Санкт-Петербург Мигрантларни вақтинча сақлаш марказидагилар қандай муаммоларга дуч келмоқда?
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри мигрантларни вақтинча сақлаш марказидаги ўзбекистонликлардан Kun.uz’га мурожаат келиб тушди. Мурожаатчилар ўзлари дуч келган муаммолар ҳақида маълум қилиб, фото ва видеоматериаллар юборишди. Мурожаат имловий хатолар тузатилган ҳолда тақдим этилмоқда.
«Красное селода (Санкт-Петербург Мигрантларни вақтинча сақлаш маркази) 800га яқин Ўзбекистон фуқаролари ушлаб турилибди. Овқати, яшаш шароити жуда ёмон, ҳайвонларам бунақа шароитда яшамайди. Консуллик ва Ташқи Меҳнат Миграция агентлиги умуман ёрдам бермаяпти. ТММАнинг Санкт-Петербургдаги вакили сизларни қайтаришга Ўзбекистоннинг пули йўқ, деб умуман ёрдам кўрсатмаяпти.
3-4 ойдан буён ўтирганлар бор, охранниклар (қоровуллар) хотин-қизларимизга яхши шароит эвазига улар билан жинсий алоқа қилишни бир неча бор таклиф қилишди. Улар биз билан молга қилгандек муносабатда бўлмоқда. Илтимос, ёрдам беришингизни сўраймиз, ҳеч бўлмаса, хотин-қизларимиз ва қарияларни бу ердан олиб кетишсин», дейилади мурожаатда.
Kun.uz масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуровдан изоҳ сўради. Мурожаатда айни ваколатхонага нисбатан ҳам кескин айбловлар илгари сурилган эди.
«Санкт-Петербургда нима бўлган эди? Бу саволга жавоб беришдан аввал, рақамларга эътибор беришни сўрар эдим. Шуни таъкидлашни истардимки, бу марказ энг йирикларидан бири ҳисобланади. Биз 2019 йил мобайнида 1800 нафарга яқин ўзбекистонликни Красное Село марказидан олиб чиқдик.
Энди шов-шувли хабарлар юзасидан расман баёнот берсам. Ваколатхонанинг Петербургдаги вакили Зоҳиджон марказга борди. Интернетда тарқалган иддаолар хусусида у ерда сақланаётганлар билан учрашди.
Шу ўринда, марказда сақланаётган ўзбекларни видеога олган фуқаро аллақачон Ўзбекистонда бўлиб, яна бир эътиборли томони, шов-шувни кўтарган айни фуқаро жиноий иш бўйича ўтирган бўлган. Бошқа фуқаролар бу видеоёзувлар эълон қилинишини ҳам билишмаган. Қолаверса, ўша видеолавҳадагилардан 3 нафари ҳам айни вақтда ватанга қайтган», деди агентлик вакили.
Мансуров мигрантларнинг вақтинча сақланиш жойидаги фуқароларнинг ватанга қайтиш тартибини ҳам эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, мигрантлар камида 2 ой шу марказда сақланади. Бунинг сабаби мигрантни ватанига юбориш учун суд қарори зарурлиги, ҳужжатларни расмийлаштириш, чипта харид қилиш ва бошқа жараёнларга 2 ой ёки ундан кўпроқ вақт кетишидир. Бундан ташқари, Россия томони янги йил арафасида чипталар қимматлиги боис мигрантларни юбормайди. Чунки, янги йилдан кейин бугунги кундаги бир чипта нархига 3 кишини юбориш мумкин бўлади.
«Шу билан бирга, Россия қонунчилигининг бирор жойида Мигрантларни вақтинча сақлаш марказларидаги фуқаролар 10 кун ичида чиқариб юбориш шартлиги хусусида меъёр йўқ, аксинча, суд қарорининг ижросини бажарган ҳолда чиқариб юборилиши қайд этилган. Мурожаатчиларнинг бири (исм-шарифи таҳририятда мавжуд) 25 октябрдан буён марказда сақланмоқда. Бироқ, негадир, у депортация қилинишига доир суд қарорига эга эмас.
Бунда яна бир нарса бор, суд қарори чиққан тақдирда ҳам, суд қарорини таржимонлар қачон ўзбекчага таржима қилиб, ўша фуқарога бериши, бир нусхаси ижро этиш учун ижрочига қачон тушиши ва қачон чипта харид қилиниши номаълум ва бизга боғлиқ эмас. Шу боис, улар қанча видеолавҳа эълон қилмасин, биз ҳеч нарса қила олмаймиз, чунки суд қарори йўқ.
Иккинчи мурожаатчи (унинг исм-шарифи ҳам таҳририятда мавжуд) эса, 8 ноябрдан марказда сақланмоқда. Унда ҳам суд қарори мавжуд эмас. Бундан ташқари, Россияда расман дам олиш кунлари бошланмоқда, қишки таътил кунлари 10 январга қадар давом этади. Бу ерда, ҳеч ким расмий дам олиш кунларида 2 киши учун махсус кузатув карвони ташкил этмайди», дея таъкидлади Саиднўъмон Мансуров.
У вазирлик ҳузуридаги махсус жамғарма ҳисобидан ўзбекистонликларни ватанга юборишда саралаш ўтказилиши, бунда оилавий шароити, моддий имконияти бор-йўқлиги инобатга олиниши ва устуворлик касб этишини билдирди.
У шунингдек, мурожаатда билдирилган 800 киши сақланаётгани ҳақидаги хабарни ҳам инкор этиб, 336 ўринга мўлжалланган марказда бугунги кунгача, яъни янги йил арафасида мигрантларни ватанга юбориш амалиёти бошлангунга қадар 320 киши сақланганига доир рақамларни маълум қилди. Шундан 180 нафарга яқини ўзбекистонлик бўлган.
«Бугун (Телеграм орқали суҳбат 2019 йил 28 декабрда бўлиб ўтди) 12 киши Урганчга учади. Душанба куни (30 декабрь) яна 15 киши Ўзбекистонга қайтмоқда», дейди у.
Шу ўринда, мурожаатда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига доир фикрлар бўлгани боис, қуйида жамғарманинг асосий вазифалари яна бир бор эътиборингизга ҳавола этилади.
Қуйидаги харажатларни молиялаштириш жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
· хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;
· меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан тиббий хизмат кўрсатиш;
· ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш;
· меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтариш;
· республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;
· хорижда Агентликнинг ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;
· норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган, фуқароларни хорижда ишга ташкиллаштирилган тарзда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш.
https://www.lex.uz/acts/3811317
P.S.: Красное село марказида сақланаётган аёллар сонига доир маълумотларни олиш имкони бўлмади. Ваколатхона раҳбари билан суҳбат дам олиш куни бўлиб ўтган эди.