Жамият | 14:00 / 15.09.2024
13889
5 дақиқада ўқилади

"Бу ҳалокатли тугайди" - молиявий пирамидаларнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида суҳбат

Номи ҳар хил, лекин услуби бир фирибгарлар кундан кунга кўпаймоқда. Билимсиз, дангаса ва пул “осмондан тушиши”га ишониб яшайдиган одамлар эса осонгина уларнинг ҳийласи қурбонига айланмоқда. Kun.uz ушбу масалани экспертлар иштирокида таҳлил қилди. Билдирилган фикрларга кўра, зудлик билан тизимли ечим зарур. Содда, лекин пулга ўч одамлар фирибгарларга алданаверади, занжирнинг охири ҳалокат. Энг катта масъулиятни давлат бўйнига олиши лозим.

Деярли ҳар бир инсон тезда бойиб кетиш ҳақида ўйлайди. Бунинг ягона йўли ақл ва билим билан меҳнат қилиш эканини билса-да, барибир иккиламчи усулларга ҳам бош суқиб кўради. Одамларнинг истакларини яхши ўрганган “устаси фаранглар” эса бундан ўз фирибгарлиги учун фойдаланади. Бугун жамиятимизда молиявий пирамидалар жиддий, бироқ аниқ ечими йўқ муаммога айланди. Минглаб одамлар била туриб ўз пулларини фирибгарларга топширишда давом этмоқда.

Хорижий тажрибага эга молия эксперти Тамилла Қурбоновага кўра, молиявий саводхонлиги паст ва очкўз, тез бойишга мойиллиги ўта юқори одамлар йиғилган жамиятларда молиявий пирамида ташкилотлари гуллаб-яшнайди. Инсонларнинг ҳаракат ва меҳнатсиз бойиш ниятлари фирибгарлар томирига сув қуяди. Бироқ экспертнинг қўшимча қилишича, аслида риск ва даромад бирга юради. Даромад олишни истаган инсон хавф-хатарларни ҳам инобатга олиши керак. Даромад рисксизми, демак бу ёки ёлғон, ёки фирибгарлик.

Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу муаммо бугун пайдо бўлгани йўқ. Ўзбекистонда молиявий пирамида ташкилотларининг бемалол ривожланишига менталитет, жамоавий қарашлар, халқ онги, дунёқараши, инсонларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари ва энг асосийси коррупция сабаб бўлмоқда. Аввало, давлат кўра била туриб, бунга кўз юммаслиги керак, дейди Ташанов. Унинг қўшимча қилишича, молиявий пирамидаларни оддий одамлар тузолмайди. Уларнинг орқасида ишонгани бўлади, давлатда бундай ташкилотлар ривожланаверади ва охири ҳалокат билан тугайди. Жамиятнинг иқтисодий имкониятлари чекланган, одамларнинг маоши ўз эҳтиёжларига етмас экан, фирибгарларга алданадиганлар сони камаймайди, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Психотерапевт Зебинисо Аҳмедовага кўра, антисоциал, шахсияти бузилган инсонлар халқнинг соддалиги ва тез бойиб кетишга бўлган уринишларидан тезкорлик билан фойдаланиб, ҳаттоки, хориждаги худди шундай фирибгарлик стратегияларидан ўрганган ҳолда одамларни чув туширмоқда.

Хўш, одамлар нега худди шундай ҳолатларнинг гувоҳи бўла туриб ҳам ортга қайтмайди, пул тикишга уринади? Бунга асосий сабаб уларнинг улгуриб қолишга бўлган ишончлари. Чунки молиявий пирамидаларнинг биринчи иштирокчилари ростдан ҳам фойда кўради, бироқ кейинчалик иштирокчилар сони ортган сари ташкилотчилар бошқарувни бутунлай йўқотади.

Ташановга кўра, одамларни тарғибот қилиш билан иш битмайди. Аввало, энг катта масъулиятни давлат бўйнига олиши керак. Одамларга журналистлар ёки диний уламолар чиқиб гапиргани таъсир қилмайди, халққа реал таклифлар ва эҳтиёжларига мутаносиб маошлар берилиши лозим.

Молия эксперти Қурбонованинг қўшимча қилишича, жамиятимизда қадриятлар нотўғри танланган. Болага пул нима экани, у билан муомала қилишни ёшлигидан ўргатиш лозим. Аммо бизнинг ота-оналар ўз фарзандларига пулга қизиқмаслик, асосий эътиборини ўқиш ва таълимга қаратиш лозимлигини айтиб хато қилади. Ҳаммасини бирга олиб бориш – замон талаби.

Бугун молиявий пирамидалар ривожига ўзи билмаган ҳолда ОАВ, медиа вакиллари, санъаткор ҳамда фаоллар, маҳалла раислари ва ҳаттоки давлат ходимлари ҳам хизмат қилмоқда. Суҳбатдошларга кўра, ўз обрўйи ҳамда халқ, аудитория олдида масъулияти йўқлар шундай ишга қўл уриб, оммавий алдовлар иштирокчисига айланиб қолмоқда.

Давлат учун молиявий пирамидаларни йўқ қилиш иш эмас, агар хоҳласа ҳаммасини тугатади. Аммо бунинг бир учи коррупцияга бориб тақалади. Ўғрини қароқчи урди қабилида иш кетмоқда. Асосий жабр халққа бўляпти, соддалиги ва нафси одамларни чув тушиш томон етаклаяпти, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Ташанов.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид