Ўзбекистон | 15:48 / 11.02.2020
4307
2 дақиқада ўқилади

Ханс Клюге: Ўзбекистон силга қарши кураш тажрибасини ОИВга қарши курашда ҳам қўллаши керак

ЖССТ Европа минтақавий бюросининг янги раҳбари хорижга илк ташрифини Ўзбекистондан бошлаб, мамлакатнинг силга қарши курашда эришган натижаларини юқори баҳолади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге 11 февраль куни расмий ташриф билан Тошкентга келди.

Мутахассис журналистларга берган интервьюсида Ўзбекистоннинг сил касаллигига қарши курашда эришган натижаларини эътироф этди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Шахсан ўзим 20 йил муқаддам силга қарши курашиш лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда, айнан Мўйноқ ва Қўнғиротда иш олиб борганман. Орадан 20 йил ўтди. Натижалар жуда ажойиб. Ўйлайманки, худди шундай тажрибани эндиликда ОИВ профилактикаси ва унга қарши курашишда қўллаш лозим», – деди Ханс Клюге.

Маълумот учун, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда сил касалликларидан (туберкулёз) ўлим ҳолатлари 5 баробарга, силга чалиниш ҳоллари эса деярли 2 баробарга камайган. 2019-2025 йиллар ичида сил билан касалланиш ҳолатларини деярли 20 фоизга камайтириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда 42 мингдан ортиқ киши ОИВ инфекцияси билан яшаб келмоқда, улардан 28 минг нафари антиретровирус даво олмоқда. Мамлакатда йилига 4000-4200 киши ОИТСга чалиняпти – бу қўшни республикаларга таққослаганда анча паст кўрсаткич. Шунингдек, Ўзбекистон ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига тўла барҳам берилган давлатлар қаторига кириш арафасида турибди.

Мавзуга оид