Ўзбекистон | 02:35 / 03.06.2020
14740
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда эвакуация қилинганларнинг қарийб 76 фоизи яшаш манзилига қайтарилди

Сардоба сув омборидаги фожиа натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан эвакуация  қилинган 89,450 нафар аҳолининг 67,901 нафари – 75,9 фоизи яшаш манзилига қайтарилди. 21,549 нафар фуқаро эвакуация қилинган ҳудудларда қолмоқда. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Брифингда Сардоба тошқини талафотларини бартараф этиш бўйича ўтказилган ишлар хусусида ахборот берилди.

Маълум қилинишича, хатлов тадбирларида фожиада 3663 нафар фуқаронинг паспорти йўқлиги аниқланган, 1746 нафар фуқаронинг паспорти топилиб, эгаларига қайтарилган. 1917 нафар фуқарога янги биометрик паспорт расмийлаштириб берилган.

“Аҳоли орасида талафот етган айрим хонадон эгалари икки маротабадан моддий ёрдам олаётган бир пайтда, баъзи хонадон эгалари умуман маблағ олмаганликлари хусусида уйдирмалар тарқалаётганлигини ҳисобга олиб, тегишли тартибдаги профилактик чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, 1 июнь ҳолатига талафот натижасида жабрланган оилаларга моддий ёрдам сифатида берилган  40 млн сўмдан пул маблағларини қабул қилиб олган 4025 нафар фуқаронинг рўйхатлари тўлиқ шакллантирилган. Шунингдек, келгусида ушбу моддий ёрдам маблағларини олиши кутилаётган 1818 нафар фуқароларнинг рўйхати ҳам тузилди”, деди Шоҳрух Ғиёсов.

Таъкидланишича, қидирув ишлари натижасида 11,272 бош уй ҳайвони аниқланиб, уларнинг ҳаммаси ўз эгаларига қайтарилди. 6112 бош нобуд бўлган уй ҳайвони дезинфекция қилинган ҳолда, махсус ажратилган 5та ҳудудга кўмилди.

Мавзуга оид