Ўзбекистон | 23:41 / 26.02.2020
43124
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қанча ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди

Бош прокуратура ҳокимликлар захирасидаги қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва уларда ноқонуний қурилган уй-жой, бино, иншоот ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш билан боғлиқ амалиётни таҳлил қилди.

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани «Халқобод» маҳалласи

Идора ахборот хизмати таҳлил натижалари ҳақида Kun.uz`га маълумот берди.

Аниқланишича:

– 3 884 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланган (22 789 та ҳолат);
– 6 024 гектар майдонда ноқонуний қурилишлар амалга оширилган (52 292 та ҳолат);
– 9 741 гектар майдондан самарасиз фойдаланилган (477 та ҳолат);
– 1 418 гектар майдондан мақсадсиз фойдаланилган (591 та ҳолат).

Биргина Тошкент вилоятида 11 590 та ҳолатда 1 450 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланган, 9 713 та ҳолатда 855 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилинган.

Бош прокуратура бу йўналишда ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган муаммолар ва қонунбузилиш ҳолатларини баратараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

«Қонун лойиҳасига мувофиқ, мамлакат иқтисодиётининг таянчи бўлган ер ресурсларини талон-тарож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини қайтариш ва бундай ерларда ноқонуний қурилган уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузишга оид ишларни судда кўриб чиқиш тартиблари соддалаштирилмоқда.

Зотан, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган амалдаги тартиб ердан фойдаланишдаги қонунбузарликларга маълум маънода имкон яратмоқда», – дейилади маҳкама хабарида.

Лойиҳада Ер кодексининг 91-моддасига ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг «Суд буйруғи» деб номланган 18-бобига қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Унга кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш ва ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги масалалар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилади.

Бу борадаги амалдаги тартибга мувофиқ эса, битта ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги ҳал қилув қарори Мажбурий ижро бюросига келиб тушиши учун ўртача 80 кун муддат талаб этилади.

«Бу эса, ноқонуний қурилиш у бошланган вақтда аниқланган тақдирда ҳам давом этишига шароит яратмоқда, келгусида уни қонуний асосларда бузиш жараёнида мулкдор ҳамда ваколатли органлар ўртасида тушунмовчилик ва зиддиятни юзага келтирмоқда», – деб таъкидланган Бош прокуратура билдиришида.

Мавзуга оид