Жаҳон | 08:42 / 16.06.2020
9197
5 дақиқада ўқилади

Пандемия умумбашар тараққиётни 6 йилга ортга суриши мумкин — БМТ ҳисоботи

Коронавирус пандемияси тиббий инқироздан кўра каттароқ муаммо экани тобора жиддийроқ англашилиб бормоқда. Глобал инқироз охирги 6 йил давомида инсоният тараққиёти учун қилинган барча ҳаракатларни кўкка совуриши мумкин, дейилади БМТ эълон қилган янги ҳисоботда.

Фото: AP

БМТнинг «СOVID-19 ва инсон тараққиёти: инқирозни баҳолаш, қайта тикланишни режалаштириш» дастурида айтилишича, пандемия инсон тараққиётининг айрим жабҳаларида 40 йилдан буён кўрилмаган йўқотишларга сабаб бўлмоқда.

2020 йил Инсоният тараққиёти индексида у ишлаб чиқилган 1990 йилдан бери биринчи катта пасайиш қайд этилиши кутилмоқда. Бунга таълим, тиббиёт ва турмуш даражасида кузатиладиган ўзгаришлар сабаб бўлади. Бунда айниқса ривожланаётган давлатлар кўпроқ зарар кўради, деб ёзмоқда Жаҳон иқтисодий форуми БМТ таҳлилларига таяниб.

«Бу дунё охирги 30 йилда кўп инқирозларни кўрди. Ҳар бири инсоният тараққиётига қаттиқ зарар етказди. Бироқ барибир инсоният тараққиёти тўхтамаган, йилдан йилга ривожланиб бораверган. COVID-19 эса трендни ўзгартириб юборди», – дейди БМТ Тараққиёт дастури директори Ахим Штайнер.

Вирус туфайли дунё иқтисодиётида 1930 йиллардаги Буюк депрессиядан кейинги даврдаги энг кескин қулаш рўй бермоқда.

Пандемия оқибатида кейинги 6 ойда кунига 6 мингтадан олдини олиш мумкин бўлган болалар ўлими рўй бериши мумкин.

Мактаблар ёпилиши билан таълимга қамраб олинган болалар улуши 1980 йиллардагидан ҳам камроқ даражага тушиб қолди. Карантин туфайли интернетга уланиш имкони йўқ одамлар жамиятдан ажралиб қолди, ижтимоий тенгсизлик кучайди.

Шундай бўлса-да, БМТ мазкур инқироз ҳозиргидан яхшироқ келажак қуриш мумкинлигини дунёга кўрсатиб берди, деган фикрда. Бу келажакнинг айрим эффектлари кўп ўтмай сезила бошлайди. Жумладан, мактаблар очилиши билан таълим даражаси яна тезда аввалги ҳолига қайтади.

Таъкидланишича, пандемия шароитида тўғри қарорлар қабул қилинган тақдирда, инсоният келажакда ўз тараққиётига зарар етказмасдан инқирозлар билан юзма-юз келишга тайёр бўлиши мумкин.

Миллиардлаб одамларнинг кўнгилли тарзда ижтимоий масофа сақлашга ҳаракат қилаётгани барча бирлашиб ўзгаришларга эришиши мумкинлигини кўрсатди.

«Агар башарият глобал миқёсдаги муаммога ҳамжиҳатлик билан ечим топа олишига исбот керак бўлса, биз ҳозир шу дамларни бошдан кечиряпмиз», – дейилади БМТ баёнида.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ташкилот пандемиядан кейинги ижтимоий-иқтисодий тикланишнинг 5та устувор йўналишини маълум қилди:

1. Тиббиёт ва тиббий хизмат тизимини ҳимоялаш;

2. Ижтимоий ҳимоя тизимини яхшилаш;

3. Ишга жойлаштириш механизмини, кичик ва ўрта бизнес, норасмий сектор ходимларини ҳимоялаш;

4. Ҳамма учун фойдали макроиқтисодий сиёсат юритиш;

5. Ижтимоий уюшқоқликка эришиш учун тинчликни, адолатли ҳукумат тизимини рағбатлантириш.

БМТнинг пандемиядан сўнг ижтимоий-иқтисодий тикланиш режасидаги 5та таянч нуқта:

·       Соғлиқни сақлаш биринчи ўринда;

·       Макроиқтисодий чоралар ва кўп томонлама ҳамкорлик;

·       Одамларни ҳимоялаш;

·       Ижтимоий уюшқоқлик ва бардошлилик;

·       Иқтисодий чоралар ва тикланиш.

Ҳар ким ўз потенциалини тўлиқ намоён қила оладиган келажак ҳақида

БМТ инқирозни дунёни яхшироқ қилиб ўзгартириш учун имконият деб аташи Жаҳон иқтисодий форумининг «Буюк қайта қуриш» чақириғини ҳам ўзида акс эттиради.

«Буюк қайта қуриш» – Жаҳон иқтисодий форумининг навбатдаги 2021 йил январда ўтказиладиган 51-умумий саммити учун шиор сифатида танлаб олинган. Бу ғоя келажакни адолатли ва «яшил» ҳолатда яратишни мақсад қилади.

Бу чақириқни қўллаб-қувватловчилар уни худди Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё лидерлари тенгсизликни тугатиш, иқлим ўзгариши муаммосини тўхтатиш ва ҳар бир инсон ўз потенциалини тўлиқ намоён қила олиш имконига эга бўлиши учун бирлашган ҳаракатга қиёсламоқдалар.

«Пандемия бизга дунёга қайта назар солиш ва уни ўзгартириш учун нигоҳ ташлашимизга имкон берди. Бунинг билан ҳозиргидан адолатлироқ, тенглик таъминланган ва соғлом келажак қурилиши керак», – дейди Жаҳон иқтисодий форуми асосчиси ва директори Клаус Шваб.

Мавзуга оид