Ўзбекистон | 10:51 / 10.01.2020
16106
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фосфорли органик минерал ўғитлар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди

Ўзбекистон Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти фосфорли ўғитлар лабораторияси мудири, академик Шафоат Намозов бошчилигида Марказий Қизилқум нокондицион фосфоритлари, чорвачилик ва паррандачилик чиқиндилари асосида тупроқ унумдорлигини оширишда ва ўсимликлардан юқори ва сифатли ҳосил олишда муҳим аҳамиятга эга бўлган органик минерал ўғитлар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистонда чорвачилик қишлоқ хўжалигининг етакчи соҳаларидан бири. Бугунги кунда Ўзбекистонда қорамолнинг умумий сони 12,7 млн., паррандалар эса 75 млн. тага етди. Бир кунда ҳосил бўладиган қорамол ва парранда гўнги жонивор оғирлигига нисбатан 6-8 фоизни ташкил этади. Умумий ҳолатда ҳар суткада 110 минг тонна қорамол ва парранда гўнги ҳосил бўлади. Бир йилда умумий ҳажми 40 млн. тоннани ташкил этади.

ФА хабарига кўра, Қизилқум фосфорит комбинатида ҳозирги кунда фосфоритларни бойитиш жараёнида ажралиб чиқаётган 15 млн. тоннадан ортиқ саноатда ишлатилмаётган паст навли фосфоритлар тўпланган. Фосфорли ўғитларнинг танқислиги шароитида бундай хом-ашёдан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш муҳим ҳисобланади. Гўнг билан фосфорит асосида органик минерал ўғит олиш жараёнида гўнг таркибидаги органик кислоталар таъсирида фосфорит таркибидаги фосфатлар эрувчанлиги ортиб ўсимлик ўзлаштира оладиган шаклга ўтади. Ушбу усулда ўғит олинганда фақатгина гўнгнинг ўзидан ўғит олишга нисбатан физиологик фаол моддалар – гумин кислоталар, фулвокислоталар ва сувда эрувчан органик моддалар миқдори ортади, азотли ва органик бирикмаларнинг йўқолиши эса камаяди.

Технология органик минерал ўғит олишга мўлжалланган.

Мавзуга оид