Спорт | 18:55 / 24.12.2019
27967
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхшилари тақдирланди, Шомуродов – йил футболчиси

Тошкент шаҳридаги «Зарафшон» концерт залида ЎФА йилнинг энг яхшиларини аниқлаш маросимини ўтказмоқда. Унда 2019 йилда мамлакатнинг энг яхши футболчиси ҳам аниқланди.

Футболчилар, мураббий ва журналистлар ўртасида ўтказилган сўровномада Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Энг яхши футболчи бўлиш учун Шомуродовдан ташқари Одил Аҳмедов ва Жалолиддин Машарипов ҳам номзод бўлишганди.

Шомуродов ўз фаолиятида илк марта Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ҳужумчи бунгача энг яхши бўлиш учун номзодлар учлигига ҳам кирмаганди.

Айни дамда Россия чемпионати тўпурарлар пойгасида 10та гол билан иккинчи бўлиб турган Шомуродов Россияда йилнинг энг яхши футболчиси сўровномасида тўртинчи бўлганди.

Маросимда йилнинг энг яхши мураббийи номи ҳам эълон қилинди - овоз бериш натижаларига кўра, «Бунёдкор» ва Ўзбекистон миллий жамоаси мураббийи Вадим Абрамов 2019 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилди.

Бу мукофотга «Сўғдиёна» устози Улуғбек Бақоев ҳамда «Насаф» мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳам номзодлик қилишганди.

Ўзбекистон миллий жамоаси сардори, айни вақтда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби аъзоси саналадиган Одил Аҳмедовга «Фидойилик рамзи» махсус мукофоти топширилди.

Якунланган мавсумни «Бунёдкор» сафида ўтказган, кейинги йилдан Италиянинг «Беневенто» клубида ўйнайдиган 17 ёшли Жасур Жалолиддинов эса 2019 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчиси сифатида тақдирланди.

Мавзуга оид