Жаҳон | 04:31 / 06.10.2020
119320
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда намойишчилар Алмазбек Атамбоевни озодликка чиқаришди

Фото: 24.kg

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев озодликка чиқарилган. Бу ҳақда «РИА Новости» ёзмоқда.

Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган қирғизистонликлар намойишга чиқишганди. Вазият жиддий тус олиб, намойишчилар Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси биносининг дарвозасини синдириб, ичкарига киришган. У ерда мамлакат собиқ президенти Алмазбек Атамбоев сақланаётганди.

Олдинроқ намойишчилар парламент биносига ҳам бостириб киришган. Хавфсизлик қўмитаси биносига кириб борган намойишчилар Алмазбек Атамбоевнинг озодликка чиқарилишини талаб қилишган. Маълум бўлишича, уларнинг талаби бажарилган ва собиқ президент қўйиб юборилган.

Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловларида давомад 56,5 фоизни ташкил қилган ва у ўтказилган деб топилганди. Сайлов натижаларига кўра, фақат «Биримдик», «Мекеним Киргизстан», «Киргизстан» ва «Бутун Киргизстан» партиялари етарли овоз тўплай олган. Сайловда қатнашган 12 партиядан 11 таси натижаларни тан олмаган. Ҳукмрон «Биримдик» партияси эса қайта сайловлар ўтказишга рози бўлган.

Маълумот учун, 2019 йил августда қўлга олинган Алмазбек Атамбоев бир қатор жиноятларда айбланиб, 11 йил-у 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Унга қўйилган асосий айблов сифатида криминал Азиз Батукаевни озодликка чиқариш келтирилганди. 2013 йилда 16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Батукаев муддати якунланмай туриб озодликка чиқарилган. Атамбоев президентликдан кетгач, бу иш борасида текширув бошланди. Атамбоев айбини тан олмагач, ҳарбийлар унинг уйига бостириб кириб, қўлга олишганди.

Интернетда Атамбоевнинг озод қилинишидан олингани айтилаётган видеолар тарқалди. Бишкек кўчаларида минглаб одамлар намойишларда қатнашди. Ҳукумат бу борада расмий маълумот бергани йўқ.

Мавзуга оид