Ўзбекистон | 16:53 / 15.09.2020
27253
3 дақиқада ўқилади

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

Қонундан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланмоқда.

Бугун, 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Адлия вазири Русланбек Давлетов парламентга «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини тақдим қилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

«Русланбек Давлетов Қонун лойиҳасининг ҳозирги кундаги долзарблиги ҳақида тўхталар экан, ўтган давр мобайнида фуқароларнинг диний эътиқодини амалга оширишда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, диний таълим олишни ва диний ташкилотларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, динлараро ва миллатлараро низоларни келиб чиқишини олдини олишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Ушбу Қонун лойиҳасининг асосий мақсади виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат», – дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Киритилаётган ўзгаришларга асосан, аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланмоқда.

Амалдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, диний ташкилот тузиш учун ташаббускорлар сони 100 нафар бўлиши талаб этилган бўлса, киритилаётган ўзгартишга асосан эндиликда маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун 50 нафар ташаббускор етарли ҳисобланади.

Қонунга киритилаётган янгиликлардан бири – диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилмоқда, хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилмоқда, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор бўлмоқда, давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.

Аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита қонун лойиҳасида кўзда тутилган янгиликларни батафсил санаб ўтган эди.

Қонун Сенат томонидан маъқулланиб, сўнг президент имзолагач, расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.

Мавзуга оид