Жаҳон | 00:45 / 06.05.2020
42378
2 дақиқада ўқилади

БААнинг Шаржа шаҳрида 48 қаватли бинога ўт кетди

5 май, сешанба оқшомида Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳридаги 48 қаватли бинода йирик ёнғин юз берди. Қурбонлар йўқлиги, тўққиз киши енгил жароҳат олгани айтилмоқда.

Воқеа жойидан олинган видеоларда ёнғин бинони деярли тўлиқ қоплаб олганини кўриш мумкин. Воқеа жойида ўт ўчирувчилар ва шифокорлар иш олиб бормоқда.

Фото: AbhiShek Sen Gupta
Фото: AbhiShek Sen Gupta
Фото: Shihab

Khaleej Times хабарига кўра, Abbco Tower номли иншоот Шаржада баландлиги бўйича 8-рақамли бино ҳисобланади.

Маълум қилинишича, ёнғин маҳаллий вақт билан соат 21:04да бинонинг 10-қаватида бошланиб, тезда қолган қаватларга ҳам ёйилган. Қутқарувчилар воқеа жойига саноқли дақиқаларда етиб келишган ва бинодаги барча одамларни эвакуация қилишга улгуришган.

Ёнғин 3 соатга бормай бартараф этилган.

Gulf News`нинг ёзишича, 9 киши енгил жароҳат олган, бинодан 250га яқин оила олиб чиқилган. Бинога ёндош иморатлардаги одамлар ҳам эвакуация қилинган.

Ёнғин бинодаги ресторанлардан бирида бошланган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Маълумот учун, Шаржа – БААда Дубай ва пойтахт Абу-Дабидан кейинги учинчи энг йирик шаҳар бўлиб, Дубай-Шаржа-Ажман метрополисининг бир қисми саналади.

Мавзуга оид