Ўзбекистон | 18:10 / 09.07.2020
47202
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев коронавирус масаласида пойтахт аҳолисига мурожаат қилди

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт аҳолисига мурожаат қилди ҳамда санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этишга, заруратсиз кўчага чиқмасликка ва онлайн хизматлардан кўпроқ фойдаланишга чақирди.

Мурожаатда сўнгги ойлар давомида Тошкент шаҳрида эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгарганлиги сабабли оилавий тадбирлар, тўй-ҳашамларнинг ўтказилишига рухсат берилгани, ишлаб чиқариш корхоналари, қурилиш ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолияти қайта йўлга қўйилгани, бироқ карантин талабларига амал қилинмагани вазиятни яна кескинлаштиргани қайд этилган.

«Хотиржамликка берилганлигимиз, санитария ва эпидемиология назорати талабларига тўлиқ риоя этмаганлигимиз, тўйларни 30дан ортиқ киши иштирокида ўтказганимиз, бошқа оилавий тадбирларни ҳам кўпайтирганимиз, жамоа бўлиб йиғилишлар ортгани каби карантин талабларига зид бўлган ҳаракатлар оқибатида охирги ўн кунда пойтахтимизда касалликка чалиниш ҳолатлари кескин ошиб, кунлик 30-40тадан ўртача 150-200тагача кўпайди, ўлим ҳолатлари ҳам ортди», дейилади шаҳар ҳокими мурожаатида.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳолини «коронавирус менга таъсир қилмайди, мендан узоқда» деган фикрда бўлиб, адашамасликка чақирди. «Хавф ортда қолиши учун ҳаммамиз санитария-гигиена талабларига тўлиқ амал қилишимиз, бепарволикка йўл қўймаслигимиз, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслигимиз, жамоа бўлиб йиғилмаслигимиз, аввалдан мўлжалланган жамоавий тадбирларни ортга суришимиз лозим», дея қўшимча қилган у.

Мурожаатда бугун аксарият хизматлар, ҳатто савдо-сотиқ ҳам онлайн йўлга қўйилган бўлиб, ҳар биримиз ундан унумли фойдаланишимиз зарурлиги қайд этилган.

Маълум қилинишича, 10 июлдан уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган тун-у кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи 1105 қисқа рақамли Call-маркази фаолияти йўлга қўйилади. Уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган мобил гуруҳлар ташкил этилади.

Шунингдек, шаҳар ҳокими тошкентликларни саломатлигида бирор нохушлик ва касаллик аломатларини ҳис қилганда бефарқ бўлмасликка, дарҳол шифокорларга мурожаат қилиш ва назоратда бўлишга, ўзини яккалаш ва зарур муолажаларни ўз вақтида кўришга чақирди.

«Коронавирусни жамиятнинг бирлиги, жипслиги ва бу борада белгиланган барча қоидаларга риоя қилиши билангина енгишимиз мумкин. Бу масалада бизга ёрдам беринг, саломат бўлинг», дейилади мурожаат якунида.

Мавзуга оид