Ўзбекистон | 20:34 / 09.06.2020
23781
5 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш бўйича 8та устувор йўналиш белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган 3 ойда иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм солиқ имтиёзлари берилган, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3,6 триллион сўм ажратилган.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев янгича ёндашув ва инструментларни қўллаш орқали жорий йил иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча имкониятлар борлигини таъкидлаб, шу борадаги 8 та асосий йўналишни кўрсатиб ўтди:

  • иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш;
  • камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш;
  • банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш;
  • тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш;
  • экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш;
  • саноатда рақобатбардошликни кучайтириш;
  • кичик бизнесни ривожлантириш;
  • рақамли технологияларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш.

Биринчи масала муҳокама қилинар экан, бюджет тушуми ва харажатларини оптималлаштириш топширилди. Корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ҳисобига қўшимча даромадларни таъминлаш, ташқи қарз битимларини тузишда белгиланган чекловдан ошмаслик бўйича кўрсатма берилди.

Иккинчи йўналиш бўйича бу йил 810 мингта доимий иш ўрнини қайта тиклаш, 310 минг доимий ва 633 мингта мавсумий иш ўрни яратиш зарурлиги таъкидланди.

Кеча, 8 июнь куни қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сони 24тадан 67тага кўпайтирилди.

Президент Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабалар 3  йил муддатга шундай ҳудудларга меҳнат фаолияти учун йўналтирилиши таклифи билдирилди.

Маълумки, банк тизимида катта ислоҳотлар белгиланган. Йиғилишда бу чораларни жадаллаштириб, давлат улушига эга ўнта банкда трансформация жараёнини ўз вақтида амалга ошириш, фоиз ставкаларини инфляцияга қарши сиёсат билан уйғунлашган ҳолда пасайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Жорий йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш бўйича Бош вазир ўринбосарларига топшириқлар берилди.

Пандемия шароитида экспортни ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш жуда долзарб масала. Ташқи бозорларда талабнинг кескин камайиши экспортчи корхоналарга жиддий таъсир қилмоқда.

Шу муносабат билан, бешинчи устувор йўналиш ўлароқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига экспорт кўрсаткичини 2019 йилгидан кам бўлмаган миқдорда таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда саноатни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айрим тармоқларда хомашёни чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг яхлит занжири яратилмагани кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, мисни қайта ишлаш 25 фоиз, ипакчиликда 20 фоизга ҳам етмайди. Тармоқлараро кооперация ҳам тўлиқ йўлга қўйилмаган. Жумладан, электротехника ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро кооперация ҳисобига камида 80 миллион долларлик маҳсулот тайёрласа бўлади. Ёки кимё саноати тўқимачилик учун синтетик тола ва полиэстер, автомобилсозлик ҳамда қурилиш материаллари соҳасига корд ва турли бўёқлар, озиқ-овқат саноатига ароматизаторлар етказиб бериши мумкин.

Шу боис замонавий технологиялар трансферини йўлга қўйиш, тармоқларнинг энергия самарадорлиги ва рақобатдошлигини оширишни назарда тутувчи Саноат сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электр техникаси ҳамда озиқ-овқат саноатларига алоҳида эътибор қаратиш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мамлакатда кичик бизнес иқтисодиётнинг ўсиш нуқтаси этиб белгиланган. Йиғилишда тадбиркорларга эркин рақобат муҳитини яратиш учун хусусий мулкчиликни ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш зарурлиги таъкидланди.

Юқори технологияли тармоқларда кичик бизнес ҳиссаси камлиги қайд этилиб, бундай субъектларни давлат томонидан рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Маълумки, кеча, 8 июнь куни Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган тақдимот чоғида рақамли технологияларни тезкор ривожлантириш, уларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш вазифалари келишиб олинган эди. Бу борадаги ишларни бугун белгиланган саккизинчи устувор йўналишга мувофиқ ташкил қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қисқа ва ўрта муддатда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Мавзуга оид