Жаҳон | 11:37 / 23.03.2022
57827
10 дақиқада ўқилади

Советлар яширган ҳалокат: Гагариндан аввал фазога бошқа шахс учганми?

1961 йил 23 март куни Москва вилоятидаги космонавтларни парвозга тайёрлаш марказида фожиа юз беради. 10 кун давомида махсус кабинада вазнсизлик ҳолатига мослашган космонавт Валентин Бондаренко у ерда содир бўлган ёнғинда оғир тан жароҳатлари олади ва шифохонада вафот этади. Унинг ўлими 25 йил давомида оммадан яширилади.

Фото: Kun.uz

1961 йил 12 апрел куни Бойқўнғир космодромидан илк бор инсон космосга учади. Аммо кейинчалик, космосга Гагариндан аввал бошқа космонавт учиши режалаштирилгани маълум бўлади. У махсус кабинада ўтказилган синовнинг сўнгги кунида эҳтиётсизлик туфайли содир бўлган ёнғинда оғир тан жароҳатлари олиб вафот этади. Космонавтнинг вафоти 25 йил давомида яшириб келинади ва 1986 йилда оммага ошкор қилинади.

69 йил умр кўрган мустабид тузумида оммадан жуда кўп нарсалар яширилган. Жумладан, 1961 йилда космосга парвоз қилиши лозим бўлган Валентин Бондаренко билан содир бўлган ҳалокат ҳам.

Бондаренко парвозга икки ҳафта қолганда махсус кабинада ўтказилаётган синов пайтида эҳтиётсизлик ортидан келиб чиққан ёнғинда жароҳат олади ва вафот этади. Шундан сўнг унинг ўрнига Гагарин парвоз қилади. Баъзи манбалар эса Бондаренко синов кабинасида эмас, балки фазога парвоз чоғида ҳалокатга учраб вафот этган, дейишади.

Фото: blogs.20minutos.es

Валентин Бондаренко

Валентин Бондаренко 1937 йилда Украинанинг Харков шаҳрида туғилган. У юқори синфларда ўқиб юрган пайтида мактабда очилган аэроклубда шуғуллана бошлайди. Мактабни битиргач, ҳарбий-авиация билим юртига ўқишга киради.

1957 йилда ўқишни тугатиб, ҳарбий-ҳаво кучларининг Болтиқбўйидаги авиация қисмларида хизмат қилади. 1960 йил бошида у космонавтлар тайёрлаш гуруҳига қўшилиш учун ҳужжатларини топширади. 1960 йил 28 апрел куни уни космик парвозга тайёрлаш учун йиғилган илк гуруҳга қўшишади.

Илк парвоз учун саралаб олинган гуруҳ. Ўртада ўтирган Королёвнинг чап томонидаги Бондаренко/ Фото: gagarin-starjan.sulinet.hu

Бондаренко иқтидорли учувчилардан бири бўлгани сабабли уни космосга учишга тайёрлаш учун 79 нафар номзод орасидан саралаб олинган гуруҳга киритишади. Кейин эса илк парвоз учун тайёрланадиган олти кишилик гуруҳга қўшишади. У 1960 йил март ойи бошларида Москвадаги ҳарбий қисмда «Восток» космик кемаси макетида парвоз учун тайёргарлик кўра бошлайди.

Ҳалокат

Ниҳоят тайёргарликнинг сўнгги босқичи бошланади. Бунда учувчилар ҳаво босими паст бўлган махсус камерадан чиқмасдан, ўн сутка яшаши белгиланганди. Камера космик кема бортига ҳамоҳанг жиҳозланганди. Космонавтлар у ерда 10 кун давомида вазнсизлик ҳолатига мослашиши керак эди. Бондаренко 14 март куни махсус камерага киритилади.

Фото: 9tv.co.il

1961 йил 23 март куни Бондаренко махсус камерадаги синовни тугатиб, ташқарига чиқиши керак эди. Чиқишидан аввал тиббиёт ходимлари паст босимли камера ичида унинг саломатлигини сўнгги марта текширувдан ўтказишади. Унинг соғлиги парвоз учун тўғри келади, деб топилади. Шундан сўнг унга тиббий жиҳозларни танасидан олиши мумкинлиги хабар қилинади.

Валентин танасига ўрнатилган тиббиёт жиҳозларини ечганидан кейин улар қолдирган кичик яралар ўрнини спиртга ботирилган пахта билан артади. Сўнг эътиборсизлик билан пахтани чиқинди қути ўрнига овқат иситишда ишлатилган, қизиб турган чўғлампа устига ташлайди.

Пахта шу заҳоти ёниб кетади ва Валентин уни қўли билан ўчирмоқчи бўлади. Аммо кислородга тўйинган паст босимли ҳавода олов ўчиш ўрнига баттар кучаяди. Энди Валентиннинг жун материалдан тикилган махсус кийими ҳам ёна бошлайди. Шунда ҳам у пульт орқали диспетчерга ёнғин ҳақида хабар бериш ўрнига оловни ўзи ўчиришга уринади. Аммо эплай олмайди.

Космонавт ўтирган махсус камерада ёнғин содир бўлганини ташқаридагилар ўша заҳоти сезишади. Аммо камера эшигини бирданига очиб бўлмасди. Навбатчи шифокор Михаил Новиков махсус камерадаги ҳаво босимини ташқаридаги ҳаво босими билан тенглаштирмасдан герметик эшикни очиб бўлмаслигини айтади. Бу иш ярим соат вақтни олади. Ниҳоят эшик очилиб, Бондаренко ташқарига чиқарилганда, танаси 80 фоизга куйган эди.

Ҳушини йўқотмаган Бондаренкони зудлик билан касалхонага олиб боришади. Врачлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун 8 соат курашишади. Аммо Валентинни қутқариб қолишнинг иложи бўлмайди. Ўшанда у 24 ёшда эди.

Бондаренконинг хотини эрининг вафотидан сўнг бир неча йил космонавтлар тайёрлаш марказида ишлайди ва кейинчалик она шаҳри Харковга кўчиб кетади. Бондаренконинг ўғлига 16 ёшгача 100 рубль миқдорида нафақа тайинлашади. Кейинчалик у ҳам улғайиб, ҳарбий учувчи бўлиб етишади.

Фото: astronautika.lt

Ҳодисанинг яширилиши

АҚШ ва СССР ўртасида фазони ўзлаштириш борасида кучли рақобат кетаётган пайтда расмий Москва космосга учиш учун тайёрланаётган Бондаренконинг вафот этганини ҳеч ким билмаслиги керак, деган қарорга келади.

Уни туғилган шаҳри Харковдаги қабристонга ими-жимида кўмиб келишади. Қабртошга «Учувчи дўстларидан» деган ёзув ёзилади. 1986 йилда Бондаренконинг ўлими оммага ошкор бўлгач, қабртошдаги ёзувга «СССР космонавтларидан» деган сўзлар қўшиб қўйилади.

Фото: d-kvadrat.ru

Бондаренконинг фожиали тарзда ҳалок бўлганини нафақат яширишади, балки унинг номини барча жойдан ўчиришади. Унга тегишли турли ҳужжатлар, ҳатто Бондаренко ва унинг жамоаси бирга тушган фотосуратларгача йўқ қилинади.

Бондаренко вафот этгач, парвозни белгиланган муддатдан кечиктирмаслик учун зудлик билан Гагаринни тайёрлай бошлашади. Шу тариқа, 1961 йил 12 апрел куни фазога Гагарин учади.

1961 йил 17 июн куни Валентин Бондаренкога «Ҳукумат топшириғини муваффақиятли бажаргани учун» Қизил юлдуз орденини бериш ҳақида қарор чиқади. Орденни Москвадаги космонавтлар шаҳарчасида яшаётган хотинига топширишади.

Сирнинг ошкор қилиниши

1986 йилда «Известия» газетасида Валентин Бондаренконинг фожиали ўлими ҳақида мақола чиқади. Мақола муаллифи таниқли журналист ва ёзувчи Ярослав Голиванов эди. Шу тариқа Валентин Бондаренконинг ўлими ҳақида одамлар орадан қарийб 25 йил ўтгач хабар топади. Унгача СССРда исм-шарифи Валентин Бондаренко бўлган космонавт бўлганини ва у синов чоғида вафот этганини ҳеч ким билмаган.

Фото: socialphy.com

Кейинчалик Яровлав Голиванов ўз асарларидан бирида Бондаренконинг ўлими ҳақидаги мақолани «Известия» газетасида бериш осон бўлмаганини, КГБ бунга қарши бўлганини, фақатгина КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюроси таркибидан бўлган айрим шахсларнинг аралашуви билан мақола чоп этилганини ёзганди.

«Валентин Бондаренконинг ўлими чорак аср давомида барчадан сир тутилди. Фақат 1986 йил баҳорида «Известия» газетаси Сиёсий бюро аъзоларининг қўллаб-қувватлови билан турли цензуранинг қаршилигини енгиб, ушбу ҳалокат ҳақидаги мақоламни чоп этди», деб ёзганди у.

Голиванов ўз мақоласида Бондаренко билан содир бўлган ҳалокат тафсилотларини тўлиқ очиб берганди.

Гарчи, СССРда одамлар Бондаренконинг фожиали ўлими ҳақида 1986 йилда хабар топган бўлса ҳам, Ғарб ОАВ бу ҳақда 1980-йиллар бошида ёза бошлаган. Аммо СССР ўшанда бу нотўғри маълумот эканини ва космосга илк парвозни амалга ошириш учун танлаб олинган номзодлар орасида Валентин Бондаренко исм-шарифли учувчи умуман бўлмаганини маълум қилган.

Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, Валентин Бондаренко ҳақидаги ҳақиқат оммага ошкор бўлади. Бир тарафдан мустабид тузумнинг куни битаётгани, иккинчи тарафдан далилларни рад этишнинг иложи бўлмагани учун расмий Москва бу сафар ҳодисани рад эта олмайди.

Бондаренко биринчи рақамли номзод эдими?

Россиялик айрим таҳлилчилар Бондаренко космосга парвоз қилиш учун танланган биринчи номзод бўлмаганини, аммо унинг фожиали ўлими Гагаринни айнан у дуч келган ҳалокатдан асраб қолганини ёзишади.

Бондаренконинг ўлимидан сўнг космик тадқиқотлар бўйича ишлаётган совет муҳандислари ва олимлари космик кемалардаги махсус камерани янада такомиллаштириш устида ишлайди ва ундаги атмосфера таркиби ва босимини ўзгартиришади. Айнан шу иш кейинчалик Гагариннинг муваффақиятли парвоз қилишига ва эсон-омон қайтиб тушишига сабаб бўлади.

Фото: rbth.com

Бошқалари эса Бондаренко фазога биринчи парвоз қилиш учун танланган номзод бўлган, дейишади. Уларнинг фикрига кўра, агар Бондаренко умумий гуруҳдаги оддий бир космонавт бўлганда унинг ўлими бунчалик сир сақланмасди. Уларга кўра Валентин биринчи рақамли космонавт бўлгани учун унинг ўзи ҳамда фожиали ўлими ҳақидаги барча маълумотлар махфийлаштирилган ва ҳодиса оммадан сир сақланган.

1991 йилда Ойдаги кратерлардан бири Бондаренко номи билан аталади. 2013 йилда Харковдаги Бондаренко ўқиган мактабга унинг номи берилади.

Бондаренко ҳақида миш-мишлар

Бондаренко билан юз берган ҳалокатнинг махфийлаштирилиши ўз даврида кўплаб миш-мишларнинг туғилишига сабаб бўлган. Уларга кўра, Гагариндан аввал фазога Бондаренко учган. У синов пайтида махсус кабина ичида эмас, балки парвоз муваффақиятсизликка учраши ортидан космик кема портлаб кетиб, ҳалок бўлган.

Фото: rbth.com

Бу миш-мишга ишонадиганлар Бондаренко космосга парвоз қилган илк инсон бўлганига ишонишади. Улар Бондаренко синов пайтида вафот этганда унинг ўлимини бунчалик қаттиқ сир тутишмасди, деб ҳисоблашади. Яна, Бондаренко айнан фазога кўтарилаётганда ҳалокатга учраган ва АҚШ билан космосни ўзлаштириш бўйича кескин рақобат туфайли бу ҳодиса яширилган, дейишади.

Ҳалокатдан сўнг суратдан Бондаренко олиб ташланган / Фото: boingboing.net

Нима бўлганда ҳам космосга учиш учун танлаб олинган номзодлар орасида Валентин Бондаренконинг бўлгани, ҳалокат ва унинг вафоти махфийлаштирилгани ҳақиқат. Одатда оммадан қаттиқ сир тутилган ҳодисалар ортида ўта муҳим ишлар яширилиши ҳам бор гап. Шу учун Бондаренко ҳақида билдирилган турли фикрлар, тахминлар ва миш-мишларнинг исталгани ҳақиқат бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид