Жамият | 18:05 / 16.07.2020
54830
10 дақиқада ўқилади

Туронбанк фуқароларнинг омонатдаги 100 минг долларини бермаяпти. Пулларни банкнинг собиқ ходими ўмариб кетган

Туронбанкнинг Зангиота филиали собиқ ходими жиноий йўл билан фуқароларнинг банкка омонатда сақлашга топширган 100 минг АҚШ долларини «ухлатиб» кетган. Банк эса ҳозирча бу пулларни ўз эгаларига қайтармоқчи эмас.

Фото: Туронбанк

Kun.uz таҳририятига қайнона-келин – Зиёдахон ва Фотима Мусахўжаевалар йўллаган мурожаатда банкнинг собиқ ходимлари омонатда сақлашга берилган пулларни талон-торож этгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Мусахўжаевалар бир неча йиллар давомида ўзларининг оилавий жамғарган пулларини ишончлироқ жойга узоқ муддатга сақлаб қўйиш ҳақида ўйлай бошлашган. Яқинлари Туронбанкнинг Зангиота филиалини ишончли давлат банки деб тавсия қилишгани учун, жамғарган пулларини шу банкка қўйишга қарор қилишган.

Ўша вақтдаги вазият ҳақида Зиёдахон Мусахўжаева қуйидагича ҳикоя қилади:

«Ўғлимнинг ишлари ўша вақтда яхши бўлгани учун, бу пулларни узоқ вақтга, невараларим катта бўлгунга қадар омонатда сақлашни айтган эдим. Ислом динида фоиз олиш яхши эмаслиги сабабли, пулларни фоизсиз омонатга қўйишни маъқул деб топдик.

Менинг номимдан 50 минг АҚШ доллари ва келиним Фотима номидан 50 минг АҚШ долларини омонатга қўйиш учун пулларни ва паспортимизни 2009 йил 2 декабрь куни ўғлим Шавкатга бериб юбордик. Шу куни ўғлим банкка бориб, менинг номимга ва келинимнинг номига пулларни Туронбанк Зангиота филиалига омонатга қўйиб келди. Менинг номимга 50 минг АҚШ доллари омонатга қўйилгани ҳақида 022333-сонли омонат дафтарчаси ва келиним номига 50 минг АҚШ доллари қўйилгани ҳақида 022334-сонли омонат дафтарчасини, пулни топширгани ҳақида квитанцияларни олиб келди.

Оиламизда даромадимиз етарли бўлгани сабабли, давлат банкини ишончли жой деб билиб, бу омонат пулларини узоқ вақт сўрамадик...»

2018 йил май ойида оила пулга эҳтиёж сеза бошлагани сабабли банкдаги омонат пулларини қайтариб олиш учун боришган. Лекин Туронбанк Зангиота филиали ходимлари уларга банкдаги омонат пуллари жойида йўқлигини хабар қилишган.

Шундан кейин улар вазият бўйича Туронбанк АТБга мурожаат қилишган. Мазкур мурожаат юзасидан Туронбанк АТБ Бошқаруви раисининг 2018 йил 17 майдаги буйруғига асосан, Зангиота филиалида хизмат текшируви ўтказиш белгиланади. Филиалда ўтказилган ҳамда Бошқарув раиси томонидан тасдиқланган хизмат текшируви хулосасида, банкнинг IABS электрон дастуридан очиб кўрилганда, 2010 йил 28 феврал куни 2009 йил 2 декабрдаги 010948-сонли квитанция билан Ф.Мусаходжаева номига ҳисоб рақами очилиб, 50 000 АҚШ доллари, З.Мусаходжаева номига очилган ҳисоб рақамига эса 20 000 АҚШ доллари кирим қилингани, 2010 йил 1 март куни эса Ф.Мусаходжаева номига ёзилган 015973-сонли чиқим касса ордери билан 50 000 АҚШ доллари, З.Мусаходжаева номига ёзилган 015976-сонли чиқим касса ордери билан эса 20 000 АҚШ доллари чиқим қилингани маълум бўлгани ёзилади.

Суд материалларида келтирилишича, ушбу чиқим касса ордерлари банк бош бухгалтери томонидан имзоланган ҳамда унда кўрсатилган суммани олгани тўғрисидаги мижоз имзоси ҳам мавжуд бўлган.

Кейинчалик, суд томонидан 2010 йил 1 мартдаги 015973-сонли ва 015976-сонли чиқим касса ордерларидаги имзоларнинг даъвогарларга тегишли экани масаласини аниқлаш мақсадида иш бўйича суд-хатшунослик экспертизаси тайинланган. Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2019 йил 15 майдаги хулосасида Туронбанк Зангиота филиалининг 2010 йил 1 мартдаги 015973-сонли ва 015976-сонли чиқим касса ордерлари нусхасидаги имзолар даъвогар (Мусахўжаева)ларга тегишли эмаслиги кўрсатилган.

Туронбанк АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари имзолаган жавоб хатида уларнинг пулларини номаълум одамлар ечиб олиб кетгани, бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари ва пулларини шу одамлардан ундиришлари лозимлиги билдирилган.

«Ахир, буни қандай тушунса бўлади – биз оддий фуқаролар давлат банкига ишониб, ўз уйимиздан ҳам ишончли жой деб билиб, ҳалол жамғарган пулларимизни омонатга топширсагу, лекин қайтариб олишга келганда, давлат банкининг бундай жавоби одамни ҳайратга солади. Бундан кейин банкларга ким ишонади-ю, ким ўз пулларини омонатга қўяди?» – дейди З.Мусахўжаева.

Жавоб хатидан тушуниш мумкинки, мазкур вазиятда банк раҳбарияти жавобгарликни ўз зиммасига олмаслигини билдирган.

Бунга кўнмаган қайнона-келин омонат пулларини банкдан ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилишган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 10 июндаги ҳал қилув қарори билан Туронбанк Зангиота филиали ҳисобидан уларга жами 851 357 000 сўм миқдордаги омонат пулини ундириш белгиланган.

Маълум бўлишича, Туронбанк Зангиота филиалининг валюта бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Р.М. омонатчиларнинг имзоларини қалбакилаштириб, 2010 йилда уларнинг ҳисобидаги омонат пулларини ечиб олиб кетган. Кейинроқ эса унинг ўзи ишдан бўшаб кетган.

Мурожаатчиларнинг айтишича, Туронбанк филиали уларнинг омонат пулларини бермаслик учун бу пулларни уларга банк эмас, банкнинг собиқ ходими Р.М. қайтариши ҳақида турли судларга ва прокуратура органларига аризалар ёзиб келган. Банкнинг ҳар бир аризаси бўйича МИБдаги ижро иши тўхтатиб қўйилаверган.

Банкнинг аризалари бўйича воқеалар ривожи қуйидагича кечган:

1) Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 10 июндаги ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти киритилган. Апелляция суди 2019 йил 23 июлдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирган.

2) Банк томонидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг ажрими устидан Олий судга назорат тартибида шикоят киритилади. Олий суднинг 2020 йил 6 апрелдаги ажрими билан банк аризаси рад қилинган ва суд қарорлари ўз кучида қолдирилган.

3) Бу орада Туронбанк омонат пулларини ноқонуний олиб кетган собиқ ходимларига нисбатан қонуний чора кўриш ва пулни ундириб бериш учун прокуратура органларига мурожаат қилган. Зангиота туман прокуратурасида Туронбанк Зангиота филиали собиқ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси учинчи қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Лекин жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани боис 2019 йил 13 декабрдаги қарор билан жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.

4) Туронбанк Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига омонатчиларга қарши 2009 йил 2 декабрда очилган 022333-сонли ва 022334-сонли омонат дафтарчаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида даъво аризаси киритган. ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2020 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори билан банкнинг аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.

5) Туронбанк Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти киритган. Апелляция инстанциясининг 2020 йил 17 мартдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, ўз кучида қолдирилган.

6) Туронбанк тергов натижасидан ва айбловдан келиб чиқиб, ФИБ Тошкент шаҳар судига «ФИБ Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 10 июндаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиб, ишни қайта кўриш ҳақида» ариза берган. ФИБ Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 26 декабрдаги ажрими билан банк аризаси рад қилинган ва ҳал қилув қарори тўғри чиқарилган деб топилган.

7) Туронбанк ФИБ Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 26 декабрдаги ажрими устидан апелляция шикоятини киритган. Апелляция судининг 2020 йил 7 февралдаги ажрими билан ФИБ Тошкент шаҳар судининг ажрими ўз кучида қолдирилган.

8) Туронбанк Зангиота филиали туман прокуратурасининг жиноят ишини тугатиш ҳақидаги 2019 йил 13 декабрдаги қарори устидан юқори ташкилотларга шикоят қилган. Юқори турувчи прокуратуранинг ташаббуси билан ушбу қарор бекор қилиниб, собиқ банк ходимларига нисбатан жиноят иши тергови қайта тикланган.

 

Вазият юзасидан изоҳ олиш мақсадида Туронбанк Зангиота филиали билан боғланганимизда банк вакиллари агарда банк айбдор бўлса, жавобгарликни зиммаларига олишга тайёр эканликлари, бироқ ҳозирда Зангиота туман прокуратураси томонидан жиноят иши бўйича қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани, хусусан, аввалги терговда Р.М. омонат пулларини омонатчиларга қайтариб бергани тўғрисида кўрсатма бергани туфайли мазкур кўрсатма тергов жараёнида исботини топиш-топмаслигига қараб бир қарорга келишларини билдиришди. Агар Р.М. пулларни омонатчиларга қайтариб бергани исботини топса, бунинг орқасидан фуқаролик суди чиқарган ҳал қилув қарорини бекор қилинишига эришмоқчиликларини баён қилишди.

Шу ўринда савол туғилади: бир эмас бир нечта суд қарорлари мавжуд бўла туриб, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани омонатни қайтармасликка сабаб бўла оладими?

Омонат пулини банкнинг мансабдор шахси ўзлаштириб кетганидан қатъи назар, ушбу ҳолатда омонатчилар олдидаги жавобгарликни ўзлаштирганлар эмас, балки банк ўз зиммасига олиши керак. Чунки Фуқаролик кодексининг 989-моддасига кўра, юридик шахс ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплаши белгилаб қўйилган.

Мажбурий ижро бюроси Зангиота туман бўлимининг тегишли суд қарорлари бўла туриб ижрони таъминламаётганининг ўзи алоҳида мавзу. Шу боис бу масалага навбатдаги тайёрланаётган мақоламизда батафсил тўхталамиз.

Маълумот учун: Акциядорлик жамияти шаклидаги «TURONBANK» акциядорлик тижорат банки акцияларининг 18 фоизи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, 11 фоизи Давлат активларини бошқариш маркази ДУК, 64 фоизи Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда 7 фоизи бошқа шахсларга тегишлидир.

Умид қиламизки, фуқароларда банк тизимига нисбатан ишончсизлик кайфиятининг уйғонишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва «TURONBANK» АТБнинг таъсисчилари (акциядорлари) эътиборсиз қолдирмайдилар.

Мавзу юзасидан суриштирувларни давом эттирамиз.

Аббос Салайдинов
Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид