Ўзбекистон | 11:39 / 13.04.2020
192971
7 дақиқада ўқилади

Карантин узоқ давом этса, қишлоқни қандай қутқарамиз?

Ҳозирги шароитда қишлоқларда бир кишида 100 гектар ер, атрофдаги оилаларда эса «ҳеч нима» бўлиши нотўғри. Мавжуд ҳолатни зудлик билан ўзгартириш керак.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи қишлоқларда яшайди. Шу билан бирга, ўзбек қишлоғи деярли ҳар томонлама ўз ҳолига ташлаб қўйилган, ўтган асрнинг 90-йилларидаёқ ўз-ўзига ҳавола этилган ижтимоий қатламдир. Шундан буён қишлоқ ҳаёт учун қўлидан келганча курашиб келяпти. Айнан қишлоқдан кетган миллионлаб меҳнат миграцияси — бунинг исботи.

Қишлоқнинг унутилгани, яъни тадқиқотлардан, ижтимоий-иқтисодий мониторингдан четда қолгани, бунинг оқибатида унинг очиқ ва яширин муаммолар масканига айлангани айнан ҳозирги ҳолатда — давомли карантин шароитида кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Зеро, қишлоқ муаммолари кўламини... деярли ҳеч ким билмайди.  

Юзага келган ҳолат гўё бармоғини бигиз қилиб бизга буюк ижтимоий-иқтисодий номутаносиблигимизни — 4 миллион гектар атрофида ишлов бериладиган ерларимиз бўла туриб, кўп миллионлик қишлоқ ишсизлигига, бунинг оқибати ўлароқ кўп миллионлик меҳнат миграциясига дучор бўлиб турганимизни айтиб турибди (дарвоқе, меҳнат мигрантлари эндиликда уйларига қайтишди, қишлоқдаги ишсизлар армияси сафини кенгайтириб).

Агарда шаҳар бу — кўплаб аҳоли, идоралар, муассасалар, ташкилотлар жамланмаси бўлса, қишлоқ ундай жой эмас. Боз устига, шаҳар одамларининг ҳуқуқий онги бирмунча шаклланган, қишлоқда эса ундай эмас. Шаҳарлик қўққисдан фавқулодда қийин аҳволда қолса кўчага чиқиб ёрдам сўраб хитоб қилса ҳам (бу ҳозирда ақл бовар қилмайдиган ҳолат бўлиб кўринса-да, фавқулодда ҳолатда бунақа манзарани тасаввур этиш қийин эмас) унга маҳаллий идоралар ва жамоатчиликнинг эътибори тушади. Қишлоқда эса бу каби ҳолатда хитобингизни ҳеч бир юқори идора эшитмайди.

Мамлакатнинг узоқ туманларига яна бир нарса хос — марказдан узоқлик сабабли мансабдорлар ўз мажбуриятларига нисбатан совуққондир. Шунинг учун, масалан, шу тобда қишлоқ аҳолисига ёрдам тарзида марказдан ажратилаётган маблағларни талон-торож қилиш юқори эҳтимол билан кўплаб марта содир бўлади. Ва бу ёмон ниятда эмас, балки шунчаки одат бўлиб қолгани сабабидан юз беради.

Ҳолат ниҳоятда экстремал тус олмасидан аввал, уни яхлит англамоқ лозим — карантин чекловлари яна бироз давом этса қишлоқ оилалари иқтисодий инқирозга юз тутади: чет элдан пул жўнатмалар барҳам топди, захиралар тугайди, шаҳарликлардан фарқли ўлароқ, қишлоқ одамларининг аксари корхона ва ташкилотларда ишламайди — ойлик маоши олишмайди. Қишлоқ аҳлининг даромади аксар кунлик уринишлар, коммуникациялар, бозор конъюнктурасига боғланган.

Нима қилиш керак?

Ҳозирги — салбий оқибатларини аввалдан айтиб бўлмайдиган фавқулодда вазиятда тез фурсатда қишлоқ оилаларига кичик (дейлик, 0,5–1 гектар) ер майдонларини бериб, уларни фойдали иқтисодий фаолият билан банд қилиш мақсадга мувофиқ бўлиб кўриняпти. Бу қарор одамларнинг бир жойга тўпланиши олдини олган ҳолда уларни иш билан таъминлаш имконини беради. Буни ҳозир қилишни бошлаш керак, бир неча ойдан кейин ҳосил олиниб, оилалар даромад кўриши учун.

Мамлакат янги тарихида бу тажриба қўлланган — 1990-йилларнинг бошида, собиқ СССР қулагани оқибатида иқтисодий алоқалар узилганидан сўнг ўзбек қишлоқларини гуманитар инқирозга айланиб кетиши мумкин бўлган ижтимоий инқироздан айнан оилаларга ер ажратиш қарори қутқариб қолган эди.

Ўшанда миллионлаб оилалар мева-сабзавот етиштириш билан банд бўлдилар, бозорлар маҳсулот билан тўлди, давлат эса озиқ-овқат хавфсизлиги ташвишидан деярли қутулди. Асосийси — инқироздан чиқиб олинди.

Оилаларга эркин фойдаланишга ер беришнинг мазкур муваффақиятли тажрибаси кейинчалик — инқироздан ўтиб олгандан сўнг унутилди. Аммо бу бошқа мавзу.

Ҳукуматимиз томорқачиликни ривожлантириш учун оилаларга субсидия беришга қарор қилди ва бу жуда яхши. Бу тадбир томорқаси бор-у, аммо ундан фойдаланиш учун маблағи бўлмай турган оилалар учун роса асқотади.

Бироқ қишлоқда яшовчи оилаларнинг катта қисми ҳозирда етарлича томорқага эга эмас — 90-йилларда оилаларга ажратилган томорқаларнинг аксари аллақачон бу давр ичида улғайган фарзандларга оила бошлиқлари томонидан бўлиб берилган ва бу жойларда уйлар қурилган — янги оилалар умргузаронлик қилишяпти, ўз навбатида, улар ҳам ўз фарзандларини катта қилишяпти. Шунинг учун ҳозир оилаларни иқтисодий фойдали фаолиятга тўлақонли жалб этиш учун яна ер ажратиш керак бўлади.       

Шу ерда айтиб ўтиш керакки, баъзи туманлардаги мансабдорлар томонидан «одамлар томорқаларида яхши ишламаяпти», деб берилаётган «сводка»лар ўзни чеккага олиб қочиб, одамларни айбдор қилишдан бошқа нарса эмас. Қайсидир туманда томорқачилик яхши ривожланмаган бўлса, бунга маълум объектив сабаблар бор ва айни ўша муаммолар сабаб томорқачиликдан одамларнинг кўнгли совиган. Маҳаллий ҳокимлар бу сабабларни ўрганиб чиқиши лозим, ҳаммасини субъектив сабабларга тўнкаб қўймасдан. Одамлар ҳамма жойда бир хил, шароитлар турлича.

Афсусланарлиси шуки, бундай «сводка»лар мамлакат юқори раҳбариятини одамларга ер бериш масаласида иккилантирмоқда, тўғри қарорлар қабул қилишга тўсиқ бўлмоқда.

Шу билан бирга, мева-сабзавот экспорти учун максимал қулайлик муҳитини яратиш фавқулодда аҳамият касб этади. Зеро, бусиз юқоридаги чора натижа бермайди. Экспорт учун йўлларни катта очмоқ лозим. Озиқ-овқат хавфсизлиги учун лозим бўладиган маҳсулот захираси эса давлат кучлари билан шакллантирилиши керак бўлади. 

Ҳозирги шароитда бир кишида 100 гектар ер, атрофдаги оилаларда эса «ҳеч нима» бўлиши нотўғри бўлади. Мавжуд ҳолатни ўзгартириш керак. Вазият бирқанча ҳудудларда фермерларнинг фаолиятини тўхтатиб туриб, ерларни қисмларга (квадратларга) бўлиб, бу қисмларни рақамлаб, ерда ишлашни истаётган оилаларга ижарага беришни ва бу оилаларни мева-сабзавот етиштириш учун керакли нарсалар билан таъминлашни тақозо қилмоқда.

Зеро, ҳозир қишлоқларда одамларни банд қиладиган ва иқтисодий таъминлайдиган ердан бошқа манбанинг ўзи йўқ.

Шокир Шарипов.

Мавзуга оид