Спорт | 14:56 / 26.06.2020
15086
14 дақиқада ўқилади

«Ливерпуль» – чемпион. Клопп қўйган пойдевор, энг оғир ўйинлар ва энг яхши футболчи ҳақида

АПЛнинг 31-тури доирасида «Челси» «Манчестер Сити»ни енггач (2:1), «Ливерпуль» турнир жадвалида мавсум якунига 7 тур қолганида рақиблар етиб бўлмас даражада олдинга чиқиб кетди ва 1990 йилдан буён илк марта Англия чемпионатида ғолиб чиқди.

Фото: Gettyimages.ru/ Michael Regan

Қуйида Sports.ru нашрида эълон қилинган Виталий Суворов муаллифлигидаги, «Ливерпуль»нинг бир, йўқ, ҳар қандай мухлисининг кечинмаларини акс эттирган материал ҳавола этилади. 

Ўттиз йилдаги илк чемпионлик

2015 йилнинг октябрида Юрген Клопп Жон Леннон аэропортига қўнганида, бутун шаҳарни ўз харизмаси билан ишғол қилганди. Беш йил ўтиб, у ўзини «Ливерпуль» тарихидаги буюк мураббийлар қаторига қўша олди – агар ҳозир у ҳақида жамоа мухлисидан сўрасангиз, бошқача таъриф топа олмайди.

Клопп уддалади.

«Ливерпуль» уддалади.

Эй Худо, бу воқеаларни миямга сиғдириш учун яна бир нечта карантин керак бўлади менга.

Қизиқ, чемпионлик мавсуми клуб тарихидан келиб чиққанда, биз учун ноодатий бўлди. Сўнгги йигирма йил «Энфилд»ни биз жиловсиз, лекин ҳаваскорларга хос самимий футболи билан эслардик – йигитлар ё сўнгги секундларда портлаб даҳшатли камбэк қиладилар ёки кутилмаган хатолар билан минглаб қалбларни чилпарчин... Бошқа вариант йўқ эди шунчаки.  

Тўғри, уч ойлик танаффус, ғалати шартлар ўша ўзимиз билган, «Ливерпуль» мухлислари ўрганиб қолган вазиятни яратди, аммо Клоппнинг ушбу мавсумдаги асосий фокуси бошқа эди. Ҳа, қачондир кутилган соврин келишини билардик, лекин бу даражада кучли, хотиржам, ишончли, бутун лига устидан яққол устунликни намойиш этган ҳолда амалга ошишини ўйламасдик ҳам. 2019 йилнинг январидан то 2020 йилнинг февралигача гўёки жамоа ичига Майкл Жорданнинг руҳи кириб олганди – йигитлар қаршисида ким туришидан қатъи назар, шунчаки, ютқазишни билишмасди.

Энг севимли дақиқам? «Вулверҳэмптон»га қарши январдаги учрашув. Бир эпизод. Бу ўйин «Ливерпуль»нинг қирқинчи мағлубиятсиз серияси бўлганди. Бу учрашувдан икки ҳафта олдин «бўрилар» «Манчестер Сити»ни тиз чўктиришганди. Адама Траоре эса, рўпара келиш исталмайдиган табиат ҳодисалари ичида цунами ва зомбилар армиясидан кейинги учинчи ўринга чиқиб олганди. Ўша куни «Ливерпуль» ҳимоячиларини томоша қилиш оғриқли эди. Траорега тўрт кишилашиб ташланишар, Робертсон унинг фонида ёнғинни ўчириш учун стакан билан келган одамга ўхшарди. 

Албатта, «Ливерпуль» аввалроқ ҳам қаттиқ қаршиликларга учраган, аммо буниси бутунлай бошқа даража эди. Бу стадиондан тирик ҳолда чиқиш имконсиздек тасаввур уйғотарди. Мағлубиятсиз серия давом этиши мумкинлигидан умид қилиш имконсиздек. Шундай бўларди ҳам, лекин бу мавсумда эмас. Ҳимоячилар билан курашда устун келган Ҳендерсон Трентнинг бурчакдан узатган тўпини дарвозага жойлади, ўйин тугашига ўн дақиқа қолганда эса, Фирмино «Ливерпуль»га мавсумдаги 22-ғалабани олиб келди. Операторлар ўша вазиятда ўлиб қолаёзган Нуну Сантуни кўрсатишди – мураббий бўшлиққа қараб қолган, беихтиёр лабларидан «жин урсин, бунақа бўлиши мумкин эмас» деяётганини ҳис қилиш мумкин эди. Бутун мавсум «Ливерпуль» рақиблари худди шундай вазиятга тушишди – ўша ўйинга анча бўлди, аммо ҳалиям қандай уддаланганини тушуна олмайман.

Январнинг охирига келиб, «Ливерпуль»нинг соврин сари юриши бировни ҳайрон қолдирмай қўйди. Шу даражадаки, Клоппнинг сеҳрли аураси рақибларни майдонга тушмай туриб ҳам енгиб қўярди.

«Ливерпуль» жуда кўп ўйинларни сўнгги дақиқаларда қутқарган давр ҳам бўлди. «Лестер» билан ўйинда Милнернинг пенальтиси, юқорида эсланган Фирминонинг зарбаси, ноябрда Мане «Вилла»га қарши ўйинда, яна Фирмино, бу сафар «Кристал Пэлас» дарвозасига – жамоа доимий равишда «Энфилд»дан ташқарида қийинчиликларга учради.

Бунинг устига, Клопп ҳар ой қайсидир етакчи футболчисидан жароҳат туфайли айрилар, бечора фанатлар эса, Мане ёки Алиссоннинг йўқлиги энди жамоага қанча очкога тушиши мумкинлигини ҳисоблашга киришардилар. Ҳа, одатда бундай ҳолатлар муаммога айланиши турган гап, лекин жамоада шундай куч ҳосил бўлгандики, ўринбосарлар босим остида қолиш ўрнига, қўрқмасдан ўз имкониятларини кутишарди.

Адриан деярли бир ўзи «Энфилд»га Европа Суперкубогини олиб келди, кейин эса, қаторасига етти ғалабали ўйинда посбонлик қилди. Ориги икки маротаба кубок ўйинларида захирадан тушиши етарли бўлдики, у «Эвертон» билан ўйинда масалан, ғалаба голига ҳаммуаллиф бўлди. Адам Лаллана «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинни 85-дақиқада қутқариб қолди. Окс «Вест Ҳэм»ни ҳал қилди, «Генк»ни тиз чўктирди. Милнер «Лестер» дарвозасига дубл қайд этиб, «Саутҳэмптон» билан ўйинда муҳим ассистни амалга оширди. Вейналдум «Шеффилд» билан ўйинда уч очко олиб келди. Кейта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида «Монтеррей»га қарши порлади, ҳатто Ловрен ҳам четда қолмади, «Наполи» билан ўйинда Милнернинг узатмасини голга айлантирди.

Бу ҳолат жамоанинг ўзига бўлган ишончини осмонларга кўтарди. Деярли ҳаммаси қўлдан келаётганди. «Манчестер Юнайтед»га қарши январдаги ўйин «Ливерпуль» учун қаторасига еттинчи гол ўтказилмаган ўйинига айланди. АПЛда бундай серия 2006 йилдан бери биринчи марта рўй бераётганди. Мана шу етти ўйинда, ишонасизми, дарвозабон ва ҳимоячилар қўшимча вазифаларни ҳам уддалашди – биргаликда 5 голга ассист. Ўша «Юнайтед»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Алиссоннинг Салоҳга узатмаси ҳам бор. Ван Дейк эса, ҳисобни очганди.

«Манчестер Юнайтед» устидан ғалабадан сўнг, «Энфилд» соврин ҳақида илк бор куйлашни бошлади. Атиги уч йил олдин бундай орзулар дунёни издан чиқариб, қандайдир астероиднинг ерга тўқнашиши билан тугаган бўларди, лекин ростан ҳам, ўша куни чемпионликка ҳеч қандай шубҳа қолмаганди. Ҳатто пандемия ҳам «Ливерпуль»га тўғаноқ бўла олмаслиги кейинроқ, ўз исботини топди.

Бутун мавсум давомида омад Клоппни таъқиб қилди, лекин бу жамоанинг муҳитига, жиддийлигига ва меҳнаткашлигига таъсир қилмади. «Манчестер Сити»дан километрли масофаларда ўзиб кетган «Ливерпуль» ўйинчилари бир муддат ҳам бўшашмадилар.

«Агар «Зальцбург» билан ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонамизга кирганингизда, бизни мағлубиятга учраган, деб ўйлаган бўлардингиз – дейди Окс, - «йигитлар жуда жаҳллари чиққан, ўзларидан қониқмаётган эдилар, ҳатто Клопп келиб, бизни аслида ғалаба қозонганимизни эслатишга мажбур бўлди».

Айтиш мумкинки, «Ливерпуль»даги ёқимли жиҳат шу. Яъни маънодаки рақобат, ғалабаларга ва натижаларга очлик футболчиларни қамраб олган. Салоҳнинг бир марта тўп оширмагани учун Маненинг қандай ҳолатга тушганини, ўриндиқни синдириб юборишига сал қолганини эсланг. Ёки доим Алиссоннинг соясида юрган Адрианнинг «мен бу ердаман, шунчаки захирада ўтириб кутмайман, бир муддат бўшашишга Алиссоннинг ҳаққи йўқ» дегани ёки ҳатто 21 ёшли Трентнинг керак бўлганда, барчани олдинга ундашини айтиш мумкин. Масъулиятдан қочадиган ҳеч ким йўқ. Совринлар мана шундай характер билан ютилади.

Ва бундай муносабатнинг рамзи сифатида бир пайтлар ҳатто жамоа мухлислари ҳам ёмон кўрадиган бир инсонни кўрсатиш мумкин. Келинг, энди бемалол, овоз чиқариб айтайлик, «Ливерпуль»да соврин учун энг лойиқ одам ким бўлса, у – Жордан Ҳендерсон.

Унинг сўнгги ўн йилда нималарни бошдан кечирганини кўринг:

Алекс Фергюсон Жорданни «Манчестер Юнайтед»га олинмаганининг сабаби сифатида, унинг ғалати югуришини айтганди. Йигирма ёшингизда телевизорни ёқиб, дунёдаги энг буюк мураббийнинг сиз ҳақингизда шундай деяётганини тасаввур қилинг-да?

2013 йилда Хендо отасининг жуда оғир касаллиги ҳақида эшитди.

Бир қатор мутахассислар ва мухлислар томонидан унинг нафақат сардорлик боғичи, балки таркибдан жойга ҳам лойиқ эмаслиги ҳақидаги танқидлар...

Рожерс билан боғлиқ ноқулай ҳолат. Мураббий Жорданга доим ўзини терма жамоа сардоридек ҳис қилишни тавсия қилган. Бу маълумот оммага ошкор бўлиб қолганда, кулмаган одам жуда кам эди.

Яна бир янада ноқулай ҳолат. «Ливерпуль» спорт директори Дамьен Комоллини айнан «Ҳендерсонни сотиб олгани учун» ҳайдаб юборишган. Тасаввур қиляпсизми? Жиддий. Комолли ўз интервьюсида айтганди – «Менга «нима учун кетаётганингни биласанми? Ҳендерсонни сотиб олдинг» дейишди. Истеъфога чиқарилаётган кунимда менга Ҳендерсонга сарфланган маблағ исроф бўлганини айтишди».

Марио Балотелли 2015 йилдаги бир ўйинда Ҳендерсоннинг қўлидан тўпни тортиб олиб, пенальти тепганди ва кейин, «Хендерсондан лидер чиқмайди» деб ҳар ерда гапириб ҳам юрди.

Яқинда Ҳендерсоннинг сардорлигига беш йил тўлади ва ҳеч қайси футболчи клубнинг чемпионлик йўлини, Ҳожсондан Клоппгача, Боринидан Салоҳгача, Лига кубогидан. Ўша ўйин, «Ливерпуль» ер билан битта бўлган «Вулвз»га қарши ўйинда Ҳендерсон ҳар икки голда иштирок этди. Ундан олдинроқ, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига бориб, марказий ҳимоячи сифатида ёрдам берди. Совринни Клоппнинг қўлида тасаввур қилдирган ўйин – «Саутҳэмптон» билан гол плюс пас. «Норвич»га қарши ўта қийин учрашувни эсланг? «Атлетико»га қарши муваффақиятсизликдан сўнг, «Ливерпуль»да ростанам муаммолар бошлангани ҳақида айта бошлашганда, Маненинг ягона голига ким ассист қилганди? Ҳендерсон.

Maurizio Borsari/AFLO

Февралнинг охирига келиб, Жордан жароҳат туфайли сафдан чиққанида, «Ливерпуль» зўрға «Вест Ҳэм»ни ютди, «Уотфорд»дан шапалоқ еди, кубок ўйинида «Челси»дан чиқиб кетди. Ўшанда Opta йигитлари қизиқ статистикани ўртага ташладилар – Ҳендерсон билан бирга 34 ўйинда 6 мағлубият, усиз эса, 13 ўйинда 5 мағлубият.

«Ҳайрон қолмайманки, айнан жароҳат туфайли Ҳендерсон Англиянинг энг яхши ўйинчисига айланади. Баъзида футболчининг қадри унинг йўқлигида билинади», деганди ўшанда Гари Линекер.  

Клопп ҳам худди шу тезисни қўллаб-қувватлаганди.

«Ҳендерсон шунчаки, яхши ўйнабгина қолмасдан, шерикларини ҳам яхшироқ ўйнашларига сабаб бўлади. Гап фақат гапириб, кўрсатма бериб туришда эмас, Ҳендо ҳеч қачон ўзи бажармаган ишни бошқалардан талаб қилмайди», дейди мураббий.

Табиийки, бу фикрлар четда қолмади ва қишнинг охирига келиб, Ҳендерсонни Мане ва Де Брюйне билан бирга йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлишга асосий даъвогар сифатида тилга ола бошладилар. Твиттерда бир пайтлар Даррен Бент томонидан тилга олинган фикрлар ҳам пайдо бўлди.

«Ҳендо – мен ўз кўзларим билан унинг машғулотдан кўтариб олиб чиқиб кетилганини кўрганман. Қаттиқ ҳаракат қилганидан юраги тез ура бошлаганди. Ўшанда мураббий унга «сал секинроқ, акс ҳолда юрак хуружи билан майдондан олиб чиқиб кетишади» деганди», дея эслайди «Сандерленд»да у билан бирга ўйнаган Даррен.

Албатта, агар маҳорат, иқтидор ҳақида гап кетса, Жордан асосий юлдуз сифатида тилга олинмайди. Лекин қизиғи, айнан шу мавсумда «Ливерпуль»да ўша биз ўрганиб қолган асосий юлдуз йўқ эди. 2009 йилда йигитлар Торрес ва Жеррарднинг елкасида соврин учун курашгандилар. 2014 йилдаги байрамда эса, дижейлик пульти Луис Суареснинг қўлида эди. Ҳатто 2018 йилги ЕЧЛ йўлида Муҳаммад Салоҳ асосий юлдуз бўлган. Бу мавсумдачи? «Ливерпуль» ўйинларни ютар экан, ҳаммага тенг ҳолатда суянди. Садьо Мане энг ёрқин порлаган бўлса-да, Салоҳ, Ҳендерсон, Роберстон, Трент, Фабиньо, Алиссон ва Ван Дейк ундан узоқда эмаслар. 

Энг ёмонини нима айтайми?

«Зальцбург»га қарши ўйин олдидан рақиб мураббийи Жесси Маршнинг шогирдларини «Ливерпуль» билан ўйинга қандай тайёрлаётгани ҳақидаги видео интернетда тарқалганди. Табиийки, матбуот анжуманида Юргендан бу ҳақида ҳам сўрашди. Унинг мана шундай ҳолатдаги видеоси тарқалса, қандай йўл тутиши билан қизиқишди.

«Мен дарҳол истеъфога чиқардим», деб жавоб берди Юрген.

Яъни биз унинг «Энфилд»даги ишлари, нималар билан шогирдларини шу даражага олиб чиққани ҳақидаги ҳужжатли фильмни кўра олмас эканмиз.

Бошқа тарафдан, «Ливерпуль»нинг сўнгги беш йили шу қадар тиғиз, тез, воқеаларга бой, чиройли, томошабоп ўтдики, ҳеч қандай сериал бу ерда реал воқеликка тенглаша олмайди. Юрген эса, кадр ортидаги ҳар хил сценаристларсиз ҳам бизни зериктирмайди.

«Ливерпуль» – чемпион.

Клопп – буюк мураббий.

Энди ҳеч қандай эътирозсиз!».

Мавзуга оид