Жаҳон | 21:28 / 12.04.2020
62317
15 дақиқада ўқилади

Бугун – Гагарин коинотга парвоз қилган кун. Фазони забт этган илк инсон ҳақида

ХХ аср инсоният учун юксак тараққиёт асри бўлди. Бу асрда инсон сув остига тушди, осмонда учди, ундан ошиб ўтиб очиқ коинотга чиқди. Гап коинот ҳақида кетганда ҳар қандай инсоннинг хаёлига аввало Юрий Гагарин келади.

Биринчи синфга ўн ёшида борган Гагарин

Юрий Гагарин 1934 йил 9 мартда Россиянинг Смоленск области Клушино қишлоғида дунёга келади. 1941 йил сентябрда 1-синфда ўқий бошлаганида унинг қишлоғига немислар бостириб келади, мактаб ёпилади.

Гагарин яшаган уй

1943 йилда совет армияси қишлоқни озод қилганидан сўнг мактаб қайта очилади ва қарийб ўн ёшида Гагарин биринчи синфга ўқишга боради.

Гагариннинг ўқувчилик йиллари

1949 йилда Гагарин 6-синфни тугатиб, Люберцк ҳунармандчилик мактабига ўқишга киради. Шу билан бирга, у ёш ишчиларнинг кечки мактабида ўқий бошлайди. 1951 йилда ҳар иккала мактабни аъло баҳолар билан битирган Гагарин Саратов саноат техникумига ўқишга киради.

1954 йилда Гагарин Саратовдаги Мудофаага кўмаклашувчи ташкилот қошидаги аэроклубга қатнай бошлайди. Бу ердаги бир йиллик таълим давомида у учувчилик сир-асрорларини ўрганади.

Ҳарбий хизмат ва моҳир учувчи

1955 йилда Гагарин ҳарбий хизматга чақирилади. Уни Оренбургдаги Климент Ворошилов номидаги ҳарбий учувчилар тайёрлайдиган 1-авиация ҳарбий билим юртига жўнатишади. У ерда Гагарин таниқли учувчи-инструктор Ядгар Акбулатовдан таҳсил олади. 1957 йилда билим юртини аъло баҳолар билан тугатиб сўнг, Мурманскдаги 769 ва 122-авиация қирувчи полкларида ҳарбий учувчи сифатида хизмат қила бошлайди.

Космонавтликка номзодлар орасида

1959 йил 5 январда КПСС Марказий қўмитасининг 22-10-сонли, 22 майда Министрлар Советининг 569-264-сонли «Биринчи космик парвоз учун космонавтлар танлаб олиш ҳақида»ги қарорлари чиқади.

1959 йил 9 декабрда космонавтликка номзод сифатида рўйхатга олишларини сўраб илтимоснома ёзган Гагаринни Москвага тиббий кўрикдан ўтиш учун чақиришади. У кўрикдан муваффақиятли ўтади ва номзодлар сафига қўшилади. Номзодлар, 25-30 ёшда, бўйи 170 сантиметрдан юқори, 70-72 килограмм оғирликда бўлиши лозим эди.

1960 йил 11 январда ҲҲК бош қўмондони Константин Вершинин буйруғи билан номзодлар орасидан танлаб олинган 20 нафар учувчиларни махсус ҳарбий қисмга ўтказилади. Ўша йил 25 мартдан бошлаб улар космонавтларни тайёрлаш дастури бўйича мунтазам машғулотларга киришади.

Режага кўра, илк парвозда СССР Министрлар Советининг алоҳида конструкторлик бюроси бошлиғи Сергей Королёв учиши лозим эди. Аммо, номзодлар орасида фавқулодда истеъдодлиларни кўрган Королёв космосга учадиган космонавтни улар орасидан танлашини билдиради. Гагарин машғулотларда ўзини ҳар томонлама кўрсатади. Королёв унга жиддий эътибор бера бошлайди.

Юрий Гагарин ва Сергей Королёв.

Сўнгги тайёрлов босқичи

Бу орада номзодлар гуруҳидан олтита учувчини алоҳида ажратиб олишади. Улар орасида Гагарин ҳам бор эди. Бу гуруҳни Жуковский шаҳарчасидаги космонавтларни тайёрлаш марказига олиб боришади. У ерда синовчи-учувчи Марк Галлай бошчилигида машғулотлар давом эттирилади.

1961 йил 17-18 январь кунларида номзодлар илк парвозда космосга учиши лозим бўлган «Восток» космик кемасининг макетидан фойдаланиб имтиҳон топширади. Номзодларнинг тўрттаси имтиҳондан аъло баҳога ўтади. Уларга Гагарин командир этиб тайинланади.

1961 йил 3 апрелда КПСС Марказий қўмитаси бош котиби Никита Хрушчёв космосга парвоз масаласида махсус йиғилиш ўтказади. Унда Дмитрий Устинов парвозга тайёргарлик ҳақида ҳисобот беради. Йиғилишда парвозни амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилинади.

Ўша пайтда Королёв жуда шошилаётган эди. СССРнинг космосга одам учириши ҳақида хабар топган АҚШликлар илк парвозни 20 апрелга мўлжаллайди. Парвозни улардан олдин амалга ошириш муҳим эди. Шу учун парвозни 11 ёки 17 апрелда амалга оширишни мўлжаллашади. 8 апрелда СССР Мудофа техникалари бўйича давлат қўмитаси бошлиғи Константин Руднев бошчилигида сўнгги йиғилиш ўтказилади. Унда «Восток» космик кемаси парвозга шай эканлиги ҳақида ҳисобот берилади ва коинотга Гагариннинг учиши тасдиқланади. Герман Титов захирадаги космонавт этиб белгиланади.

Коинотга парвоз

1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да «Бойқўнғир» космодромидан ичида Юрий Гагарин ўтирган «Восток» космик кемасининг учишига старт берилади. Парвоз муваффақиятли амалга ошади. Очиқ коинотга чиққан Гагарин алоқа орқали ўзининг таассуротлари ҳақида гапириб туради. Унинг «Ер устидаги булутларни ва улардан ерга тушаётган сояни кузатаяпман. Жуда чиройли. Диққат! Ернинг горизонтини кузатаяпман. Барчаси жуда гўзал» деган сўзлари бортдаги магнитофонга ёзиб олинган.

Бортида Гагарин парвоз қилган «Восток 1» космик кемаси

Гагарин бортда турли синовлар ўтказиб кўради: еб-ичади, қалам ёрдамида сурат чизади. У барча жараён ҳақида ҳисобот ёзиб боради. У билан алоқа ўрнатиб турган жамоага вазнсизлик ҳолатида унинг руҳияти қандай бўлиши муҳим эди. Гагариннинг ўзини тутишидан вазнсизлик ҳолати инсоннинг руҳиятига мутлақо таъсир қилмаслиги маълум бўлади.

1 соату 48 дақиқа давом этган парвоз ниҳоясига етганидан сўнг пастга тушишда космик кеманинг тормоз қўзғалиш тизими бироз панд беради, импульс кўрсаткичи пастлиги сабабли автомат тизими яхши ишламайди. Натижада, атмосферага киришдан 10 дақиқа олдин космик кема секундига 1 айланиш тезлигида айлана бошлайди. Гагарин, парвозни кузатаётган раҳбарият ва Королёвни ошиқча хавотирга қўймасликка қарор қилади ҳамда уларга шартли равишда кема бортида фавқулодда вазият содир бўлгани ҳақида хабар беради. Кема атмосферанинг зич қатламига кирганда ундаги туташтирув симлари ёна бошлайди. Унгача Гагарин бўлимларни ажратиш буйруғини қабул қилган эди. Натижада Гагарин жойлашган бўлим ёнғин юзага келган бўлимдан сўнгги сонияларда ажралиб улгуради. Ерга қўнишга 7 минг метр қолганда Гагарин махсус катапультадан фойдаланади.

Гагарин парвоздан сўнг Ерга қўнган капсула

108 дақиқалик парвозда Ер шарини бир бор айланиб чиққанидан сўнг Гагарин Саратов областининг Смеловка қишлоғи яқинига тушади. Ўша заҳоти у ерни ҳарбийлар ўраб олади ва Гагаринни ҳарбий қисмга олиб кетади. У ердан Гагарин ҲҲК Ҳаво ҳужумидан ҳимоя дивизиясининг командирига қўнғироқ қилиб, «ҲҲК бош қўмондонига етказишингизни сўрайман, вазифа бажарилди. Ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман. Жароҳатлар йўқ» деб ҳисобот беради.

Шундан сўнг Гагаринни Энгельс шаҳарчасига олиб боришади. Шаҳарчада барча коинотга учган қаҳрамонни кўриш учун кўчага чиққан эди. Генерал Бровконинг хонасида Гагаринга ҳукумат телефонини улаб беришади ва у КПСС МҚ биринчи котиби Хрушчёв ҳамда СССР Олий Совети Президиуми раиси Брежневга ҳисобот беради.

«Оламшумул ғалаба» ва Гагариннинг шон-шуҳратга бурканиши

Гагарин соғ-омон ерга қайтиб тушган заҳоти СССР матбуоти унинг муваффақиятли парвозини «социализмнинг капитализм устидан қозонган буюк ғалабаси» тарзида талқин қилиб бутун дунёга жар солишни бошлаб юборади. Ўша пайтда инсониятнинг ер атмосферасидан юқорига, очиқ коинотга чиқиши ҳақиқатдан улкан воқеалик эди.

Гагарин ота-онаси билан

14 апрелда Гагарин Москвага учиб келади. Самолётдан тушибоқ Гагарин ўзини кутиб олишга чиққан Хрушчёвга рапорт беради. Шундан сўнг Хрушчёв ва Гагарин ўтирган «ЗИЛ-111В» кабриолети Қизил майдонга қараб йўл олади. У ерда ўтказилган митингда Хрушчёв Гагаринга «Совет иттифоқи қаҳрамони» ва «СССР космонавт-учувчиси» унвонларини беради. Тантаналар Кремлда Гагарин шарафига катта зиёфат бериш билан давом эттирилади. Зиёфат давомида Хрушчёв Гагаринни Олтин юлдуз ва Ленин ордени билан мукофотлайди.

Ю.Гагарин Ленин майдонида Н.С.Хрушчёв билан

Кейинчалик Хрушчёвнинг ўғли Сергей «Отам мудофа вазири Малиновскийга қўнғироқ қилди ва «Гагариннинг ҳарбий унвонини дарҳол кўтариш керак» деди. Малиновский унга капитан унвонини бермоқчилигини айтди. Отам унга майор унвони бериш лозимлигини айтди. Малиновский олдинига эътироз билдирди, якунда эса кўнди. Шу тариқа Гагарин ҳали Москвага етиб келмасидан майор унвонига эга бўлди. Ундан кейин отам Кремль администрациясига қўнғироқ қилиб Гагаринни муносиб кутиб олиш лозимлигини айтди», деб ёзган эди.

Гагарин аввалига бутун СССР бўйлаб, сўнг кўплаб хорижий мамлакатларни айланиб чиқади. Ҳамма ерда у қаҳрамон сифатида кутиб олинади. Чехословакия, Финландия, Буюк Британия, Болгария, Миср, Куба, Бразилия, Канада, Ҳиндистон, Афғонистон ва яна бир қатор давлатларда уни ҳатто мамлакат раҳбари даражасида қабул қилишади. Гагарин жами 30 та давлатга ташриф буюрган.

Буюк Британияга борганида уни қиролича Елизавета II ва бош вазир Ҳаролд Макмиллан қабул қилади.

Гагарин СССРдаги турли иттифоқдош республикаларга қилган ташрифи давомида Тошкентга ҳам келади ва катта тантаналар билан кутиб олинади.

Қаҳрамоннинг кейинги фаолияти

1961 йил 3 сентябрда Гагарин Жуковский номидаги ҳарбий-ҳаво инженерлик академиясида илмий ишларини давом эттириш учун ўқий бошлайди. 1968 йилда у диплом ишини муносиб ҳимоя қилади. Унгача 1964 йилда Гагарин Космонавтлар тайёрлаш марказига раҳбар ўринбосари этиб тайинланади. 1966 йилда Гагарин Халқаро астронавтлар академиясига қабул қилинади.

Ўша йили июнда у янги турдаги «Союз-1» космик кемасида парвоз қилиши мўлжалланган Комаров учун захирадаги космонавт этиб тайинланади. Ушбу парвоз муваффақиятсиз амалга оширилади ва Комаров ҳалок бўлади. Бу пайтга келиб Гагариннинг асосий раҳнамоси Королёв вафот этган эди. Акс ҳолда ҳалокатга учраган «Союз-1» да Комаров ўрнига Гагарин парвоз қилиши эҳтимоли катта эди.

 

Фожиали ҳалокат

1968 йил 27 март куни Гагарин тажрибали инструктор Владимир Серёгин раҳбарлигида МиГ-15УТИ қирувчи самолётини синовдан ўтказиш чоғида ҳалокатга учраб, уларнинг ҳар иккаласи фожиали тарзда ҳалок бўлади. Ушбу ҳалокатга ўз вақтида турли сабаблар тахмин қилиб кўрсатилган. Суриштирув давомида самолёт асбобларнинг панд бериши ёки ишдан чиққани ҳақида ҳеч қандай далил топилмаган. Шуниси аниқки, Гагарин бошқарган самолёт ерга урилиб, парчаланиб кетади.

Гагарин ҳарбий самолёт рулида

Ҳалокатга Гагарин самолётни бошқара туриб ўта хавфли манёвр қилгани сабаб бўлган деб ҳисобланади.

 

Гагарин ҳақида қизиқарли маълумотлар

Космосга парвозидан сўнг Гагаринга 15 000 рубль (1961 йил 1 январда СССРда рубль деноминация қилинган ва янги пулда бу жуда катта маблағ ҳисобланган), «Волга» автомобили, Москвадан яхши жиҳозланган 4 хонали квартира совға сифатида берилган.

Гагарин фарзандлари билан

Гагарин нафақат СССР ва унинг таркибидаги иттифоқдош республикалар, балки кўплаб хорижий мамлакатларнинг турли орден ва медаллари билан тақдирланган ҳамда уларнинг фахрий фуқароси бўлган.

Бугун дунёнинг турли давлатларида Гагарин шарафига унинг номи қўйилган шаҳар ва қишлоқлар, кўчалар, майдонлар, хиёбонлар бор. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам Жиззах вилоятида Гагарин шаҳарчаси, Самарқандда Гагарин кўчаси бор.

Гагарин Ўзбекистонда

Гагарин парвоздан сўнг қайтиб тушган жой — Смоловка қишлоғида унга атаб ёдгорлик мажмуаси барпо этилган. Антарктида қоя, Қозоғистонда Жунгар Олатови тоғларидаги музлик, астроид, Ойнинг орқа томонидаги кратерлардан бири Гагариннинг номи билан аталади.

Бугун Россиянинг кўплаб шаҳарларида Гагаринга ёдгорликлар бор. Бундан ташқари Гринвич (Англия), Ҳюстон (АҚШ), Тошкент, Гагарин (Ўзбекистон), Никосия (Кипр), Монпелье (Франция), Тирасполь (Молдавия), Неаполь (Италия), Алмати (Қозоғистон), Кливленд (АҚШ) каби дунёнинг кўплаб шаҳарларида Гагаринга ёдгорлик ўрнатилган.

Гагариннинг Ҳюстон (АҚШ) шаҳридаги ҳайкали

Бугун Россияда ва яна дунёнинг бир неча давлатларидаги учувчилар тайёрлов мактаблари Гагарин номи билан аталади.

Дунё бўйлаб бир қанча давлатда Гагарин номи билан таъсис этилган турли мукофотлар бор. 2008 йилда Шарқий Европада ташкил этилган Континентал хоккей лигасининг бош соврини «Гагарин кубоги»деб номланади.

Шарқий Қозоғистондаги шахталардан бирида топилган ноёб минерал Гагаринит деб аталган.

Немислар томонидан ишлаб чиқарилаган овоз ёзиш ускунасига Gagarin Records деб ном берилган. Гагарин шарафига тириклик пайтида ва ҳалок бўлганидан кейин кўплаб почта маркалари ҳамда сувенирлар чиқарилган.

Гагариннинг ҳаёти тасвирланган кўплаб бадиий ва ҳужжатли фильмлар, сериаллар суратга олинган.

 

Гагариннинг парвози ҳақида шубҳалар

1991 йил, СССР тарқаб кетгунча Гагариннинг коинотга парвози ҳақида ғарбликларнинг турли шубҳалари бўлган, Аммо унга ҳеч ким эътибор бермаган. Сабаби — СССРда ҳам АҚШликларнинг Ойга чиққани ёлғонлиги ҳақида «тадқиқотлар» эълон қилинган ва дунё аҳли ҳар икки тарафнинг бир-бирини ёлғончиликда айблаб чиққан даъволарига эътибор бермаган.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг ҳам Гагариннинг парвози ҳақидаги архивларнинг сир сақланиши кўпчиликда шубҳа уйғотди. Бугун «Гагарин коинотга парвоз қилмаган, ҳаммаси уюштирилган», деб даъво қиладиганлар бир нечта асос келтиради:

1. Парвоз ҳақидаги ҳужжатлар ҳанузгача сир бўлиб қолаяпти.

2. Парвоз майдончасига ўшанда биронта ОАВ вакили киритилмаган.

3. Парвоз реконструкциялари кейин суратга олинган.

4. Гагарин коинотда бўлган пайтида Ернинг умумий кўринишини бирорта ҳам суратга туширмаган.

5. Гагариннинг Ерга қайтиб тушиши жуда шубҳали. Расмий ҳисоботда Гагарин ўтирган катапультанинг парашюти 7 минг метр баландликда очилган, дейилади. Унгача эса коинотдан пастга учиб тушишда ҳаво босими билан тўқнашган катапульта қизиб кетиши натижасида Гагарин ҳалок бўлиши лозим эди. Аммо негадир у зарар кўрмаган.

6. Гагарингача синов тариқасида ҳеч ким учмаган. Бу ҳолат ҳам кўпчиликда шубҳа туғдирган.

Албатта, юқоридаги даъволарнинг ҳаммасига жўяли жавоб бериб бўлинган. Энг муҳими, Гагариннинг парвозидан кейин коинотга кенг миқёсда парвозлар бошланиб кетади ва шунинг ўзиёқ Гагариннинг парвози ҳақиқатда амалга ошган, деган ишончни уйғотади. Қолаверса, кўпчиликнинг фикрига кўра, Гагариннинг парвози пайтида космодромда ОАВ вакиллари бўлмаганининг сабаби, агар Гагариннинг парвози муваффақиятсиз тугаса у ҳақда ҳеч ким билмаслиги учун шундай қилинган. Ахир, СССРнинг яна бир муваффақиятсиз парвозидан ғоявий душманлар мутлақо хабар топмаслиги керак эди.

Хулоса шуки, бугун инсониятнинг аксар қисми Гагаринни коинотга илк парвоз қилган инсон деб билади. Шуни ўзиёқ кўп нарсани англатади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид