Ўзбекистон | 20:30 / 21.01.2020
25936
2 дақиқада ўқилади

Томскдаги фожиа бўйича ҳукумат комиссияси тузилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига асосан Россиянинг Томск областида 10 нафар ўзбекистонлик ўлимига олиб келган ёнғин сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига асосан, ёнғин сабабларини ўрганиш, жабрланганлар ва ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилиб, унга қатор вазифалар юклатилди», дейилади хабарда.

Комиссияга ҳалок бўлган фуқаролар ва жабрланганларнинг яқинларига зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, жабрланганлар ва ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадини ватанга олиб келиш бўйича ташкилий чораларни кўриш, Россия мутахассислари билан ҳамкорликда ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда вафот этган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларнинг оила аъзоларига дафн маросимларини ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилган.

21 январга ўтар кечаси Россиянинг Томск вилояти Асино тумани Причулимский аҳоли яшаш пункти Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган 1/3-уйда ёнғин рўй берди.  Ёнғин оқибатида уйнинг томи қулаб тушган, 11 киши ҳалок бўлган, улардан 10 нафари Ўзбекистон фуқаролари эди.

Бундан аввалроқ ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахсига аниқлик киритилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид