«Хусусий университет очишни рағбатлантириш учун алоҳида қонун керак» — математик Эркинжон Каримов
Физика-математика фанлари доктори Эркинжон Каримов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида минглаб ўзбек ёшлари қўшни давлатлар ОТМларида ўқиётгани, ваҳоланки Ўзбекистон хусусий университетлар учун жозибали бозор экани ҳақида сўз юритади. «Бунинг учун барчага баробар қонуний асос яратишнинг ўзи кифоя», дейди у.
Бу йил 1,5 миллионга яқин абитуриент олий таълим олиш учун хужжат топширди. Қабул қилинадигани – тахминан 150 минг. Бундан ташқари, кунда-кунора рекламаларга кўзимиз тушмоқда: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги ОТМлар ҳам ўзбек ёшларини «овлашга» тушиб кетди.
Хабарингиз бор, жорий йил аввалида қўшни давлатларда ўқиётганларни қайтариш бўйича (шошилинч қилинган бўлса-да) яхши қарор қабул қилинди. Ижрони яхши эплолмадик, назаримда. Унданам ачинарлиси, юртдошларга бир ёлғон умид бериб қўйдик. «Бу йил қўшни давлатда ўқиб турсак, кейинги йили ўзимизга кўчириб оламиз», деб имтиҳонсиз қабул қилаётган турли қўшни давлатлар университетларига ўқишга кираётган юртдошларимиз сони кундан кунга кўпаймоқда.
Ҳар бир талаба бўлиш орзусидаги юртдошимиз 1000 доллардан тўлов қилса ҳам, 100 минг одам қўшни давлатда ўқиган тақдирда 100 млн долларни шундоқ қўшни давлатларга чиқариб беряпмиз. Имтиҳонсиз қабулни реклама қилаëтган ОТМларда таълим сифати юқори бўлса ҳам майли эди.
Мен ҳозир ўқишга кира олмаганларнинг 1/10 қисми ҳақида гапирдим, холос. Рақам 5 баробар ëки унданам ҳам кўп бўлиши мумкин. Шунда фақат ўқиш тўлови учунгина ярим миллиард долларни «совға» қилаётган бўламизми?
Ваҳоланки, бу йил аксарият университетлар онлайн таълим бермоқчи. Ҳали юртдошларимиз у университетларга бориб ўқишни бошласа, қанча маблағлар четга оқиб кетишини тасаввур қилаверинг. Минг азоб билан топилган бу пуллар олий таълимни ташкил қилишни эплолмаганимиз сабабли яна четга чиқиб кетавериши устида, албатта, масъуллар бош қотириши шарт.
Хўш, нима қилишимиз керак?
Аввало, хусусий ОТМлар очилиши ва фаолият юритиши учун ягона қонун яратилиши шарт. Турли қонуности ҳужжатлари орқали бир тўда шахслар томонидан бу жараëн манипуляция қилинишига йўл қўйилмаслиги лозим. Ҳар бир хусусий университет учун Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқарилиб, шубҳали тарзда ерлар, бинолар берилиши тўхтатилиши зарур.
Биз айни пайтда хусусий ОТМлар учун жуда ҳам жозибадор бозормиз. Барча учун баробар ишлайдиган қонуний асос яратишнинг ўзи кифоя.
Ҳукуматдаги айримлар эса бизни бошқа нарсага ишонтирмоқчи: гўёки махсус имтиёзларсиз бу йўналишда инвестицияларни Ўзбекистонга жалб қилиб бўлмасмиш. Эртакчилик даври тугади. Турли сунъий тўсиқлар яратиб, бунинг ортидан мўмай даромад кўришлар нафақат таълим, балки бошқа кўплаб соҳаларда ҳам удумга кирган. Бунга тоқатсиз бўлишимиз керак, аслида.
Шунингдек, давлат университетлари кўпроқ сондаги талабаларни ўқитиш борасида моддий базалари, ўқитувчилар сонини оширишга маблағ йўналтириши, рағбатлантирилиши керак.
Бу ўқув йили онлайн тарзида бўлиши режалаштирилаëтган экан, нега кўпроқ талабаларни ўқита олмаймиз? Ўқитувчилар кам бўлса, ишга олайлик. Керак бўлса, қўшни мамлакатлардаги кадрлардан фойдаланайлик. Бунинг учун аввало нима керак? Албатта, истак-хоҳиш ва ОТМларга бериладиган эркинлик.
Лекин ОТМларимиз буни эплай олармикан, таълим сифати тушиб кетиши, коррупция ҳолатлари кўпайиши эҳтимоли қандай, деган ўринли саволлар пайдо бўлади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкинми? Албатта, мумкин. Бунинг учун бизда таълим назорати инспекцияси бор, коррупцияга қарши курашувчи бир нечта ташкилотларимиз бор.
ОТМларни марказлашган тарзда бошқараман, деб замонга мослашишни қийинлаштираëтган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ваколатларини камайтириш керак. ОТМларимизга виждонли раҳбарлар келишини таъминлаш учун раҳбарлар тайинлаш тизимини шаффоф қилайлик. ОТМлар харажатлари шаффоф бўлсин. Нафақат виждонли, балки ОТМларни ривожлантириш борасида аниқ тасаввурларга эгаларни раҳбарликка қўяйлик. Бундайлар орамизда бор, фақат уларга ҳозирги мавжуд кадрлар саралаш тизими призмасидан эмас, тубдан янги кадрлар тизими яратиб қидириш керак.
Асосий мақсаддан чалғимайлик-да, тез фурсатда қўшимча ўринлар яратиш, таълимни онлайн ташкил қилишга кўпроқ ресурслар жалб этиш, қоғозбозликка чалғимасдан ОТМларга қўшимча кадрлар жалб этиш устида ишлайлик. Яқинда бошланувчи имтиҳонлар ва уларнинг натижасини кутиб, катта ўлжа илинжида турган имтиҳонсиз қабул билан ўзига жалб қилаëтган турли университетлар чангалига ёшларимизни ташлаб қўймайлик.
Қаерда, қандай таълим олиш, албатта, инсоннинг ўз истаги, уларни мажбурлаш фикридан йироқман. Лекин уларга ўз юртида сифатли таълим олиш имкониятини ҳам яратиб қўйилса, айни муддао бўларди.
Умид қиламанки, имкон борида бу йўналишда ижобий натижа учун ҳаракат бошланади.
Эркинжон Каримов,
физика-математика фанлари доктор
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024