Ўзбекистон | 19:42 / 28.06.2020
55111
3 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ ходими, банк кассири, қурувчи ва «Ўрикзор»да дўкон сотувчиси. Аҳоли орасидаги янги ҳолатлар ҳақида қўшимча маълумот берилди

27 июнь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Шайхонтоҳур, Олмазор, Учтепа ва Сергели туманлари ҳудудида аҳоли орасида вирус аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сўнгги кунларда сезиларли даражада ошди, шунингдек, бошқа ҳудудларга қараганда ҳам юқори бўлиб турибди.

Аввал хабар қилганимиздек, 26 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 250 нафар бемордан 25 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 27 июнь куни эса 255 нафар бемордан 54 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 39 нафари Тошкент шаҳрида аниқланди.

Икки кунлик маълумотга кўра, ҳам умумий касалланиш кўрсаткичи бироз ошган бўлса, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса кескин ўсганлигини кўриш мумкин», дейилади хабарда.

Жумладан, «Ўзбектелеком» касаба уюшмаси ходими Ж.Х.да, Юнусобод туманида яшовчи Н.Я.да (Шифохонага ётиш мақсадида намуна топширган) ва яна ушбу туманда яшовчи 2 нафар фуқаро (Юнусобод деҳқон бозоридан бир неча бор харид қилган), Олмазор туманида яшовчи Б.И.да (тана ҳарорати кўтарилиб, намуна топширган), Шайхонтоҳур туманида яшовчи Б.А.да (профилактика мақсадида намуна топширган), Учтепа туманида яшовчи Н.А.да коронавирус қайд этилган.

Шунингдек, «Ўрикзор» савдо мажмуасининг озиқ-овқат дўкони сотувчи Ф.Х.да, Шайхонтоҳур туманидаги Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ишчиси Ф.Р.да, Юнусобод туман ФХДЁ бўлими масъул ходими  С.С.да, 1-сон Республика клиник шифохонасида даволанаётган бемор О.А.да, «Ипотека» банк Шайхонтоҳур филиали кассири М.Х.да, «Асака банк» бош офиси ходими А. Д.да , Сергели туманидаги «Интер инженеринг» қурилиш компанияси ходими Т.К.да  ҳам касаллик аниқланган.

«Вазият тобора жиддийлашаётганини ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида коронавирусга чалиниш хавфи юқорилиги боис пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларидан карантин қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид