Ўзбекистон | 21:41 / 08.07.2020
22877
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Чет элда қолган ҳамма фуқароларимизни албатта олиб келамиз»

Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль кунги видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемияси ва кучайтирилаётган карантин масаласида халққа мурожаат қилди.

«Чет эллардан шу бугунгача 90 мингдан кўп фуқароларимизни қайтариб олиб келдик. Яна бир марта халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, чет элда қолган ҳамма фуқароларимизни албатта олиб келамиз.

Бугун топшириқ бердик, чегараларда, айниқса Қозоғистон-Россия чегарасидаги фуқароларимизни тизим билан, тартиб билан албатта олиб келамиз.

Лекин битта нарсани билишларинг керак, ҳозир зарарланганлар сони кўпайиб кетгани учун Махсус комиссия қарор қабул қилди. 10 июлдан 1 августгача жуда кўп масалаларда чеклов ўрнатишга мажбурмиз.

Агар зарарланганлар шу тарзда кетаверса, вилоятларимиз ҳам, марказимизда ҳам шифохоналар бундай кўп зарарланганларни қабул қилишга тайёр эмас.

Бизда ҳамма захиралар мавжуд. Мана, Зангиотада катта шифохона қурдик, кечадан бошлаб одамларни қабул қила бошлади. Ўзларинг кўрдинглар, жуда катта карантин зоналар – нафақат Ўртасаройдаги, вилоятларда ҳам тайёргарлик қилганмиз. Алоҳида-алоҳида касалхоналарни ҳам тайёргарлик қилганмиз. Лекин агар Махсус комиссия қабул қилган чораларни кўрмас эканмиз, касаллик ва ўлим кўпайиб боряпти.

Очиқ гап, Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичи энг паст эди. Лекин охирги 10 кунда ўлим кўрсаткичлари ҳам кун сайин ўсиб боряпти. Мени шу ташвишга сола бошлади. Агар ҳозир одамларнинг ҳаёти билан боғлиқ нарсаларга эътиборни сусайтирсак, эртага аҳволимиз яхши бўлмайди.

Биз ўзимиз ўзимизни асрашга эътибор бермаяпмиз. Мана, бозорларни очдик, 30 кишилик тўйларга рухсат бердик... Лекин 30та одам 130тага кўпайиб кетяпти. Жойларда оддий талабларга эътибор берилмаяпти.

Шуни инобатга олиб, Махсус комиссия қарорини ҳамма бажариши шарт. Унинг тагида жуда катта масъулият ётибди, одамларнинг хавфсизлиги, соғлиги билан боғлиқ бўлгани учун Махсус комиссия қарорини бажаришга мажбурмиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Россия-Қозоғистон чегарасида 2 мингдан ортиқ, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги «Жибек жоли» – «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пункти яқинида 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтиш учун тўпланган.

8 июль куни чартер рейслар камайтирилиши, Махсус комиссия халқаро авиақатновларни хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартиришга қарор қилгани маълум бўлди.

Мавзуга оид