Жаҳон | 10:52 / 06.03.2020
9829
1 дақиқада ўқилади

Дорбоз фаол вулқон устидан тортилган арқондан юриб ўтди (видео)   

Гиннесс рекордлар китобига кирган 41 ёшли америкалик дорбоз Ник Валленда Никарагуадаги уйғоқ Масая вулқони устидан тортилган пўлат арқондан юриб ўтди.

Фото: Видеодан кадр

Валенданинг ўзи ушбу трюкни фаолиятидаги энг мураккаби деб атаган. У чўғланиб турган лава билан тўлиб-тошган вулқон кратери устидан ундан чиқаётган зарарли буғлардан заҳарланмаслик учун респираторда ўтган. 

Таъкидланишича, ушбу трюкни бажариш учун Валенда бир неча йил машқ қилган.

Дорбоз вулқон устидан тортилган 550 метрлик арқонни 31 дақиқада юриб ўтган. Бу вақтда уни 17 та камера ва 4 та дрон тасвирга олиб турган.

635 метр баландликда жойлашган вулқон Никарагуа пойтахти Манагуадан 20 км узоқликда жойлашган.

Валленда тортилган арқондан экстремал ўтишлари билан танилган. У ўз вақтида Ниагара шаршараси устидан ўтган, кўзи боғлоқ ҳолда Гранд-Каньонни забт этган.

2019 йил июнда экстремал синглиси Лияна билан бирга Нью-Йоркдаги иккита осмонўпар бино ўртасида тортилган арқондан юриб ўтган. Бу ҳодисани ердан туриб бир неча минг киши кузатган. 396 метрлик арқон 25-қават баландлигида тортилган бўлган.

Мавзуга оид