Жамият | 23:38 / 22.05.2020
40245
2 дақиқада ўқилади

«Президентимиз кеча-ю кундуз шу ташвиш билан банд» – Биринчи хоним сирдарёликлар билан мулоқот қилди

«Zamin» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Сардоба сув омборидаги фалокат рўй берган ҳудуддан эвакуация қилинган аҳоли ҳолидан хабар олиш учун Сирдарёга ташриф буюрди.

Ўзбекистоннинг биринчи хоними сув тошқинидан жабр кўрган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, уларни Рамазон ҳайити билан қутлаган.

«Биринчи май куни буни эшитиб ҳамманинг кўнгли вайрон бўлди. Кайфиятларингизни кўтариш учун, озгина бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш учун келдик.

Сизларнинг ғамингиз бизнинг ҳам дардимиз. Бошларингга тушган бу қийинчилик биз учун ҳам бир синов. Президентимиз кеча-ю кундуз шу ташвиш билан банд, қандай қилиб шу одамларни келажакка ишонтирсам, оғирини енгил қилсам, аввалги ҳаётига қайтарсам дейди. Рамазон ҳайити ҳаммангизга муборак бўлсин, ҳаммангизга сабр, куч-қувват беришини Яратгандан сўраб қоламан», деган Зироат Мирзиёева.

Биринчи хоним ташриф давомида сув тошқинидан кейин вилоят ҳудудидаги бошқа хонадонларга жойлаштирилган кўп болали оилалар билан ҳам суҳбат қурган.

Ташриф чоғида «Zamin» фонди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ҳамкорликдаги ижтимоий лойиҳаси эълон қилинган. Ушбу лойиҳа Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 11та зарар кўрган маҳаллаларда истиқомат қилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Сув остида қолган ҳудудларни қайта тиклаш ва улкан қурилиш ишлари кетаётган бир пайтда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида ёши 60дан ошган барча қариялар 10 кун давомида пойтахтда ва Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида жойлашган сиҳатгоҳлар ва дам олиш масканларига, 7дан 14 ёшгача бўлган болалар эса ёзги оромгоҳларга бепул таклиф этилади.

Мавзуга оид