Жаҳон | 18:36 / 08.02.2020
35800
2 дақиқада ўқилади

Таиландда ҳарбий хизматчи 10дан ортиқ кишини отиб ўлдирди

Сўнгги маълумотларга кўра, у савдо марказининг тўртинчи қаватига яширинган ва 16 кишини гаровда ушлаб турибди.

Фото: Видеодан кадр

Таиланд шимолидаги Накхонратчасима шаҳрида ҳарбий хизматчининг отишма уюштириши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Bangkok Post газетаси хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, ҳодиса натижасида кўплаб кишилар жароҳатланган, аммо уларнинг аниқ сони келтирилмаяпти. 

Аскар дастлаб ҳарбий лагерда ўз командири ва икки кишини отиб ташлаган, сўнгра машинага ўтириб қочиб кетган. У Муанг районидаги "Терминал-21" савдо марказига йўл олган ва у ерга етиб боргунча йўлида учраган ўткинчиларни ўққа тутган. Сўнгги маълумотларга кўра, у савдо марказининг тўртинчи қаватига яширинган ва 16 кишини гаровда ушлаб турибди.

Аскар савдо марказидаги ҳаракатларини Facebook орқали жонли тарзда намойиш этган. Орадан бир оз вақт ўтиб унинг саҳифаси блокланган. Ҳарбийларнинг маълумот беришларича, у Чакрапант Тхомма исмли капралдир.

Мавзуга оид