“Миллий тикланиш” демократик партияси: Эркин иқтисодий зоналар учун алоҳида агентлик ташкил этиш лозим
Айни пайтда жаҳон оммавий ахборот воситаларида коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш, айниқса, ишлаб чиқариш жараёнларини барқарорлаштириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Мамлакат президенти ҳам миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш, мулк шаклидан қатъи назар, ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусий секторнинг мустаҳкам оёққа туриб олиши учун имтиёзли кредитлар, қўшимча преференциялар ажратиш лозимлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Бу жараёнда хорижий ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга ҳам ҳукуматимиз томонидан бирламчи эътибор қаратилаётир. Шуни қайд этиш лозимки, пандемиядан кейин миллий иқтисодиётимизни жонлантиришда эркин иқтисодий зона(ЭИЗ)ларнинг аҳамияти беқиёс.
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, ЭИЗлар учун алоҳида агентлик ташкил этиш лозим, деган фикрни билдирди.
– “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда рақобатчиси бўлмаган учта йирик корхона – “Sofitel”, “EcoClimat” ва “Minyuan Silu Industry” қўшма корхоналари фаолияти билан танишиб, улар фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни атрофлича ўргандик, – дейди А.Қодиров. – Маълум бўлишича, “Minyuan Silu Industry” газ таъминотидаги тартибсизлик ва электр узилишлари натижасида уч кунда 600 минг доллар миқдорида зарар кўрган. Газ босимининг аҳоли учун одатийдек туюлган пасайиши эса маҳсулот сифатига кескин таъсир қилган. Корхона ташкил этилибдики, жамоа ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича қуруқ ваъдалар эшитади, холос.
“EcoClimat” стекловата ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона. Унинг маҳсулотига ҳам талаб жуда юқори. Маълумки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, энергия ишлаб чиқарувчилар энергияни корхона “остонасига”ча келтириб беришлари шартлиги белгиланган. Аммо ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун зарур бўлган юқори вольтли электр таъминоти кабелини тортиш масаласи бир йилдан бери ҳал этилмаяпти.
“Sofitel” қўшма корхонаси эса ноёб маҳсулот ишлаб чиқариши билан харидор эътиборига тушган. Бироқ Давлат стандартлаштириш маркази томонидан мувофиқлик сертификати берилмагани учун корхона ўз маҳсулотини таъсисчиси – хитойлик фирмага ўз таннархида сотишга мажбур бўлаяпти. Чунки сертификат бўлмагани учун ушбу корхона ўз маҳсулотини таъсисчидан бошқа бирон-бир ташкилотга сотолмайди.
Хуллас, эркин иқтисодий зоналар фаолияти билан боғлиқ муаммолар билан тизимли тарзда шуғулланадиган алоҳида идора ташкил этишни бугунги реал вазият тақозо этмоқда. Бундай муҳим масалани иккиламчи даражали масалага айлантириш эса ҳозирнинг ўзидаёқ қимматга тушаяпти.
Маълумотларга қараганда, “Minyuan Silu Industry” хорижий корхонасига “Ойна маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси учун 53,1 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилгач, 272 та янги иш ўрни яратилган. 2018 йилнинг биринчи чорагида “Безакли ойна ишлаб чиқариш” линияси ишга туширилиши натижасида 200та иш ўрни очилган. 2019 йилнинг июнь ойида бу ерда 24,2 млн. АҚШ долларлик “Флоат ойна ишлаб чиқариш” линияси ишга туширилган ва 72та иш ўрни яратилган.
Бир қарашда корхона барқарор фаолият юритаётгандек. Аммо юқорида таъкидланганидек, 2019 йилнинг 23-26 август кунлари бу ерда табиий газ босими кескин пасайиб кетиши натижасида 600 минг АҚШ долларилик, жорий йил апрель ойида юз берган электр энергиясидаги узилишлар туфайли эса 250 минг АҚШ долларлик маҳсулот яроқсиз ҳолга келган.
“EcoClimat ” МЧЖ ҳам “зона”нинг етакчи корхоналаридан. Бу ерга “Иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқариш” (стекловата) лойиҳасини амалга ошириш учун 7,54 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Шундан 2,56 млн. АҚШ доллари ўз маблағи ҳисобидан, 4,98 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция шаклида киритилган. 2016 йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилган корхонада 192 та янги иш ўрни яратилган. Аммо жорий йилнинг апрель ойида электр энергиясида узилишлар туфайли корхона қарийб 300 млн. сўмлик моддий зарар кўрди.
“Sofitel” МЧЖ қўшма корхонасига “Ультрамарин пигментини ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш учун 10,06 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган.
Ушбу корхонанинг рўйхатдан ўтишидан тортиб, иш бошлашигача қанчадан қанча фидойи инсонлар фаоллик кўрсатишди. Ҳукумат томонидан эса барча шароитлар яратиб берилди. Бироқ шу кунгача корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган ультрамарин пигментига мувофиқлик серитификати берилиши масаласи “Ўзстандарт” Давлат агентлиги томонидан пайсалга солиб келинмоқда.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг қатнашчи корхоналари фаолияти таҳлиллари муҳандислик коммуникация тармоқлари билан таъминланишида ҳам бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатяпти.
Бу эса партия раҳбари Алишер Қодиров таъкидлаганидек, энг аввало корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулоти сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ҳам ёмони инвесторларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
“Миллий тикланиш” демократик партияси матбуот хизмати
Мавзуга оид
16:11 / 16.07.2020
«Вирус бутун дунёда тиббиёт имкониятларини йўққа чиқармоқда» — «Миллий тикланиш» раиси ўринбосари шифокорларни айбламасликка чақирди
20:50 / 07.01.2020
Алишер Қодиров: Сайловчилар онгини ҳам ўзгартиришимиз керак
18:00 / 23.12.2019
«Миллий тикланиш» партияси раиси биринчи турда депутатликка сайлана олмади
12:17 / 20.12.2019