Жаҳон | 16:45 / 11.01.2020
38641
2 дақиқада ўқилади

Ҳайсам бин Ториқ Уммоннинг янги султони бўлди

Мамлакатни 50 йил бошқарган Қобус бин Саид вафотидан кейин, илгари мерос ва маданият вазири бўлиб ишлаган 65 ёшли Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Уммоннинг янги султонига айланди.

Ҳайсам бин Ториқ/Фото: Reuters

Маданият вазири, 65 ёшли Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид 10 январь, жума куни, 79 ёшида вафот этган султон Қобус бин Саид Ол Саиднинг ўлимидан кейин Уммон раҳбари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Al Jazeera ва Alwatan хабар бермоқда.

У султон Қобуснинг ўлими эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач, шанба куни ҳукмрон кенгаш олдида қасамёд қабул қилди. «Ҳайсам бин Ториқ Қобуслар оиласи билан учрашгандан кейин янги раҳбарга айланди, оила султон томонидан танланган кишини тайинлашга қарор қилди», - дейилади ҳукумат хабарида.

Аниқлик киритилишича, қасамёд қабул қилган Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид марҳум султон Қобус бин Саид Ол Саиднинг амакиваччаси саналади. Уммон конституциясига биноан қироллик оиласи тахт бўшаганидан кейин уч кун ичида султонга ворис тайинлаши керак. Уммон султони оила аъзоси ва мусулмон бўлиши керак. Қобуснинг фарзандлари ва тахтга тўғридан-тўғри меросхўрлари бўлмаганлиги сабабли, ўзи вафот этган тақдирда Ториқ мамлакат раҳбари этиб тайинланиши лозимлиги тўғрисида хат ёзиб қолдирган.

Arab News маълумотига кўра, Уммоннинг янги султони Ториқ 1954 йилда туғилган, 1979 йилда Оксфорд университетини тамомлаган, 80-йилларнинг бошида мамлакат футбол федерациясининг биринчи раҳбари бўлган, ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари, кейинчалик мерос ва маданият вазири сифатида ишлаган. Ториқ Ол Саид тез-тез дипломатик вазифаларни бажариб, Уммон номидан чет элга борган ва чет эл сиёсатчиларининг мамлакатга ташриф вақтида, масалан, шаҳзода Чарльз ва унинг рафиқаси Камилланинг 2016 йилда Уммонга келганида иштирок этган.

Уммон султони Қобус саратон касаллигига қарши бир неча йиллик курашдан сўнг 10 январь куни кечқурун 79 ёшида вафот этди. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди. Султон 1970 йилда, 29 ёшида тахтга ўтирган ва Уммонни 50 йил бошқарган. 

Мавзуга оид