Ўзбекистон олтин-валюта захираси ўзгариши: хорижий валюта захиралари ошди ва олтин соф ҳажми камайди
Жорий йил сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг расмий олтин-валюта захиралари ҳажми йил бошига нисбатан қарийб 20 фоизга ёки 5,4 миллиард долларга кўпайиб, 34,6 миллиард долларни ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими Ҳалилуллоҳ Ҳамидов тайёрлаган ҳисоботда таъкидланишича, бунда, олтин миқдори 16,3 миллиард доллардан 18,8 миллиард долларга етди. Хорижий валютадаги захира активлари эса 15,44 миллиард доллар, СДР ҳажми 376 миллион доллар эквивалентини ташкил этган.
Маълумот учун, СДР (Special Drawing Rights) – Халқаро валюта жамғармаси томонидан 1969 йилда ташкилотга аъзо давлатларнинг расмий захираларини тўлдириш учун яратилган халқаро захира активи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари
млн. АҚШ долл.
Мазкур даврда олтин захиралари соф ҳажми йил бошига нисбатан 37 тоннага (ёки 1,19 миллион трой унцияга) камайди. Чунки, 2020 йил 8 ойда 5,8 миллиард долларлик олтин экспорт қилинди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, август ойида жаҳон бозорида олтин нархи рекорд даражага кўтарилган бир пайтда рекорд миқдорида олтин экспорт қилинди.
2020 йил 6 август куни Лондон вақти билан соат 15:00 ҳолатига, Лондон олтин бозорида 1 трой унция олтин нархи йил бошига (1 минг 514 АҚШ доллар) нисбатан 36,5 фоизга ошиб, 2 минг 67 АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йил январь-июль ойларида 3,3 миллиард долларлик олтин экспорт қилинган бўлса, август ойининг ўзида олтин экспорти 2,5 миллиард долларни ташкил этди.
Лондон олтин бозорида олтин нархи
(Лондон вақти билан соат 15:00 ҳолатига, АҚШ долл.)
Мазкур даврда олтин экспортидан тушумнинг рекорд даражада кўпайиши натижасида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибида хорижий валютадаги захира активлари ҳажми қарийб 3 миллиард АҚШ долларига (12,5 миллиард АҚШ долларидан 15,44 миллиард АҚШ долларигача) ошди.
Мазкур маълумотлардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки,
2020 йил 1 сентябрь ҳолатига олтин-валюта захиралари ҳажмининг
5,4 миллиард долларга кўпайишининг 89 фоизи (4,85 миллиард АҚШ доллари) олтин нархининг (йил бошига нисбатан 29 фоизга ёки
443 АҚШ долларига) ошиши натижасида соф олтин миқдорини қайта баҳолашлар ҳиссасига тўғри келди.
Бунда, энг катта ўзгариш июль ойида рўй берди. Мазкур ойда олтин нархининг сезиларли даражада кўтарилиши олтин-валюта захираларининг (олтин қолдиғини қайта баҳолашлар ҳисобига)
1,99 миллиард долларга ошишига сабаб бўлди. Шунингдек, таъкидлаш лозимки, 2020 йил январь-август ойларида олтин захираси соф ҳажмининг камайиши олтин-валюта захиралари умумий ҳажмига 2,4 миллиард доллар (август ойининг ўзида салкам 2 млрд. АҚШ доллари) миқдорида камайтирувчи таъсир кўрсатди.
Ўзбекистон олтин-валюта захираси ўзгариши
млн. АҚШ долл.
Ушбу рақамлар шундан далолат берадики, 2020 йил январь-август ойларида олтин-валюта захираларининг ошиши асосан жаҳон бозорида олтин нархининг сезиларли даражада кўтарилиши ҳисобига рўй берди.
Тадқиқотчи Ҳамидов фикрича, мазкур даврда олтин соф ҳажмининг 37 тоннага камайиши кенг жамоатчилик орасида Ўзбекистон олтин-валюта захираси камайди деган хулосага олиб келмаслиги лозим. Олтин нархининг рекорд даражада кўтарилишини ҳисобга олган ҳолда, олтин захирасининг маълум бир қисми монетар олтин кўринишидан валюта кўринишига ўтди. Бу эса олтин нархи ўзининг энг юқори чўққисидан қайтаётган даврда энг мақбул ечимлардан ҳисобланади.
Мавзуга оид
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024