Ўзбекистон | 17:05 / 26.07.2020
49247
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ва водий вилоятларидаги пандемик вазият алоҳида хавотир уйғотмоқда — Беҳзод Мусаев

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев эпидемиологик жиҳатдан ҳукуматда юқори хавотир уйғотаётган ҳудудларни санаб ўтди.

«Бизда ҳадик уйғотаётган ҳудудлардан бири – Сурхондарё вилояти. Чет давлатлардан келаётган машина ҳайдовчиларимиз орасида аниқланиб, аҳоли орасида тарқалиб кетмоқда.

Андижон вилоятида ҳам хавотиримиз кўп. Ўзи умуман, водийда аҳоли жуда зич жойлашган учта вилоят бўлгани учун бу ерда қаттиқ эҳтиёткорлик талаб этилади», деди Мусаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Ҳукумат вакили даволаш муассасалари ҳақида ҳам маълумот берди.

«Ҳозирда Тошкент шаҳрида COVID-19 беморларини даволаш билан шуғулланаётган муассасалар сонини 19тага етказдик. Шунингдек, Зангиота туманида 1200 ўринли марказ ишга туширилган эди, яна 508та ўрин яратилди. Шу кунларда яна 1000та қўшимча ўрин яратиш режалаштирилмоқда. У ердаги ҳар бир хона кислород таъминоти ва бошқа керакли тиббиёт жиҳозлар билан таъминланган.

«Ўзэкспомарказ»даги тақсимлаш марказида жойлар сони 3500тага етказилмоқда. Тошкент вилоятидаги тақсимлаш маркази сиғимини ҳам 3500тага етказиш устида иш олиб борилмоқда», деди Беҳзод Мусаев.

Мавзуга оид