“Пул ишлаш учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти” – Президент тиббиёт соҳасини танқид қилди
Давлат раҳбари оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлиги таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш топширилди.
Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаб берди.
Президент раислигида ўтказилган йиғилишда тиббиёт соҳасида кадрлар етишмаслигининг сабаби аслида тизим шаффоф бўлмагани оқибатида кўплаб мутахассислар ишга кира олмаётгани экани қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига соҳадаги барча вакансияларни онлайн платформага жойлаштириб, кадрларни ишга олиш бўйича шаффоф тизим яратиш топширилди.
Қайд этилишича, янги ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳлари битирувчи курс талабалари учун кўп тармоқли шифохоналарда иш ҳақи тўланадиган интернатура йўлга қўйилади.
Йиғилишда касалликларни эрта аниқлаш, жумладан, кардиология, эндокринология ва онкология скринингларини ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили онкология касаллиги билан рўйхатга олинган берморларнинг қарийб ярмида касаллик кеч аниқланган.
Жойларда диспансер назоратида турган, сурункали касаллиги бор аҳолини соғломлаштириш ишлари етарли эмас.
Умуман, вилоят ва туман тиббиёт идоралари профилактика ўрнига “одамлар қачон касал бўлса, шунда даволаймиз” деб, ҳалиям эскича фикрлаб юргани танқид қилинди.
Эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак қон-томир, онкология ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилади. Хусусан, скрининг учун бевосита республика кардиология, эндокринология, онкология марказлари жавоб беради. Улар бир ҳафтада жойларда скрининг текширувларини ўтказишни бошлайди.
Шунингдек, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади. Бу тажриба 1 майдан Қашқадарёда бошланади ва келгуси йилдан бошқа ҳудудларда йўлга қўйилади
Таъкидланишича, мамлакатда фармацевтика бозори ҳажми 2 млрд долларга етган. Лекин, бу бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши физик ҳажмда 40-45 фоиз бўлса-да, пул қийматида 20 фоиздан ошмайди. Оддий қилиб айтганда, ўзимизда ишлаб чиқариш бинт, спирт, шприц, аналгин ва цитрамондан нарига ўтмаяпти.
Йиғилишда дориларни яширин айланмаси бўйича етарли чоралар кўрилмаётгани, дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлиги айтиб ўтилди.
“Айниқса, антибиотик қабул қилиш устидан назорат умуман йўқ. Протоколларга амал қилмасдан, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти. Бундан халқимизни соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраяпти”, дея таъкидлаган президент.
Бундан ташқари, йиғилишда касалга аниқ ташхис қўйиш ва даволашда врачларнинг аксариятида технологик карта мавжуд эмаслиги, айрим протоколлар эса эскиргани кўрсатиб ўтилди. Поликлиника ва шифохоналарда халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштирилади.
Оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда Бош прокуратурага онкологик препарат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дорихоналар, қўлда сотувчиларни, умуман барча иштирокчиларни тартибга келтириш, жойларга етиб бормаган 17 турдаги препарат бўйича ўрганиш ўтказиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, мутасаддиларга “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимларини ишга тушириш, кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш топширилди.
Мавзуга оид
23:22 / 18.12.2024
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига берилган божхона имтиёзлари 2028 йилгача узайтирилади
21:24 / 23.11.2024
Олимлар бактериялардан янги антибиотик яратди
11:38 / 20.11.2024
Ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш мўлжалланмоқда
17:57 / 19.11.2024