалар халқаро ҳуқуқни ҳимояловчи ташкилотлар учун ҳам очиқ бўлиб, уларнинг мониторинг ҳисоботлари мунтазам равишда чоп этиб борилади.

Шунга кўра, ўзбек тарафи мутаносиб чора тариқасида Грегуар Манжанинг Ўзбекистон Республикасига киришига рухсат беришни рад этишга мажбур бўлди. 

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноят иши бўйича бошқа жиноий шерикларининг чет эл адвокатлари Ўзбекистон Республикасидаги ўз мижозлари билан чекловсиз муносабатни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура Гулнора Каримовага нисбатан янги жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунига етгани ҳақида хабар берганди. У жиноий гуруҳ тузиш, ўлпон йиғиш ва қўрқитиб, мулкларни тортиб олишда айбланмоқда.

Гулнора Каримова 2015 йил августида беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бош прокуратура бу ҳақда 2017 йилнинг июлида маълумот берганди. Ўша вақтда унга нисбатан яна бир жиноят иши бўйича тергов давом этаётган эди. 

Гулнора Каримова 2019 йил мартидан бери Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сон умумий тартибдаги колонияда сақланмоқда. Август ойида Бош прокуратура Каримова хонимга нисбатан давлат маблағларини талон-торож қилиш ва Ўзбекистоннинг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, шунингдек, товламачилик йўли билан ўзгаларнинг ўта йирик миқдордаги мулкларини эгаллаб олиш ҳолатлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилганди.

Мавзуга оид