Ўзбекистон | 07:39 / 10.08.2020
8258
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ва хорижда ҳужжатларни консуллик легаллаштириш тартиби очиқланди

Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартиби тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низом хориждаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан хорижда ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан Ўзбекистон Республикасида ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартибини белгилайди.

Ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш ҳужжатлардаги ҳамда далолатномалардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатни ёки далолатномани имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини ҳамда бу ҳужжатлар ва далолатномаларнинг хорижий давлат ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир. Консуллик томонидан ҳужжатлар ва далолатномаларнинг легаллаштирилиши уларнинг халқаро муносабатлардаги қонунийлигини тасдиқлайди.

Консуллик легаллаштириш ҳужжат ёки далолатномада баён этилган фактларни эмас, балки фақат уларни имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир.

Консуллик легаллаштириш функциясини:

а) хорижий давлатларда — Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари;

б) Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти бажаради.

Хорижий давлатларда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш функциялари консуллик мансабдор шахсига юклатилади.

Агар бирор-бир сабабга кўра консул ўз функцияларини бажара олмаса ёки консул лавозими вақтинчалик бўш бўлса, консулнинг вазифалари хорижий давлат ҳудудида жойлашган мазкур ёки бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахсига ёки ушбу давлат ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг дипломатик ходимларидан бирига топширилади.

Ўзбекистон Республикасида ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш функциялари Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментининг ходимларидан бирига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси муассасалари ва ташкилотлари чет давлатнинг муассасалари ҳамда ташкилотларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномаларни улар консуллик томонидан легаллаштирилган тақдирдагина, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда муассасалари ва ташкилотларидан мазкур ҳужжатлар ва далолатномалар жўнатиладиган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

Консул консуллик округидаги ҳокимият органлари вакиллари иштирокида тузилган ёки ушбу ҳокимият органларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштиради.

Консул чет элнинг расмий ҳужжатини легаллаштиришни амалга ошириши учун зарур ҳолларда мазкур ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги ёки бошқа тиллардаги нотариал тартибда тасдиқланган таржимасини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.

Хорижда ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ваколатига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси ташкилот ва муассасалари томонидан бундай ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончномаларни ҳамда ушбу ташкилот ва муассасалар фаолияти билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни легаллаштириш Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан амалга оширилади.

Агар хорижий давлат қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва муассасалари томонидан расмийлаштирилган ва хорижий давлат ҳудудида фойдаланишга мўлжалланган ҳужжатлар ва далолатномалар легаллаштирилиши талаб этилса, улар легаллаштирилиши лозим.

Агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан расмийлаштирилган ва Ўзбекистон Республикасида фойдаланишга мўлжалланган ҳужжатлар ва далолатномалар легаллаштирилиши талаб этилса, улар легаллаштирилиши лозим.

Қуйидаги ҳужжатлар ва далолатномалар консуллик легаллаштирилмайди:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлган;

ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган;

нотўғри расмийлаштирилган;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотлар мавжуд бўлган.

тозалашлар, қўшимча ёзувлар ёки қайд этилмаган тузатишлар, шунингдек қалам билан ёзилган ёзувлар мавжуд бўлган;

бир неча варақларда тузилган, лекин тартиб рақами қўйилмаган, тикилмаган, ҳужжат ёки далолатномани тақдим этган ташкилотнинг муҳри ва мансабдор шахснинг имзоси билан шаҳодатланмаган бўлса;

ҳужжатларга имзо факсимиледа қўйилган бўлса.

Шунингдек, паспорт, партияга мансублик ҳақидаги ҳужжатлар, касаба уюшмаси чипталари, ҳарбий билетлар, миллий намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатлар, тоифа ёки диний эътиқодга мансублик ҳақидаги ҳамда фуқаролик муомаласидан чиқарилган мол-мулк ҳужжатларининг асли ва нусхалари легаллаштирилмайди.

Агар ҳужжатга ёки ушбу ҳужжатга бириктирилган вараққа апостиль қўйилган бўлса, бу ҳужжатни легаллаштириш талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг ташкилотлари ва муассасалари апостиль қўйилган ҳужжатларни, агар апостиль Ўзбекистон Республикаси билан муносабатларда чет элнинг расмий ҳужжатларини легаллаштиришга доир талабни рад этадиган Конвенция қўлланиладиган чет давлатнинг ваколатли органи томонидан қўйилган бўлса, қабул қилиши шарт.

Мавзуга оид