Ўзбекистон | 18:13 / 17.06.2020
5438
2 дақиқада ўқилади

Хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш имтиҳонлари қайта тикланди

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш имтиҳонларида иштирок этувчилар рўйхатига Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятининг эпидемиологик жиҳатдан барқарор ҳудудларида истиқомат қилувчи талабгорлар киритилган. Бошқа талабгорлар учун синовлар қачон ва қай тартибда ташкил этилиши бўйича эса қўшимча ахборот берилади.

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова АОКАда ўтказилган онлайн брифингда хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун ўтказиладиган имтиҳон муддатларини маълум қилди.

Унга кўра, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун навбатдаги имтиҳон 18 июнь куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси биносида бўлиб ўтади.

Республикада карантин чекловлари жорий этилгандан буён ҳозирга қадар хорижий давлатларда олинган ҳужжатларни тан олиш учун ўтказиладиган имтиҳонлар тўхтатилган эди.

«Навбатдаги имтиҳонда «Ҳуқуқшунослик», «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот», «Иқтисодиёт», «Қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш» ҳамда «Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар» соҳалари бўйича синов тестлари ўтказилади», дея қайд этди инспекция вакили.

Имтиҳонда иштирок этувчилар рўйхатига Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятининг эпидемиологик жиҳатдан барқарор ҳудудларида истиқомат қилувчи талабгорлар киритилган. Бошқа талабгорлар учун синовлар қачон ва қай тартибда ташкил этилиши бўйича эса қўшимча ахборот берилади.

«Эртадан бошланадиган синовлар карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилади. Талабгорлар тиббий ниқобда бўлиши талаб этилади.

Синов тестларига ўз вақтида келмаган ёки иштирок этувчилар рўйхатида мавжуд бўлмаган талабгорлар ва тиббий ниқобда бўлмаган шахсларга имтиҳонга киришга рухсат берилмайди», деди Феруза Мадраҳимова.

Шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган аризалар асосида кейинги имтиҳонлар ҳудудларнинг ўзида ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бунда жойлардаги эпидемиологик вазият барқарорлигига алоҳида этибор берилади.

Мавзуга оид