Юнусободда қийноққа солинган бола иши. Воқеалар ривожи қандай кечиши мумкин?
Юнусободда қийноққа солинган бола иши бўйича янги тафсилотлар ошкор қилинди.
2 январь куни ижтимоий тармоқларда тахминан 10-15 ёшлардаги боланинг Юнусобод туманида акаси томонидан қийноқларга солиниб, калтаклаб келингани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Хусусан, телеграмдаги каналлардан бирида эълон қилинган хабарда «Юнусободда яшовчи бу болакай ҳар куни аёвсиз калтаклангани, уни ўзининг туғишган акаси калтаклаб юргани, акасининг турмуш ўртоғи болакайни ёмонлаб, унга қарши қайраб ҳар куни калтаклатгани, бола уй ертўласида сақлаб келингани» айтилган.
Маълум бўлишича, қийноқларга солинган бола машҳур актриса Мадина Мухторованинг кенжа ўғли ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган биринчи видеода бола ўз акаси томонидан муттасил равишда қийноққа солиниб, калтакланиши баён қилинган. Тасвирларда боланинг юзи, қўллари, бармоқлари ва айниқса оёғининг сон қисми қизаргани, кўкарган ва қонталаш бўлгани акс этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болага унинг акаси томонидан жисмоний куч ишлатилган ва бунинг натижасида у тан жароҳатлари олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тиббиёт муассасаси томонидан 2 январь куни берилган 62-сонли маълумотномага кўра, болага юз ва тана соҳасининг кўплаб қонталашлари ва лат ейишлари ташхиси қўйилиб, амбулатор даволаниш тавсия этилган.
Кўп ўтмасдан ижтимоий тармоқда жабрланувчининг мурожаати тарқалди.
Унда бола актёрлик тўгарагига қатнашиши, ушбу видеода ҳам актёрлик маҳоратини кўрсатгани, танасидаги кўкаришларни эса онасининг бўёқларидан фойдаланиб грим қилгани, аслида аҳволи яхшилиги, акаси уни ҳеч қачон урмаганини айтади ҳамда ундан хавотир олаётган, уйигача излаб келаётган одамларга миннатдорчилик билдиради.
Актриса ва унинг кенжа ўғли ҳолат бўйича актрисанинг ўртанча ўғлига даъволари йўқлигини маълум қилишиб, бу ҳақда ариза ёзишдан бош тортишган.
Юнусобод туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳолат юзасидан баёнот берди.
«Боланинг онаси Ўзбекистон миллий академик драма театри актрисаси Мадина Мухторова вояга етмаган М.А.нинг (кўрсатмаларига кўра) тарбияси бузилиб, кўп вақтини кўчада ўтказаётганлиги ва унинг хулқ-атворидаги ўзгаришлар сабабли 2020 йил 2 январь куни соат тахминан 12:30 ларда ўртанча ўғли Санжар Мухторовдан укаси билан гаплашиб қўйишни сўраган.
Шу сабабли С.Мухторов Юнусобод тумани 19-мавзе 35-уй 115-хонадонга келиб, укаси вояга етмаган М.А билан онаси М.Мухторова иштирокида суҳбатлашган вақтида укасининг қўпол муомалада бўлганлиги ва гапларига қулоқ солмаганлиги сабабли уни қўли билан юз ва тана қисмидан туртиб силталаганлиги натижасида вояга етмаган М.А.нинг танаси кўкариб, унинг тан жароҳати олган, шундан сўнг М.Мухторова вояга етмаган фарзандининг танасида кўкаришлар борлиги сабабли уни соғлиғини текширтириш мақсадида шифохонага олиб борган.
Сўнг тиббий текширувлардан ўтказиб фарзандини иш жойи, яъни Ўзбекистон миллий академик драма театри биносидаги хонасига олиб боргани, сўнг М.Мухторова ўртанча фарзанди С.Мухторов унга кам эътибор бераётгани учун уни қўрқитиб қўйиш мақсадида вояга етмаган М.А билан келишиб унинг танасининг кўкарган жойларини танал бўёқлар билан бўяб танадаги кўкаришларни бўрттириб кўрсатишгани, сўнг гўёки унинг акаси муттасил равишда уни қийнаб уриб келаётгани тўғрисида онасига айтиб бергани, ушбу ҳолатни М.Мухторованинг телефон аппарати орқали видеотасвирга олишгани, аммо аслида бундай ҳолат бўлмаганини маълум қилган.
Ушбу видеотасвир ижтимоий тармоқларга М.Мухторова шу куни телефон аппаратини қувватлаш учун хонасида қолдириб кетган вақтида унинг касбдошлари томонидан берухсат олиниб (ҳозирда ким томонидан тарқатилганлиги аниқланмоқда) тарқатиб юборилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, вояга етмаган М.А билан онаси иштирокида Юнусобод тумани ИИО ФМБ ХПБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектори ва психологи иштирокида ўтказилган суҳбат вақтида вояга етмаган М.А тан жароҳати эҳтиётсизлиги оқибатида ва ўзининг айби билан олганлиги ҳолати бўйича акаси С.Мухторовга нисбатан даъво эътирози йўқлигини, ариза ёзишдан бош тортишини, акаси томонидан унга жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини маълум қилган», дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан томонларнинг кўрсатмаларини текшириш бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мазкур ҳолатга албатта мутасадди ташкилотлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилади ва тегишли чоралар кўрилади. Шу ўринда кўпчиликни воқеалар ривожининг қандай кечиши қизиқтиради.
Қонун ҳужжатларига кўра, шахсга етказилган тан жароҳати ва унинг оғирлик даражаси суд-тиббий экспертизаси орқали аниқланади. Агарда бола ва унинг яқинлари суд-тиббий экспертизасидан ўтишни исташмаса, унда болани у даволанаётган тиббий муассасада тан жароҳатлари бўйича тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги маълумотлар асосида ҳам суд-тиббий экспертизаси ўтказиш мумкин.
Шу билан бирга, бола ва унинг онаси ўртанча ўғилни жавобгарликка тортишни сўраб шикоят аризасини ёзмаса нима бўлади деган савол туғилади.
Борди-ю, боланинг олган тан жароҳатлари соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган бўлса, юқоридаги ҳолат бўйича ўртанча ўғилга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 110-моддаси (қийнаш) бўйича жиноят иши қўзғатилиши мумкин.
Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддасига кўра Жиноят кодексининг 109- ва 110-моддаларида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб жабрланувчи берган шикоят аризаси асосидагина қўзғатилади. Бироқ яна ушбу моддага кўра, жабрланувчи ночор аҳволда бўлгани, айбланувчига қарам бўлгани туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шарт.
Мавзуга оид
13:40 / 20.08.2024
Тошкентда қалбаки АҚШ долларини сотаётган шахслар қўлга олинди
13:02 / 23.07.2024
Юнусобод туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
21:47 / 03.07.2024
Юнусободда сув қувуридаги авария оқибатлари бартараф этилмоқда
14:04 / 03.07.2024