Жаҳон | 12:28 / 03.04.2020
9042
2 дақиқада ўқилади

БМТ коронавирусга қарши кураш бўйича резолюция қабул қилди

БМТ Бош ассамблеяси коронавирус пандемиясига қарши курашда глобал бирдамлик ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга чақирувчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бу халқаро ташкилотнинг пандемия бўйича биринчи қарори ҳисобланади.

Фото: AP Photo/Richard Drew

Резолюция матни Норвегия, Швейцария, Сингапур, Лихтенштейн ва Гана томонидан тайёрланиб, 188 та давлат унга ҳаммуаллиф ҳисобланади.

Бош ассамблеяда резолюция бўйича овоз бериш пандемия сабабли йиғила олинмаётгани сабабли янги қоидалар бўйича ўтказилган. 

Охирги муддат тугагунгача ҳужжат бўйича бирор эътироз бўлмагани сабабли у бир овоздан қабул қилиниб, кучга кирган.

Резолюцияда коронавируснинг жамиятга вайронкор таъсири, иқтисодиётга жиддий зарар етказаётгани, глобал сафарлар ва савдога эътибор қаратилган.

Унда халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва БМТнинг пандемияга қарши глобал жавоб беришда марказий рол ўйнаши, ночор давлатларга ва пандемиядан энг кўп жабр кўрган давлатларга кўмак кўрсатиш зарурлиги таъкидлаб ўтилган. 

Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашда таҳқирлаш ва ксенофобиянинг ҳар қандай туридан воз кечиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш лозмлиги белгилаб қўйилган.

Ҳужжат, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни коронавирусга қарши курашдаги маълумотлар, билимлар ва ютуқлар билан бўлишишга чақиради.

Бу орада Россиянинг пандемия хавфи ортида барча савдо урушларига чек қўйишга ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши маъқулловисиз киритилган бир томонлама санкциялардан воз кечишга чақирувчи резолюцияси лойиҳаси қўллаб-қувватланмаган. Унга АҚШ, Европа иттифоқи ва Украина қарши чиққан.

Мавзуга оид