Жамият | 20:18 / 02.01.2020
98312
3 дақиқада ўқилади

«Муродбой иши» бўйича тергов якунланди

Мирзамурод Юнусалиев ҳам 2015 йилга қадар Аҳмаднинг югурдакларидан бўлган ва халқ орасида, худди устози каби — Муродбой номини олган.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тергов қилинган Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратиб олинган, халқ орасида «Муродбой» номи билан танилган Мирзамурод Мирзараҳимович Юнусалиевга нисбатан жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари ниҳоясига етди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти Kun.uz’ хабар берди.

2017 йил май ойидан қидирувда бўлган М.Юнусалиев 2019 йил 27 апрель куни қўлга олинган. У қидирувдалиги боис ҳаракатдан тўхтатиб қўйилган жиноят иши қайта тикланиб, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг иш юритувига қабул қилиб олинган.

Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, М.Юнусалиев 2016 йил январь ойида «ERKIN AVTO DILLER» номли масъулияти чекланган жамиятни таъсис этиб, фуқароларнинг мол-мулкини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш мақсадида, мазкур жамият фаолиятини ниқоб қилган ҳолда «молиявий пирамида» деб номланувчи иқтисодий тузилма ташкил этган. Бу тузилмага ўзининг ўнга яқин жиноий шерикларини жалб қилиб, улар ёрдамида 6636та ҳолатда 4000 нафарга яқин фуқароларни автотранспорт воситалари, кўчмас мулк объектлари ва нақд пулларини бир йил ёки 10 ой давомида икки баробар қилиб қайтариш ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, фуқароларнинг жами 26 млн 870 минг 51 АҚШ доллари ва 18 миллиард сўм миқдордаги пул ва бошқа мол-мулкларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.

Жиноят иши юзасидан Тошкент вилояти Чиноз, Янгийўл, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида тергов гуруҳи штаблари ташкил қилиниб, жабрланувчиларни терговга жалб қилиш чоралари кўрилган.

Жиноят иши бўйича қарийб 8 миллиард сўмлик 18та кўчмас мулк объектлари (уй, чойхона, дўкон биноси, нотурар бино ва иншоотлар) хатланган. Фуқароларга тегишли 85та енгил автомашиналар ашёвий далил тариқасида олинган. Ушбу автомашиналарнинг барчаси белгиланган тартибда баҳоланиб, ўз эгаларига қайтарилган.

Жиноят иши бўйича М.Юнусалиев ва унинг жиноий шерикларига эски таҳрирдаги ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а,в» бандлари билан айб эълон қилиниб, қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, судга юбориш чоралари кўрилмоқда.

Маълумот учун, 1984 йилда Чиноз туманида туғилган Мирзамурод Юнусалиев ҳам 2015 йилга қадар Аҳмаднинг югурдакларидан бўлган ва халқ орасида, худди устози каби — Муродбой номини олганди.

2016 йилнинг ёзида Аҳмаджон Турсунбоев қўлга олинганида Мирзамурод Юнусалиевга тегишли бўлган автомобиль турар жойларида аҳолидан икки ҳисса қайтариш ваъдаси билан олинган 100дан ортиқ турли русумдаги автомобиллар борлиги аниқланган, унинг ўзи яшаш манзилидан қочиб кетиб, қидирувга берилганди.

2019 йилнинг ёзида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги «Муродбой»дан жабрланган фуқароларга мурожаат қилган ва тергов жараёнида иштирок этишни сўраганди.

Мавзуга оид