Ўзбекистон | 10:35 / 20.01.2020
56592
2 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери сайланди

Бугун, 20 январь куни, янги чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очди.

Биринчи мажлиснинг Муваққат котибияти, Саноқ комиссияси ҳамда Овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинди ва кун тартиби тасдиқланди. Марказий сайлов комиссияси раиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, қуйи палата Спикерини сайлаш учун Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилди. Мазкур кенгашнинг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг спикери этиб сайладилар. 

Нурдинжон Исмоилов

Давлат раҳбари спикернинг билим ва тажрибаси, фидойилигини таъкидлаб, унинг ва палатанинг ишига муваффақият тилади.

- Сизлар тарихий даврда тарихий депутатлар бўлиб сайландиларингиз. Бунга ҳар куни, ҳар дақиқа муносиб бўлишингиз, халқчил қонунлар қабул қилиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишингиз керак, - деди президент.

Нурдинжон Исмоилов 1959 йилда Наманган вилояти, Учқўрғон туманида туғилган, маълумоти олий. 1980 йил Тошкент давлат университетини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос. Илмий даражаси: юридик фанлари номзоди. 1999 йилда «Шуҳрат» медали, 2002 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Мавзуга оид