Ўзбекистон | 17:33 / 14.08.2020
5614
2 дақиқада ўқилади

​Сўхлик ёшларга президент совғаси сифатида спорт инвентарлари етказиб берилди

8 август куни Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид президент қарори қабул қилинган эди.

Бугунги кунда туманда 80 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 20 минг нафарга яқинини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Аммо, шу пайтга қадар бу тумандан терма жамоа даражасидаги бирор спортчи етишиб чиқмаган. Бунинг асосий сабаби – ҳудуднинг спорт инфратузилмаси қониқарли эмаслиги ҳамда инвентарлар билан етарли даражада таъминланмагани эди.

Шу кунларда Сўх туманида жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда иқтидорли спортчиларни тарбиялаб, миллий терма жамоалар даражасигача олиб чиқиш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда туман ёшлари учун янги спорт иншоотларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ҳамда уларни етарли даражада спорт жиҳозлари ва инвентарлари билан таъминлаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, Сўх туманида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш бўйича мақсадли режа ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида тумандаги спорт иншоотлари учун жами 30 турдан ортиқ умумий қиймати эса 600 миллион сўмлик Президент совғаси – спорт жиҳозлари ва инвентарлари етказиб берилди.

Таъкидлаш керак, туман ёшлари учун кўп йиллардан бери жисмоний тарбия ва спорт жиҳозлари етказиб берилмаётган эди. Натижада, маҳаллий ёшлар спорт борасида ўз иқтидори ва истеъдодини намоён этишда муаммоларга ҳам дуч келишаётган эди. Негаки, спорт жиҳози етишмагач, спортчининг маҳорати ўсмайди, кўрсаткичлари ҳам пасайиб кетади. Умид қиламизки, давлат даражасидаги бу каби эътибор спортчи ёшларнинг янада фаол бўлишига ва яқин давр ичида улар орасидан нафақат Ўзбекистон, балки Осиё ва жаҳон чемпионлари ҳам етишиб чиқишига хизмат қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Мавзуга оид