Light | 20:00 / 20.03.2020
31584
7 дақиқада ўқилади

Карантинда бепул ва сифатли таълим: энг яхши онлайн платформа ва кутубхоналар

​​​​​​​Жаҳон миқёсида карантин туфайли таълим масканлари талабасиз, ўқитувчисиз. Аммо XXI асрда пандемия таълим олишга тўсиқ бўла олмайди. Режадан ташқари таътил ― онлайн таълим билан шуғулланиш учун қулай фурсат.

Қуйида жаҳоннинг нуфузли таълим муассасаларига тегишли маъруза ва дарсликлар, ўқув дастурлари фойдаланиш учун бепул ва очиқ шаклда жамланган манбаларни келтириб ўтамиз.

Интернет, тил билиш кўникмаси ва озгина қунт – қарабсизки, таътилдан максимал фойда олиш мумкин.

Ҳарвард университети курслари

Нафақат АҚШ, балки бутун дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири ҳисобланган Ҳарвард университети 100дан ортиқ бепул онлайн курсларни тақдим этади.

Махсус порталдан веб-дастурлаш, молия, диншунослик, компьютер технологиялари, маданият, тарих, сиёсатшунослик ҳамда бошқа соҳаларга оид маърузаларни топишингиз мумкин.

Бунинг учун рўйхатдан ўтиш кифоя. Алоҳида мавзулар бўйича категориялаштирилган платформа хизматингизга тайёр.

Манзил: www.online-learning.harvard.edu

Хан академияси

Ҳарвард бизнес мактаби битирувчиси Салмон Хон томонидан нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган Хан академияси (Khan academy) ҳар кимга ҳар ерда юқори сифатли таълим имкониятини тақдим этишни мақсад қилади.

Академия математика, тарих, тиббиёт, молия, физика, кимё, биология, астрономия, коинотшунослик, маданият бўйича 4200дан зиёд микромаърузаларни жамлайди.

Мавзулар содда тилда тушунтирилган. Бундан ташқари, ўрганилган мавзу бўйича билимларни текшириш учун вазифалар жамланмаси ҳам тақдим этилади.

Ушбу платформа масофавий таълимнинг энг яхши шаклларидан бири дея эътироф этилади. Маърузалар базаси дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Хан академияси базаси бир гуруҳ кўнгиллилар томонидан ўзбек тилига ҳам таржима қилинмоқда.

Манзил: www.khanacademy.org   ―  www.xanakademiyasi.uz   

edX ― дунёнинг энг кучли университетларини бирлаштирувчи платформа

edX платформаси дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари − Ҳарвард университети, Стенфорд университети, Бостон универитети, Массачусетс технологиялар институти, Сорбонна университети кабиларнинг онлайн маълумотлар базасини ягона манзилда жамлайди.

Бу ерда аниқ, гуманитар, табиий фанлар, компьютер технологиялари бўйича видеодарсларни топиш мумкин.

Шунингдек, платформада дунёнинг энг кўп сўзлашувчига эга тиллари бўйича ҳам дарслар бор. Бундан ташқари, фойдаланувчилар дарслар юзасидан ўзаро фикр алмашиш, мунозарага киришишлари учун онлайн форум ҳам ишлайди.

Дарслар бепул, курс якунлангандан кейин тўлов асосида сертификат олиш ҳам мумкин.

Манзил: www.edx.org

Барча онлайн курcларни жамловчи гигант платформа

Class Central деб номланувчи платформада турли йўналишдаги онлайн курсларни топиш мумкин. Платформа интернетга жойлаштириб бориладиган курсларни оммабоплиги, фойдаланишдаги қулайлиги ва сифатига кўра саралаб, рейтингга киритиб боради.

Платформа энг нуфузли таълим масканларининг сифатли онлайн курсларини жамлайди. Шунингдек, бу ерда расмий масофавий таълим олиш мумкин бўлган дастурлар хусусида ҳам маълумотлар мавжуд.

Манзил: www.classcentral.com

Ҳам тил, ҳам фан ўрганиш имконияти

Coursera платформаси 36 млн.дан зиёд фойдаланувчига эга, 3000дан зиёд курсларни жамлайди. Унда гуманитар, аниқ ва табиий фанлар бўйича билим олиш мумкин.

Ҳар бир мавзу 15 дақиқали видеомаъруза, ўзлаштирилган билимларни мустаҳкамлаш учун тест ва топшириқлардан таркиб топган. Ҳар бир курс якунида имтиҳон бор, ундан муваффақиятли ўтган фойдаланувчига электрон шаклда сертификат ҳам тақдим этилади.

Мазкур платформанинг афзаллиги шундаки, видеомаърузаларни ўзингизга керакли тилдаги субтитр билан танлаш мумкин. Бу фанни ўрганиш билан бир қаторда, керакли тил бўйича кўникмаларни ҳам мустаҳкамлаш имконини беради.

Манзил: www.coursera.org

Кембриж дастури билан таҳсил олинг

Буюк Британиянинг нуфузли ва энг қадимги олийгоҳларидан ҳисобланган Кембриж университети айнан пандемия туфайли онлайн таълимни ривожлантиришга эътибор қаратди: 18000та китоб ва илмий мақола жамланган архивини барча учун очиқ фойдаланиш шаклига ўтказди.

Муҳими, бепул!

Манзил: www.cambridge.org

Лекториум

Лекториум рус тилидаги энг катта видеокурслар базаси ҳисобланади. Ушбу платформада турли йўналишдаги 4000дан зиёд видеомаърузани очиқ шаклда топиш мумкин.

Манзил: www.lektorium.tv

Россиянинг етакчи олийгоҳлари маърузалари ягона базада

Универсариум платформаси дастлаб Россиядаги ОТМларнинг ўзаро маълумот алмашиш майдончаси сифатида ташкил этилган. Кейинчалик унинг оммабоплиги ортиб, барча учун очиқ таълим платформасига айланган.

Универсариумда муайян бир ихтисосликдаги фанни чуқур ўрганиш ҳам, маърифий характердаги қўшимча курсларни ҳам топиш мумкин.

Ҳар бир курс мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 7 ҳафтагача давом этади. Видеомаърузалар билан бир қаторда, мустақил ишлаш учун материаллар ҳам тақдим этилади, курсни муваффақиятли якунлаганлар электрон сертификатга эга бўлиши мумкин.

Манзил: www.universarium.org

Физикани содда тилда тушунтирувчи платформа

Украинанинг Ришельевский лицейи ўқитувчиси Павел Виктор физика бўйича чуқурлаштирилган онлайн курсни яратди. Курс қизиқувчиларга физика ҳақида содда, тушунарли тилда ҳикоя қилишни мақсад қилади.

470дан зиёд мавзунинг ҳар бири алоҳида видео шаклида тайёрланган.

Манзил: «РЛ Физика» YouTube канали

Фойдаланиш мутлақо бепул электрон кутубхоналар

www.litmir.me – 75000дан зиёд муаллифнинг 210000га яқин китоблари жамланган база. Китобларни бепул юклаб олиш ёки онлайн режимда ўқиш имконияти мавжуд. Шунингдек, ўзингиз ҳам бошқалар билан улашишни истаган китобларингизни юклашингиз мумкин.

www.gutenberg.org – инглиз ва бошқа хорижий тиллардаги 46000та китобни жамлаган сайт. Китобни ўзингизга қулай форматда юклаб олишингиз мумкин. Мумтоз романлардан тортиб, илмий-оммабоп асарларгача топа оласиз.

www.pda.litres.ru – барча ўқиши керак бўлган, жаҳон тан олган асарларни излаётган бўлсангиз, бу портал сиз учун. Бу манзил асли электрон китоб сотуви учун мўлжалланган. Рўйхатдан ўтиш орқали 26000га яқин китобдан бепул асосда фойдаланиш имкониятини қўлга киритиш мумкин.

www.b-ok.cc – илмий-оммабоп, фаннинг турли соҳаларидан қизиқарли тилда ҳикоя қилувчи адабиётлар иштиёқмандлари кундан-кунга ортиб бормоқда, сиз ҳам шулар қаторида бўлсангиз, ушбу манзилда илмнинг турли тармоқларига бағишланган китобларни топа оласиз.

Шунингдек, ўзбек тилида ҳам электрон китоб базалари мавжуд.

www.kitob.uz ва www.ziyouz.com манзилларида жаҳон ва ўзбек адабиётига оид китобларни ўзбек тилида мутолаа қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид