Ўзбекистон | 23:49 / 28.07.2020
12354
4 дақиқада ўқилади

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра Ўзбекистонда аҳолининг 12-15 фоизи камбағал» – вазир ўринбосари

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқовга кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар Ўзбекистонда аҳолининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағал эканини кўрсатмоқда.

Акмалхон Ортиқов / Фото: Халқаро пресс-клуб

Камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан маълумот берган вазир ўринбосари Ўзбекистонда одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги ва камбағаллиги узоқ йиллар «ёпиқ мавзу» бўлиб келганини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, у пандемия даврида аҳолининг ночор қисми қандай қўллаб-қувватланаётгани ҳақидаям маълумот берди.

«Аҳолининг ночор қисмига кўмак бериш мақсадида комлекс ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилган, вазирлар, ҳокимлар ва секторлар раҳбарларининг вазифалари белгилаб берилган. Лекин пандемия кўп соҳаларда иш ўринларини яратишга, камбағалликка қарши курашишга катта зарар етказиб келяпти. Унинг таъсирини юмшатиш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди. Унинг доирасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига асосан, карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилаларга, якка ёлғиз ва ногиронларга ҳамда ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган 321 мингга яқин оилаларга 127 млрд 700 млн сўмдан зиёд маблағлар сарфланди.

Ҳудудлардаги сектор раҳбарлари бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан май-июнь ойларида эҳтиёжманд оилаларга мансуб 233 мингга яқин фуқароларимизга даромад манбаини яратиш чоралари кўрилди. Ҳукумат томонидан коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг «Вақтинчалик тартиби» ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, «Саховат дафтари»га киритилган оилалар билан манзилли ишлаш ва уларни камбағалликдан чиқаришнинг аниқ тартиб ва режалари кўрсатиб берилди», дея Акмалхон Ортиқовнинг сўзларидан истибос келтирмоқда вазирлик ахборот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилнинг июль-октябр ойларида муҳтож оилаларнинг яна 257 мингга яқин меҳнатга лаёқатли қисмини даромад манбаи билан таъминлашга эҳтиёж бор.

«Бунинг учун жойлардаги 4 та сектор раҳбарлари иқтисодий комплекс ташкилотлари билан оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, жамоат ишларига жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш тизими, инвестиция комплекси билан мавжуд ва янгидан ишга туширилаётган корхоналарга жойлаштириш қишлоқ хўжалиги мажмуи билан соҳадаги корхоналарга, ғалладан бўшаган майдонларга сердаромад экинларни экишига ёрдам бериш орқали, қурилиш ташкилотлари билан бюджет маблағларига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектларга ва бугун ипотеканинг янги тартибида амалга оширилаётган уй-жойлар қурилишида бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Албатта, мазкур чораларнинг ижроси бўйича қатъий мониторинг тизими ўрнатилган.

Камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш кундалик ишларимиз бўлса, олдимизда халқаро молия институтлари, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг экспертлари билан камбағалликни қисқартиришнинг концептуал ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси турибди», дейилади Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг расмий хабарида.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг 2030 йилгача стратегияси ва концепцияси тайёрланмоқда. Унда камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усуллари, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой таъминоти ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид