Жаҳон | 20:13 / 27.09.2020
8597
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда Арманистон билан қарама-қаршилик ортида интернетдан фойдаланиш чекланди

Фото: Armenian Defense Ministry Press Service/PanPhoto via AP

Озарбойжон транспорт, алоқа ва юқори технологиялар вазирлиги мамлакатда интернетдан фойдаланишга чеклов киритди. Вазирликда таъкидланишича, бу Арманистон томонидан содир этилиши мумкин бўлган катта кўламли иғвогарликлар олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

27 сентябрда Тоғли Қорабоғда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида жанговар ҳаракатлар бошланди.

“Бизда уруш. Интернет узиб қўйилди, мессенжер ва ижтимоий тармоқлар ишламаяпти”, деб маълум қилган Озарбойжон пойтахти Бокуда яшовчи фойдаланувчилардан бири.

Озарбойжон алоқа вазирлигида фуқаролар ҳарбий ҳаракатлар шароитида ушбу чекловларга тушуниш билан қарашларига умид билдирилган.

Бундан ташқари, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев республиканинг бир қатор шаҳарлари ва ҳудудларида ҳарбий ҳолат киритилишини тасдиқлаган. Шунингдек, 28 сентябрдан комендантлик соати жорий қилинади.  

Аввалроқ Озарбойжон мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучлари Тоғли Қорабоғ билан туташув чизиғидаги аҳоли пунктларини ўққа тутганини, бунинг оқибатида тинч аҳоли орасида йўқотишлар борлигини маълум қилган. Бу орада Арманистоннинг таъкидлашича, Тоғли Қорабоғ Озарбойжон армияси томонидан ҳаво ва ракета ҳужумларига учраган.

Мавзуга оид